@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

35 йиллик тараққиёт: фуқаролик жамияти олдида қандай вазифалар турибди?

 2026-08-26 20:58:46   |     Просмотров: 1092

2026-йил 26-август куни Тошкент шаҳридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйида “Юксалиш” ҳаракати томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги доирасида “35 йиллик тараққиёт йўли: ишонч, ҳамкорлик, жамоат саломатлиги ва барқарор келажак” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, Олий Мажлис, давлат идоралари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Суҳбат давомида мустақиллик йилларида фуқаролик жамияти соҳасида амалга оширилган ишлар, бугунги муаммолар ва келгусидаги вазифалар ҳақида фикр алмашилди.

Давра суҳбатининг очилиш қисмида “Юксалиш” ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси Бобур Бекмуродов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Гулрух Агзамова, ҳамда Адлия вазирлиги вакили сўзга чиқди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Гулрух Агзамова “Фуқаролик жамияти тараққиёти: 35 йиллик тажриба ва 2030-йилгача устувор вазифалар” мавзусида маъруза қилди.

Маърузада мустақиллик йилларида нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, 2030-йилгача фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун қандай йўналишларга эътибор қаратиш кераклиги муҳокама қилинди.

Суҳбатда жамоат саломатлиги ва ижтимоий масъулият масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилди. Республика Маънавият ва маърифат маркази вакили иштирокидаги сессияда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ҳар бир инсоннинг ўз саломатлигига масъулият билан қараши ва жамиятда бир-бирига бефарқ бўлмаслик маданиятини кучайтириш ҳақида фикрлар билдирилди.

Тадбирнинг энг қизиқарли қисмларидан бири очиқ мунозара бўлди. Унда иштирокчилар ННТлар ва фуқаролик жамияти ривожида эришилган натижалар билан бирга, ҳали ечимини кутаётган масалаларни ҳам очиқ муҳокама қилди.

Жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий, ташкилий ва молиявий имкониятларини кенгайтириш, давлат томонидан берилаётган кўмакни амалий эҳтиёжларга мослаштириш ҳамда давлат идоралари билан ННТлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамиятининг ролини ошириш, жамоатчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва фуқароларнинг муҳим қарорлар муҳокамасидаги иштирокини кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

Давра суҳбатининг амалий натижаларидан бири “Келажак учун 5 таклиф” ташаббуси бўлди. Иштирокчилар фуқаролик жамиятини ривожлантириш, ННТлар имкониятларини кенгайтириш ва давлат ҳамда жамият ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бешта аниқ таклифни ишлаб чиқди.

Билдирилган фикр ва таклифлар умумлаштирилиб, келгусидаги амалий ташаббусларда фойдаланилади.

Тадбир давомида “Жамият қиёфаси” намойиши иштирокчиларига ташаккурномалар топширилди. Якунда қатнашчилар биргаликда суратга тушди ва “Юксалиш” ҳаракати офиси фаолияти билан танишди.

Давра суҳбати мустақилликнинг 35 йили давомида фуқаролик жамияти соҳасида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш, мавжуд тажрибани баҳолаш ва келгуси вазифаларни белгилаш учун муҳим мулоқот майдонига айланди.

Энг муҳими, тадбир давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчилик ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, ижтимоий масъулиятни ошириш ҳамда барқарор келажак учун биргаликда ҳаракат қилиш зарурлигини яна бир бор кўрсатди.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати