Фарғона юридик техникумида Контент яратиш маркази очилди
6-май куни Фарғона шаҳридаги юридик техникумда замонавий Контент яратиш марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур ташаббус ёшларнинг медиа саводхонлигини ошириш, уларни танқидий фикрлашга ўргатиш ҳамда фуқаролик жамиятидаги фаоллигини кучайтиришга қаратилган муҳим лойиҳа сифатида эътироф этилмоқда. Марказ Европа Иттифоқи, Конрад Аденауер жамғармаси ва “Юксалиш” ҳаракати ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда инклюзив жамоатчилик тараққиёти учун фуқаролик жамияти имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Лойиҳа учун қарийб 6 минг евро маблагъ ёъналтирилиб, марказ замонавий техника ва жиҳозлар билан таъминланди.
Марказ ёшларнинг медиа ва рақамли кўникмаларини ривожлантириш, фейк ахборотларга қарши курашиш ҳамда сифатли контент яратиш салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Бу ерда ёшлар ҳуқуқий ва рақамли билимларини мустаҳкамлаш билан бирга, атроф-муҳит барқарорлиги ва гендер тенглиги каби долзарб мавзуларда медиа материаллар тайёрлаш бўйича амалий тажриба орттирадилар. Эслатиб ўтиш жоизки, лойиҳа доирасида 4-май куни Қарши шаҳридаги юридик техникумда ҳам шундай марказ фаолияти йўлга қўйилган эди.
Тадбир давомида сўзга чиққан Бобур Бекмуродов бугунги кунда дезинформация ва ёлғон ахборотлар оқими кучайиб бораётганини таъкидлаб, бундай марказлар ёшларни ахборотни таҳлил қилиш ва филтрлашга ўргатишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди. Шунингдек, Андре Алгермиссен ушбу ташаббусни юқори баҳолаб, марказ фаолияти узоқ муддат давомида самарали хизмат қилишига ишонч билдирди. Тадбир якунида иштирокчилар марказ ёшларни янги билимлар олишга ва ижтимоий фаолликка ундовчи муҳим платформага айланишини таъкидладилар.
“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати