Ўзбекистон ва ХХР: стратегик ҳамкорлик истиқболлари
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил апрель ойида бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” иккинчи халқаро форумида билдирган ғояларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек ҳудудий ҳамкорликни ривожлантириш, турли йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Хитой Халқ Республикасининг бир қатор илмий-тадқиқот институтлари ва етакчи марказлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Жорий йилнинг 9—11 июль кунлари “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурханов Шанхай университети қошидаги ШҲТ халқ дипломатияси илмий-тадқиқот институти таклифига биноан Хитойнинг Шанхай шаҳрида қатор расмий тадбирларда иштирок этди.
Жумладан, “Ипак йўли иқтисодий камари доирасида ўзбек-хитой муносабатлари ва стратегик ҳамкорлик” мавзусидаги икки томонлама семинар ташкил этилди. Унда ШҲТ халқ дипломатияси илмий-тадқиқот институти директори Жан Хенлун бошчилигидаги делегация, Шанхай илмий-техник алоқалар маркази, “ақл марказилари”, ШҲТ тадқиқот марказлари, Синцзяндаги иқтисодий ва маданий ривожланиш халқаро маркази вакиллари ҳам қатнашди.
Тадбирда Акмал Бурханов Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, эришилган натижалар, келгусидаги режалар юзасидан ахборот берди. Шунингдек, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг мақсад ва вазифалари, ҳамкорлик йўналишлари, бугунги кунда ҳаётга тадбиқ этилаётган лойиҳалари ҳақида сўз юритилди.
Иштирокчилар “Ипак йўли иқтисодий камари” доирасида ўзбек-хитой муносабатлари, икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик истиқболлари ва мавжуд муаммоларни муҳокама қилдилар. Хусусан, Акмал Бурханов Ўзбекистоннинг “Бир макон, бир йўл” ташаббусидаги иштирокини Пекин билан олиб борилаётган кўп томонлама стратегик ҳамкорлик сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон ушбу ташаббусни биринчи бўлиб қўллаб-қувватлаган давлатлардан бири экани ҳамда лойиҳанинг аъзо-таъсисчиси ҳисобланиши қўшимча қилинди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати