@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Самарқандда Жамоатчилик маслаҳат кенгашлари учун Ёзги мактаб бошланди

 2026-06-29 19:52:16   |     Просмотров: 1082

Бугун Самарқанд шаҳрида «Самарали маҳаллий бошқарув учун Жамоатчилик маслаҳат кенгашлари» мавзусида Ёзги мактаб ўз ишини бошлади.

Тадбир Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган ҳамда БМТ Тараққиёт дастури, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва “Юксалиш” ҳаракати томонидан амалга оширилаётган «Ўзбекистонда давлат хизматлари кўрсатишни янада такомиллаштириш» лойиҳаси доирасида ташкил этилмоқда.

Ёзги мактабнинг асосий мақсади маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳузуридаги Жамоатчилик маслаҳат кенгашлари фаолиятини жонлантириш, уларнинг амалий салоҳиятини кучайтириш ҳамда жамоатчилик назорати бўйича билим ва кўникмаларини оширишдан иборат.

Тадбирда 7 та пилот ҳудуд, яъни Булоқчи, Ўзбекистон, Булунғур, Учқудуқ, Бухоро, Янгиариқ ва Тахтакўпир туманларидан жами 28 нафар иштирокчи қатнашмоқда. Улар орасида Жамоатчилик маслаҳат кенгашлари аъзолари, туман ҳокимликлари вакиллари, халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари бор.

Ёзги мактабнинг биринчи куни Жамоатчилик маслаҳат кенгашлари ва давлат хизматлари кўрсатиш асосларига бағишланди. Унда Ўзбекистонда давлат хизматлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, маҳаллий даражадаги муаммолар, фойдаланувчига йўналтирилган ва рақамлаштирилган хизматларнинг аҳамияти муҳокама қилинди.

Маълумот учун, лойиҳа доирасида аввал Жамоатчилик маслаҳат кенгашлари аъзолари учун махсус ўқув модули ва тренинглар дастури ишлаб чиқилган. Жорий йилнинг май ойида Фарғона, Бухоро ва Урганч шаҳарларида ҳудудий семинар-тренинглар ўтказилиб, уларда Фарғона, Андижон, Навоий, Самарқанд, Бухоро, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан жами 69 нафар иштирокчи ўқитилган.

Мазкур ташаббус маҳаллий даражада жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳоли ва давлат органлари ўртасида самарали мулоқотни ривожлантириш ҳамда давлат хизматлари сифатини яхшилашга қаратилган таклифларни ишлаб чиқишга хизмат қилади.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати