@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ҳудудларда “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг экспертлик муҳокамалари давом этмоқда

 2019-07-02 19:45:00   |     Просмотров: 3139

Жорий йилнинг 2 июль куни Фарғона шаҳрида янги таҳрирдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонун лойиҳасининг экспертлик муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда 40 га яқин маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари иштирок этди.


“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва USAIDнинг Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича дастури ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва экспертлик муҳокамалари ташкил этилмоқда. Бугунги кунга қадар муҳокамалар Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида ташкил этилди. 


Маълумки, Ҳаракатлар стратегиясида фуқаролик жамияти институтларининг ролини янада кучайтириш ва жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришнинг муҳим вазифаларидан бири сифатида белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги Фармони мамлакатда демократик янгиланишлар жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини оширишга ўзига хос туртки бўлди.


Шу муносабат билан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва USAIDнинг Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича дастури ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди, шунингдек уни амалга оширишга қаратилган “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Фарғона шаҳрида бўлиб ўтган бугунги тадбир давомида соҳа вакиллари ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолиятидан келиб чиқиб, қонунчиликка киритиш лозим бўлган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳамда ҳужжат лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан ўз фикр ва таклифларини тақдим этдилар.


 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати