@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

ФСТП ва АБCД лойиҳаларини амалга ошириш ва ҳисобот бериш бўйича семинар давом этмоқда

 2026-08-20 21:57:44   |     Просмотров: 906

2026-йил 20-август куни Тошкент шаҳридаги “Шамсан Ҳотел” меҳмонхонасида ФСТП ва АБCД лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда улар бўйича мазмуний ва молиявий ҳисоботларни тайёрлаш масалаларига бағишланган икки кунлик семинарнинг биринчи куни якунланди.

Тадбир “Ўзбекистонда инклюзив жамоатчилик тараққиёти учун фуқаролик жамияти имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Мазкур лойиҳа Конрад Аденауер Жамғармаси (КАС) томонидан “Юксалиш” ҳаракати билан ҳамкорликда, Европа Иттифоқи кўмагида амалга оширилмоқда. 20–21-август кунлари давом этадиган семинарнинг асосий мақсади лойиҳа жамоаларининг ташаббусларни сифатли амалга ошириш, эришилган натижаларни ҳужжатлаштириш, мазмуний ва молиявий ҳисоботларни белгиланган талаблар асосида тайёрлаш ҳамда лойиҳаларни муваффақиятли якунлаш бўйича билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлашдан иборат.

Семинар Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги доирасидаги ташаббуслар билан ҳамоҳанг бўлиб, хусусан, БРМнинг 16-мақсади — тинчлик, адолат ва самарали институтларни ривожлантириш ҳамда 17-мақсади — барқарор ривожланиш йўлида ҳамкорликни мустаҳкамлаш тамойилларига хизмат қилади.

Тадбирнинг биринчи куни давомида иштирокчилар ўз лойиҳаларининг амалга оширилиш ҳолати бўйича тақдимотлар ўтказди. Уларда режалаштирилган ва бажарилган ишлар, давом этаётган фаолиятлар, эришилган натижалар, якунланиши лозим бўлган вазифалар ҳамда ҳисобот тайёрлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Алоҳида сессиялар мазмуний ва молиявий ҳисоботлар ўртасидаги мувофиқлик, лойиҳа харажатларини тасдиқловчи ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш, мониторинг натижаларини ҳужжатлаштириш ҳамда амалга оширилган фаолият ва эришилган натижаларни далиллар билан асослаш масалаларига бағишланди.

Семинарда лойиҳа маблағларидан фойдаланишда шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчиларга ҳар бир харажатни шартнома, ҳисоб-фактура, тўлов ҳужжатлари, далолатномалар, харид ҳужжатлари ва бошқа тасдиқловчи материаллар билан асослаш юзасидан амалий тавсиялар берилди.

Шунингдек, коммуникация ва лойиҳа натижаларининг жамоатчиликка кўринувчанлигини таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Иштирокчилар тадбирларни фото ва бошқа визуал материаллар орқали ҳужжатлаштириш, ахборот материаллари тайёрлаш, лойиҳа натижаларини кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда Европа Иттифоқи ва лойиҳа ҳамкорларининг коммуникация талабларига риоя этиш бўйича тавсиялар билан танишди.

Семинарнинг иккинчи куни эртага асосан молиявий ҳисоботларни тайёрлаш бўйича амалий машғулотларга бағишланади. Лойиҳа раҳбарлари ва бухгалтерлар молиявий ҳисобот пакетларини шакллантириш, бюджет қаторларини тегишли тўлов ҳужжатлари билан боғлаш, харажатларни асослаш ҳамда ҳар бир операция бўйича зарур тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжудлигини текшириш устида ишлайди. Амалий машғулотлар давомида лойиҳа жамоаларига ҳисобот тайёрлашда учраётган камчиликларни аниқлаш, ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва якуний ҳисобот пакетларини белгиланган талаблар асосида шакллантириш бўйича тавсиялар берилади.

Маълумот учун, “Ўзбекистонда инклюзив жамоатчилик тараққиёти учун фуқаролик жамияти имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси фуқаролик жамияти ташкилотларининг институционал ва дастурий салоҳиятини мустаҳкамлаш, аёллар ва ёшларнинг жамоат ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш, инклюзив маҳаллий ривожланишни қўллаб-қувватлаш ҳамда фуқаролик жамияти ва давлат институтлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган. Лойиҳа Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида амалга оширилмоқда.

Семинар фуқаролик жамияти ташкилотларининг лойиҳаларни бошқариш, мониторинг қилиш ва натижаларни баҳолаш бўйича амалий салоҳиятини ошириш, грант маблағларидан мақсадли ва шаффоф фойдаланишни таъминлаш ҳамда маҳаллий ташаббусларнинг барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати