Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Контент яратиш маркази очилди
19 май куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг юридик факултетида замонавий Контент яратиш марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Марказ Европа Иттифоқи, Конрад Аденауер жамғармаси ва “Юксалиш” ҳаракати ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда инклюзив жамоатчилик тараққиёти учун фуқаролик жамияти имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Тадбирда “Юксалиш” ҳаракати ижрочи директори Асқар Маматханов ҳамда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори Бердияр Жоллибеков иштирок этиб, мазкур ташаббуснинг ёшлар учун аҳамияти, медиа саводхонликни ошириш ва сифатли контент яратиш кўникмаларини шакллантиришдаги ўрни ҳақида фикр билдирдилар.
Контент яратиш маркази ёшларнинг медиа ва рақамли кўникмаларини ривожлантириш, фейк ахборотларга қарши курашиш, ахборотни танқидий таҳлил қилиш ҳамда замонавий коммуникация воситаларидан самарали фойдаланиш салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Марказ, айниқса, юридик таълим йўналишидаги талабалар учун ҳуқуқий билимларни замонавий медиа форматларда оммага етказиш бўйича амалий платформа вазифасини бажаради.
Шунингдек, лойиҳа доирасида юридик клиникалар фаолиятини кучайтиришга қаратилган қатор амалий тренинглар ҳам ташкил этилмоқда. Хусусан, бугун Қарши, Фарғона ва Нукус шаҳарларидаги юридик клиникаларда “Аёллар ҳуқуқлари ва гендер зўравонлигига қарши кураш” мавзусида иккинчи тренинг бўлиб ўтди. Унда маҳаллий экспертлар ва маҳалла вакиллари иштирок этиб, аёлларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмлари, жабрланганлар билан ишлашнинг амалий ёндашувлари ҳамда гендер зўравонлик ҳолатларини олдини олиш ва уларга жавоб бериш усуллари муҳокама қилинди.
Маълумот учун, дастур доирасида аввал Қарши ва Фарғона шаҳарларидаги юридик техникумларда ҳам шундай Контент яратиш марказлари фаолияти йўлга қўйилган эди.
“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати