@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Марказий Осиё ва Корея ННТлари барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича тажриба алмашди

 2025-06-27 11:33:55   |     Просмотров: 2037

2025 йил 24–26 июн кунлари “Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш, тажриба алмашиш ва самарали стратегияни ишлаб чиқишда Марказий Осиё ННТнинг ўрни” мавзусида халқаро онлайн семинар бўлиб ўтди. Тадбир “Юксалиш” ҳаракати, Марказий Осиё фуқаролик жамияти форуми ва Жанубий Кореянинг Global Civic Sharing ННТ ҳамкорлигида KOICA молиявий кўмагида ташкил этилди. 

Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Жанубий Корея фуқаролик жамияти вакилларини бирлаштирган уч кунлик онлайн мулоқот давомида иштирокчилар ҳар бир мамлакатда Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)ни амалга оширишда эришилган ютуқлар, дуч келинаётган муаммолар ва муваффақиятли стратегияларни муҳокама қилишди. 

Тадбирда кореялик мутахассислар соҳага оид тажрибаси билан бўлишди. Жумладан, APSD минтақавий координатори Анселмо Ли БРМ ҳақида умумий маълумот берди, Фуқаролик жамияти ҳамкорлиги тадқиқот маркази директори Сёнг-ҳо Ли эса Жанубий Корея фуқаролик жамиятининг тарихи ва ролига бағишланган маъруза билан иштирок этди. 

Тақдим этилган мисоллар глобал муаммоларни ҳал этишда айнан “пастдан чиқувчи” ташаббуслар самарали бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Иштирокчилар БРМ йўлида ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдиришди.