@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Бир миллион дарахт” қўшма эко-акцияси доирасида навбатдаги кўкаламзорлаштириш тадбири ўтказилди

 2026-03-30 10:42:19   |     Просмотров: 1344

“Юксалиш” ҳаракати томонидан 2019-йилдан буён амалга ошириб келинаётган “Бир миллион дарахт” акцияси мамлакат бўйлаб экологик муҳитни яхшилаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳамда жамиятда табиатга эҳтиёткорона муносабатни шакллантиришга хизмат қилиб келмоқда. Шу вақтга қадар акция доирасида 4 миллионга яқин коъчат ва буталар экилди.

Маълумот учун, 2026-йил 27-март куни ҳам акция доирасида кўкаламзорлаштириш ишлари давом эттирилиб, Тошкент шаҳридаги 100-сонли умумтаълим мактаби ҳамда Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ҳудудида дарахт кўчатлари экилган эди.

28 март куни Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита ҳудудида навбатдаги қўшма эко-акция ташкил этилди. Тадбирда қўмита, “Суммит Моторс Cентрал Асиа” (Тоёта) хорижий корхонаси ҳамда “Юксалиш” ҳаракати вакиллари, шунингдек, жамоатчилик, кўнгиллилар ва ҳамкор ташкилотлар фаол иштирок этдилар.

Акция давомида ҳудуд кўкаламзорлаштирилиб, иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда 9 хил навдаги 100 дан ортиқ дарахт ва бута кўчатлари экилди. Шунингдек, меҳмонлар учун Миллий маданий марказлар павилонига экскурсия ташкил этилди. Тадбирнинг муҳим қисми сифатида ташкилотлар раҳбарлари томонидан бизнес, давлат ва фуқаролик жамияти ҳамкорлигини ифодаловчи рамзий “Дўстлик дарахти” экилди. Ушбу ташаббус турли секторлар ўртасидаги ҳамкорликнинг амалий ифодаси сифатида алоҳида аҳамият касб этди.

Шунингдек, тадбир доирасида эсдалик белгиси ўрнатилди ҳамда иштирокчилар умумий фотосуратга тушдилар. “Юксалиш” ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов томонидан “Яшил макон” ташаббуси доирасида экологик лойиҳаларни қўллаб-қувватлагани ва кўкаламзорлаштириш ишларига қўшган ҳиссаси учун “Суммит Моторс Cентрал Асиа”МЧЖ ХК (Тоёта Cентрал Асиа) вакилига миннатдорлик сертификати топширилди.

Шу билан бирга, акция жараёнида фаол иштирок этган ёш волонтёрлар ҳам сертификатлар билан тақдирланди.

Эндиликда экилган дарахт кўчатларига Қўмита томонидан муносиб ва мунтазам парвариш кўрсатилишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур акция ҳудудларни кўкаламзорлаштириш билан бирга жамиятда экологик онгни ошириш, табиатга эҳтиёткорона муносабатни шакллантириш ҳамда яшил ва тоза табиат учун мустаҳкам асос яратишга хизмат қилмоқда.

Яқин кунларда акция доирасида баҳорги мавсумда республика бўйлаб амалга оширилган кенг кўламли тадбирлар, ҳудудлар кесимидаги натижалар ҳамда экилган дарахтлар сони ва турлари бўйича батафсил таҳлилий мақоламизни тақдим этамиз.