Ўзбекистоннинг ТОП-20 “Ақл марказлари”
2025-йил якунлари бўйича таҳлилий рейтинг
“Юксалиш” ҳаракати 2020-йилдан буён мамлакатимизда фаолият юритаётган “ақл марказлари” рейтингини анъанавий тарзда эълон қилиб келмоқда. Мазкур ташаббуснинг асосий мақсади – Ўзбекистондаги илмий-таҳлилий салоҳиятни кенг жамоатчиликка таништириш ҳамда қарор қабул қилиш жараёнларида иштирок этаётган институтлар фаолиятини ёритишдан иборат.
Маълумки, “ақл марказлари” жамоатчилик фикрини шакллантириш, давлат ислоҳотларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнларини таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, стратегик қарорлар қабул қилишда муҳим рол ўйнайди. Айниқса, ривожланган давлатларда ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий масалалар бўйича истиқболни белгилашда мустақил таҳлилий марказлар фикрига таяниш амалиёти кенг тарқалган.
Рейтинг қандай шакллантирилди?
2025-йил 1-январ – 31-декабр даври учун рейтинг қуйидаги 2 та асосий индикатор ва 4 та субиндикатор асосида тузилди:
1. Илмий-таҳлилий салоҳияти:
- материаллар сони
- телеграм канал ва гуруҳларда ташкилот фаолиятига оид материаллардан иқтибос келтириш даражаси.
2. Коммуникацион фаоллик:
- веб-саҳифасига ташрифлар кўрсаткичи;
- веб-саҳифаларнинг бир ойлик ўртача янгиланиш частотаси.
Таҳлил жараёнида SimilarWeb ва Semrush каби етакчи веб-таҳлил платформалари маълумотлари, Google ва Yandex индекслари ҳамда янгиликлар лентаси архивлари асосида очиқ манбалардан фойдаланилди. Шунингдек, ақал марказлари томонидан тақдим этилган таҳлилий материалларга нисбатан мустақил экспертлар фикри ҳам инобатга олинди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу рейтинг айрим марказлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ёки рўйхатга кирмаган ташкилотларга паст баҳо бериш мақсадида тузилмаган. Асосий вазифа – мамлакатимизда фаолият юритаётган “ақл марказлари”ни кенг жамоатчиликка таништириш ва уларнинг фаоллигини очиқ маълумотлар асосида кўрсатишдир.
2025-якунлари бўйича ТОП-20 “Ақл марказлари”
- Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази – cerr.uz / review.uz
Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар бўйича таҳлилий ва амалий тадқиқотлар олиб боради, стратегик таклифлар ишлаб чиқади.
(1 450+ материал, 1 250 000 ташриф, 150-200 та янгиланиш, 1846 та иқтибос) - “Юксалиш” ҳаракати – yuksalish.org
Узоқ йиллик стратегиялар ва Давлат дастурлари ижроси юзасидан мониторинг қилади, ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича экспертлик таҳлиллари, жамоатчилик экспертизаси ва жамоатчилик сўровларини ташкил этади.
(410+ материал, 175 000 ташриф, 16 та янгиланиш, 2304 та иқтибос)
- “Тараққиёт стратегияси” маркази – strategy.uz
Давлат дастурлари ва ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни жамоатчиликка етказиш бўйича таҳлилий ва медиа-платформа вазифасини бажаради.
(780+ материал, 520 000 ташриф, 45-50 та янгиланиш, 1094 та иқтибос) - Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти – imrs.uz
Давлат дастурлари ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини баҳолайди ҳамда илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқади.
(480+ материал, 240 000 ташриф, 40-50 та янгиланиш, 571 та иқтибос) - Парламент тадқиқотлари институти – parliament.gov.uz / pri.oliymajlis.uz
Қонун ижодкорлиги жараёнини илмий-аналитик жиҳатдан қўллаб-қувватлайди ва қонун лойиҳаларини экспертизадан ўтказади.
(620+ материал, 410 000 ташриф, 30 та янгиланиш, 201 та иқтибос) - Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби – gsbe.uz
Тадбиркорлик ва бизнес бошқаруви йўналишида замонавий билим ва кўникмаларни ривожлантириш, раҳбар кадрлар тайёрлаш ҳамда бизнес муҳитини такомиллаштиришга қаратилган илмий-таҳлилий ва таълим дастурларини амалга оширади.
(340+ материал, 310 000 ташриф, 30 та янгиланиш, 536 та иқтибос) - “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти – moiti.uz
Оила ва маҳалла институтларини мустаҳкамлаш, гендер сиёсати ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича илмий тавсиялар ишлаб чиқади.
(125+ материал, 32 000 ташриф, 4 та янгиланиш, 828 та иқтибос) - Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти – isrs.uz
Миллий ва минтақавий хавфсизлик, халқаро ҳамкорлик ва стратегик ривожланиш масалалари бўйича таҳлилий материаллар тайёрлайди.
(390+ материал, 190 000 ташриф, 15-16 та янгиланиш, 44 та иқтибос) - Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази – cadp.uz
Ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жараёнларни мониторинг ва таҳлил қилиш ҳамда фуқаролик жамияти ривожига кўмаклашишга ихтисослашган.
(55+ материал, 18 000 ташриф, 1–2 та янгиланиш, 704 та иқтибос) - Марказий Осиё халқаро институти – iica.uz
Марказий Осиё минтақасида илмий-эксперт ҳамкорлигини ривожлантиради ва минтақавий масалаларни тадқиқ этади.
(170+ материал, 65 000 ташриф, 8 та янгиланиш, 418 та иқтибос) - Прогрессив ислоҳотлар маркази – proreforms.uz
Стратегик асосланган ислоҳотлар, давлат сиёсати таҳлили ва барқарор ривожланиш йўналишида мустақил тадқиқотлар олиб боради.
(135+ материал, 55 000 ташриф, 4-5 та янгиланиш, 351 та иқтибос) - Ижтимоий сиёсат лабораторияси – socialpolicyab.uz
Аҳолининг ижтимоий хизматлар самарадорлигини ошириш ҳамда эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлашга қаратилган илмий-таҳлилий тадқиқотлар ва амалий таклифлар ишлаб чиқади.
(80+ материал, 21 000 ташриф, 15-16 та янгиланиш, 161 та иқтибос) - Илғор технологиялар маркази – cat-science.uz
Замонавий илмий-инновацион ишланмаларни ривожлантириш ва илм-фан ютуқларини амалиётга татбиқ этишга қаратилган тадқиқот ҳамда лойиҳа фаолиятини амалга оширади.
(95+ материал, 38 000 ташриф, 3-4 та янгиланиш, 383 та иқтибос) - Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази – ccprc.uz
Рақобат муҳитини ривожлантириш, монополияга қарши сиёсатни такомиллаштириш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида илмий-таҳлилий тадқиқотлар олиб боради.
(60+ материал, 22 000 ташриф, 2-3 та янгиланиш, 402 та иқтибос) - Криминология тадқиқот институти – kti.iiv.uz
Жиноятчилик сабаблари ва динамикасини ўрганиш, криминологик таҳлиллар ўтказиш ҳамда жиноятларнинг олдини олиш бўйича илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган тадқиқотлар олиб боради.
(253+ материал, 32 000 ташриф, 14-16 та янгиланиш, 275 та иқтибос) - Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари маркази – devedu.uz
Олий таълим тизимини такомиллаштириш, инновацион педагогик ёндашувларни жорий этиш ва таълим сифатини оширишга қаратилган тадқиқотлар олиб боради.
(150+ материал, 48 000 ташриф, 4-6 та янгиланиш, 181 та иқтибос) - “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази – ijtimoiyfikr.uz
Ижтимоий сўровлар ўтказади, жамоатчилик фикри динамикасини ўрганади ва тизимли мониторинг олиб боради.
(115+ материал, 42 000 ташриф, 4 та янгиланиш, 123 та иқтибос) - Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти – oz.illp.uz
Ҳуқуқий сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишни илмий-таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди.
(110+ материал, 35 000 ташриф, 4 та янгиланиш, 85 та иқтибос) - Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти – iais.uz
Халқаро муносабатлар, геосиёсат ва глобал жараёнлар бўйича фундаментал ҳамда амалий тадқиқотлар олиб боради ва таҳлилий хулосалар ва тавсиялар ишлаб чиқади.
(85+ материал, 28 000 ташриф, 3-4 та янгиланиш, 62 та иқтибос) - Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактаби – stibom.uz
Ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий жараёнлар бўйича тизимли ҳамда стратегик таҳлиллар олиб боради.
(75+ материал, 25 000 ташриф, 2-3 та янгиланиш, 44 та иқибос)
Хулоса
2025-йил натижалари шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда илмий-таҳлилий фаоллик йил сайин ортиб бормоқда. “Ақл марказлари” нафақат материаллар сони, балки жамоатчилик билан мулоқот ва рақамли фаоллик боъйича ҳам сезиларли натижаларга эришмоқда. “Юксалиш” ҳаракати ушбу рейтинг орқали мамлакатимиздаги таҳлилий муҳитни ривожлантириш, очиқлик ва соғлом рақобатни рағбатлантириш ҳамда жамоатчиликни мавжуд экспертлик салоҳияти билан таништиришни мақсад қилган.
Келгусида ҳам мазкур рейтинг анъанавий тарзда эълон қилинади ва таҳлилий марказлар фаолиятини баҳолаш ҳамда ривожлантиришга хизмат қилади.