@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ёшлар ислоҳотларда фаол иштирок этишга тайёр

 2026-06-30 16:30:19   |     Просмотров: 1200

30-июнь — Ёшлар куни муносабати билан “Юксалиш” ҳаракати Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти билан ҳамкорликда ўтказилган тадқиқот натижаларини эълон қилади. Тадқиқот ёшларнинг ислоҳотлар жараёнида қанчалик фаол иштирок этаётгани, уларнинг фикри қарорлар қабул қилишда қай даражада инобатга олинаётгани ва фаолликка нима тўсқинлик қилаётганини ўрганишга қаратилди.

Сўровда республиканинг барча ҳудудларидан 4 581 нафар респондент иштирок этди. Уларнинг 87,7 фоизи 18–30 ёшдаги ёшлардир. Шунингдек, 28 та фокус-гуруҳ муҳокамаси ўтказилиб, 295 нафар ёшнинг фикри ўрганилди. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатмоқдаки, бугунги ёшлар ислоҳотларга бефарқ эмас. Аксинча, улар ўз ҳудуди, маҳалласи ва мамлакати ҳаётида фаол иштирок этишга тайёр.

Ёшлар ахборотни қаердан олмоқда?

Сўров натижаларига кўра, ёшлар ислоҳотлар ҳақидаги маълумотларни асосан рақамли каналлар орқали олмоқда. Телеграм каналлари 64 фоиз билан етакчи ахборот манбаи бўлиб қолмоқда. Инстаграм ва ЁуТубе платформаларини респондентларнинг 48 фоизи, расмий веб-сайтларни эса 40 фоизи кўрсатган.

Ёшлар билан мулоқот қилишда узун ва мураккаб расмий матнлардан кўра, содда постлар, қисқа видеолар, инфографикалар ва Телеграм ботлар самаралироқ ишлайди. Шу билан бирга, айрим муҳим платформалар ҳақида хабардорлик ҳали паст. Масалан, “Менинг фикрим” портали ҳақида респондентларнинг атиги 15,8 фоизи маълумотга эга. 11,4 фоиз ёшлар эса мавжуд дастур ва имкониятларнинг бирортаси ҳақида билмаслигини билдирган.

Демак, имкониятлар бор, аммо улар ҳақидаги ахборот ҳамма ёшга бирдек етиб бормаяпти.

Тадқиқотга кўра, респондентларнинг 31,7 фоизи ўзини “жуда фаол”, 54,7 фоизи эса “ўртача фаол” деб баҳолаган. Яъни сўровда қатнашган ёшларнинг 86 фоиздан ортиғи жамият ҳаётида у ёки бу даражада иштирок этишини билдирган.

Ёшлар энг кўп “Ташаббусли бюджет” жараёнларида қатнашмоқда — 43,7 фоиз. Шунингдек, 31,5 фоиз респондент Ёшлар парламенти ёки маҳалла ёшлар кенгашлари фаолиятида, 25,3 фоизи маҳалла йиғилишлари ва учрашувларда, 21,7 фоизи эса хайрия ва волонтёрлик ҳаракатларида иштирок этган.

Бу натижалар шуни кўрсатадики, ёшлар учун энг муҳим нарса — натижани кўриш. Таклиф бериш, овоз бериш ва унинг амалий самарасини кўриш ёшларни янада фаол қилади.

Респондентларнинг 52,6 фоизи ёшлар давлат ислоҳотларига жуда катта таъсир кўрсата олади, деб ҳисоблайди. Яна 31,3 фоиз респондент ёшлар маълум даражада таъсир кўрсата олади, деган фикрда. Умумий ҳисобда ёшларнинг қарийб 84 фоизи ўз тенгдошлари ислоҳотларга таъсир қила олишига ишонади.

Сўровда қатнашганларнинг 50,4 фоизи ёшлар фикри эшитилиши ва амалда инобатга олинишини билдирган. Бироқ 27,5 фоиз респондент “тадбирлар кўп, лекин таклифлар натижасиз қолади”, деб ҳисоблайди.

Бу жуда муҳим сигнал. Ёшлар фақат тадбирларда қатнашишни эмас, ўз фикри қарорларда акс этишини истайди.

Тадқиқот давомида билдирилган фикрлардан бири буни аниқ ифодалайди:

“Ёшларни тинглашнинг ўзи етарли эмас — уларнинг овози қарорларда акс этишини таъминлаш керак”.

Ёшлар фаоллигига нима тўсқинлик қилмоқда?

Сўров натижаларига кўра, ёшлар иштирокига энг кўп тўсқинлик қилаётган омиллар қуйидагилар:

  • маълумот ва хабардорлик етишмаслиги — 25,5 фоиз;
  • вақт ёки имконият йўқлиги — 23,1 фоиз;
  • иштирок этиш учун аниқ имкониятлар камлиги — 20,8 фоиз;
  • “барибир ҳеч нарса ўзгармайди” деган қараш — 19,9 фоиз;
  • масъуллар ёшлар фикрини жиддий қабул қилмаслиги — 15,9 фоиз.

Бу рақамлар ёшлар сиёсатида фақат тадбирлар сони эмас, ишонч, қулай механизм ва аниқ натижа муҳим эканини кўрсатади.

Ёшларни нима руҳлантиради?

Ёшларни фаолликка ундайдиган энг кучли омил — ўз ҳудуди ёки жамоасидаги муаммони ҳал қилиш истаги. Буни респондентларнинг 46,5 фоизи қайд этган.

38,2 фоиз ёшлар мамлакат ривожига ҳисса қўшишни, 30 фоизи эса тажриба орттириш ва ўзини ривожлантиришни асосий мотивация сифатида кўрсатган. Бу натижалар бугунги ёшлар шунчаки имконият кутаётган авлод эмаслигини кўрсатади. Улар муаммони кўради, ечим таклиф қилишни хоҳлайди ва ўзгаришда иштирок этишга тайёр.

Ёшлар қандай ўзгаришларни хоҳлайди?

Сўровда ёшлар иштирокини ошириш бўйича энг муҳим таклифлар ҳам ўрганилди.

Респондентларнинг 47,4 фоизи давлат органларида ёшлар учун квота ва ваколатли ўринлар белгилаш зарурлигини билдирган. 33,2 фоиз респондент ёшлар учун содда ва қулай рақамли платформалар яратишни муҳим деб ҳисоблайди. 32,2 фоиз ёшлар ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш, 28,1 фоиз эса мактаб ва олий таълимда фуқаролик тарбияси ҳамда сиёсий саводхонликни кучайтириш зарурлигини таъкидлаган.

Бу таклифлар ёшлар қарорлар қабул қилиш жараёнида фақат тингловчи эмас, балки бевосита иштирокчи бўлишни истаётганини кўрсатади.

Хулоса

Тадқиқот натижалари бир муҳим ҳақиқатни кўрсатди: Ўзбекистон ёшлари ислоҳотларга бефарқ эмас. Улар ўз маҳалласи, ҳудуди ва мамлакат ривожи учун фойдали бўлишни хоҳлайди. Бугунги ёшлар учун энг кучли рағбат — бу натижа. Агар улар ўз таклифи орқали реал ўзгаришни кўрса, фаоллик янада ошади. Агар таклифлар жавобсиз қолса, ишонч пасаяди.

Шу боис, сўров натижаларига кўра ёшлар билан ишлашда 3 та йўналиш устувор бўлиши керак:

  1. ахборотни содда ва ёшлар тушунадиган форматда етказиш;
  2. иштирок этиш учун қулай ва очиқ механизмлар яратиш;
  3. ҳар бир таклиф бўйича аниқ жавоб ва натижани кўрсатиш.

Ёшлар ислоҳотларнинг фақат келажаги эмас. Улар бугунги ўзгаришларнинг фаол иштирокчисидир.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати