Жамиятни нима юксалтиради ёки орқага тортади: Ижтимоий сўров
2026 йил мамлакатимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинди. Мазкур йўналишда белгиланган йангиланишларни қўллаб-қувватлаш ҳамда жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида “Юксалиш” ҳаракати томонидан “Миллий юксалиш: фаоллар нигоҳида” мавзусида ижтимоий сўров ўтказилди.
Сўровда республика бўйлаб 450 нафар ижтимоий фаол — зиёлилар, экспертлар ва жамоатчилик фикри етакчилари иштирок этди. Жумладан, сиёсатшунос Фарҳод Толипов, медиа эксперт Беруний Алимов, фуқаролик жамияти фаоли Дилмурод Юсупов, давлат ва жамият арбоби Шаҳноза Соатова, журналист Илёс Сафаров каби жамоатчилик вакиллари ўз фикр-мулоҳазалари билан қатнашди.
Сўров доирасида жамоатчиликка 2 та асосий савол тақдим этилди. Биринчи саволда жамият ривожланишига тўсқинлик қилаётган омилларни қайд этиш сўралди. Респондентлар бунга жавобан лоқайдлик, таниш-билишчилик ва коррупсия, боқимандалик, исрофгарчилик ва дабдабабозлик, маҳаллийчилик, шунингдек масъулияцизлик ҳамда бепарволик каби омилларни қайд этдилар. Иккинчи саволда эса жамият юксалиши учун зарур бўлган қадриятлар ҳақида фикр билдирилди. Иштирокчилар қонун устуворлиги, илм ва билимга ҳурмат, шахсий масъулият, адолатли бўлиш ҳамда ҳалоллик ва орият каби қадриятлар жамият тараққиёти учун муҳим эканини белгилаб ўтдилар.
Ривожланишга тўсқинлик қилаётган омиллар
Биринчи савол натижалари шуни кўрсатдики, жамият ривожига энг катта тўсқинлик қилаётган омил — бу лоқайдликдир. Респондентларнинг 61,6 фоизи (277 та жавоб) атрофдаги воқеаларга бефарқ қараш, “менга дахли йўқ” деган муносабатни асосий муаммо сифатида қайд этди. Шунингдек, жавобларнинг йирик улуши сифатида таниш-билишчилик ва коррупсия иллати ҳам 52,4% (236 та жавоб) билан жамиятнинг муҳим муаммолари сафига кирган.
Айрим жавоблар, хусусан, 51,6 % (232 та жавоб) ҳолатда боқимандалик кайфияти танлаган бўлса, 45,8 % (206 та жавоб) респондент тўй ва маросимлардаги дабдабабозликни тараққиётга халақит берувчи омил деб ҳисоблайди. 43,3 % (195 та жавоб) иштирокчи бепарволик ва масъулияцизлик жамият бирдамлигига энг катта тўсиқ бўлаётганини қайд этди.
Маҳаллийчилик, ҳасад ва ғийбат, вақтни қадрламаслик, шунингдек, ёшлар фикри билан ҳисоблашмаслик каби одатлар сўров иштирокчилари томонидан нисбатдан кам танлаган жавоблар сифатида қайт этилган.
Юксалиш учун устувор қадриятлар
Жамиятни тараққий эттириш учун қайси қадриятлар таянч бўлиши керак, деган саволга фаоллар сўровда шахсий фикрларини турлича нисбатда қайд этишган.
Танланган жавоблар орасида респондентларнинг 66,9 фоизи (301 та жавоб) қонун устуворлигини энг муҳим омил сифатида кўрсатди. Бундан ташқари, 46,7 % (210 тав жавоб) иштирокчи илм ва билимни юксалишнинг ажралмас шарти сифатида қайд этди. Яъни жамият ривожини малакали кадрлар ва билимли авлодсиз тасаввур этиб бўлмайди.
Шу билан бирга, шахсий масъулият (43,6 %, 196 та жавоб) , адолат (43,3 % , 195 та жавоб), ҳалоллик ва фаол фуқаролик позицияси (35,1 %, 158 та жавоб) ҳам муҳим қадриятлар сифатида эътироф этилди.
Жамоатчилик фаолларининг қўшимча мулоҳазалари
Сўров давомида иштирокчилар бир қатор маънавий масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Аввало, оила, инсонпарварлик ва ўзаро ҳурмат жамиятнинг энг муҳим устуни эканлиги таъкидланди. Шунингдек, ривожланишнинг муҳим шарти сифатида вақтдан унумли фойдаланиш зарурлиги қайд этилди. Фаоллар миллий урф-одатларни асраб-авайлаш билан бир қаторда, жамиятда очиқлик ва соғлом мулоқот муҳитини шакллантириш муҳим эканини ҳам алоҳида урғу билан билдирдилар. Бундан ташқари, ҳалоллик, орият ва тинчликни қадрлаш маънавий юксалишнинг пойдевори сифатида эътироф этилди.
Хулоса
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, жамият фаоллари 2026-йилда амалга ошириладиган янгиланишларда нафақат иқтисодий ўзгаришлар, балки чуқур маънавий ва ҳуқуқий янгиланишларни ҳам кутмоқда. Уларнинг фикрича, юксалишнинг асоси — қонун устуворлиги, адолат, илм ва шахсий масъулиятдир.
Демак, мазкур ўрганиш “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга ошириладиган янгиланишларда иқтисодий ислоҳотларнинг ўзи етарли эмаслиги кўрсатмоқда. Асосий эътибор инсон капиталини ўзгартиришга, яъни фуқаролардаги лоқайдликни бартараф этиш ва жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга қаратилиши зарур. Бошқача айтганда, биз лоқайд жамиятдан масъулиятли жамиятга ўтишимиз шарт. Айнан мана шу ёндашув 2026 йил учун белгиланган дастур йўналишларининг мазмун-моҳиятини белгилаши лозим.
“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати