@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Бобур Бекмуродов Глобал Жануб Нодавлат Ташкилотлари Платформасининг Бош котиби ўринбосари этиб сайланди

 2026-05-14 18:35:37   |     Просмотров: 1321

Айни пайтда Озарбайжон пойтахтида бўлиб ўтаётган БМТнинг 13-Бутунжаҳон шаҳарсозлик форуми (WUF13) доирасида Глобал Жануб ННТ Платформасининг биринчи Бош Ассамблеясида “Юксалиш” ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси Бобур Бекмуродов Платформа Бош котибининг Осиё бўйича ўринбосари этиб сайланди.

Мазкур платформа 2025-йилда қабул қилинган “Боку принсиплари” негизида ташкил этилган бўлиб, дунё бўйлаб юз минглаб нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтларини бирлаштирувчи йирик платформа ҳисобланади. Платформа ўз қамров доирасига Лотин Америкаси, Осиё, Океания ва Африка қитъасидаги ННТларни қабул қилади.

Ушбу платформа дунё ҳамжамияти томонидан нафақат фуқаролик жамияти институтлари учун мулоқот майдони, балки глобал кун тартибига таъсир кўрсатишга қодир халқаро платформа сифатида баҳоланмоқда. Ташкилот 137 мамлакатдаги нодавлат нотижорат институтлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор тажрибаларни алмашиш, халқаро қарорлар қабул қилиш жараёнларида фуқаролик жамияти овозини кучайтиришга хизмат қилади.

Ушбу тайинлов Ўзбекистон фуқаролик жамияти институтларига билдирилган юксак ишонч, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётгани ҳамда ислоҳотлар йўли тобора кенг эътироф этилаётганининг амалий тасдиғидир.

Шунингдек, ушбу ишонч мамлакатимиз нодавлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари учун янги халқаро имкониятлар эшигини очади. Билдирилган ишонч Ўзбекистон тажрибасини кенгроқ майдонда намойиш этиш, Глобал Жануб Нодавлат ташкилотлари Платформасига аъзо мамлакатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва қўшма ташаббусларни илгари суриш учун янги имкониятдир.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати