@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Ўзсувтаъминот” АЖ раддиясига муносабат

 2025-06-16 18:48:50   |     Просмотров: 1798

Сўнгги йилларда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш соҳасида салмоқли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 2017 йилдаги 63,7 фоиздан 2024 йилда 81 фоизга етказилди. Бу даврда 9,0 минг километрдан ортиқ ичимлик суви тармоқлари жорий ва мукаммал таъмирланиб, ичимлик суви ишлаб чиқариш иншоотлари сони 2024 йил якунида 10 992 тага етди. 2017-2024 йилларда илк бор 9 млн аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.

“Юксалиш” ҳаракати мазкур ислоҳот ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги ПФ–37-сон Фармонига асосан ўзига юклатилган вазифаларни, жумладан, Давлат дастурининг амалга оширилишини жойларга чиқиб, жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда танқидий ўрганиб бормоқда.

Худди шундай, Давлат дастури ижроси юзасидан жойига чиққан ҳолда ўтказилган жамоатчилик мониторинги натижалари юзасидан “Ўзсувтаъминот” АЖ расмий раддия билдирган.

“Юксалиш” ҳаракати ушбу раддия юзасидан қуйидагиларни жамоатчилик эътиборига етказишни лозим топди.

Биринчидан, “Ўзсувтаъминот” АЖ ўз раддиясида “Юксалиш” ҳаракати маълумотларни бошқа идоралардан олишга уринганлиги ва ўрганишларда жамиятнинг бирорта вакили иштирок этмаганлигини маълум қилган ва Ҳаракатни нохолислик ва нопрофессионализмда айблаган.

Ваҳоланки, дастлабки мониторинг “Ўзсувтаъминот” АЖ ва унинг ҳудудий бўлинмаларидан олинган расмий маълумотлар ва мутахассислар жалб қилган ҳолда ўтказилган. (хатлар ва маълумотлар илова қилинади).

“Ўзсувтаъминот” АЖ маълумотлари:

 “Ўзсувтаъминот” АЖ ҳудудий бўлинмалари:

 

Иккинчидан, Ҳаракат томонидан мониторинг маълумотларини таҳлил қилиш учун “Ўзсувтаъминот” АЖдан 2025 йил 14 январдаги 5/37-152-сон жавоб хати билан олинган расмий маълумотда бир қатор лойиҳалар раддияда келтирилганлиги каби йилдан-йилга ўтувчи объект эмас, балки тўлиқ фойдаланишга топширилган лойиҳалар сифатида қайд этилган эди.

Учинчидан, жамоатчилик мониторинги тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва оқова сув тизими билан қамраб олиш мақсадида амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича бевосита аҳолининг фикри ва кенг жамоатчилик баҳоси асосида “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ ўтказилган.

Ўз раддиясида “фойдаланишга топширилган ва муаммо йўқ” деб кўрсатилган объектларда Ҳаракатимиз вакиллари томонидан жойига чиқиб, жамоатчилик фикри ўрганилди, ҳолатга қайта аниқлик киритилди.

Натижа эса, ўзгаришсиз – 2025 йилнинг 16 июнь ҳолатига мавжуд муаммолар бартараф этилмаганлиги маълум бўлди. Масалан:

  • Деҳқонобод тумани Оқсув-Деҳқонобод сув қувури ва "Оқсув" сув олиш иншоотини қуриш лойиҳаси бўйича шу кунга қадар аҳолига ичимлик суви умуман етказиб берилмаган. Фуқаролар билан мулоқот давомида объект фойдаланишга топширилганлигига қарамасдан, ичимлик суви етказиб берилмаётгани маълум қилинди ва аҳоли вакиллари бунинг сабаблари тушунтирилмаётганидан норозиликларини билдирдилар.

Мисол учун, Бойқўрғон қишлоғида яшовчи фуқаро Ю.А, Чайгул қишлоғида яшовчи фуқаро А.Ғ, Чоштепа қишлоғида яшовчи И.Б.ларнинг маълум қилишича, Оқсув-Деҳқонобод лойиҳаси доирасида аҳолига ҳозирги вақтгача ичимлик суви етказиб берилмаган.

- Қарши шаҳар "Чармгар" маҳалласида ички ичимлик сув тармоқларини реконструкция қилиш лойиҳаси фойдаланишга топширилганига 3 йил ўтган бўлса-да, аҳолига ичимлик суви етказиб берилмаган. Аҳоли хонадонларига ўрнатилган сув ҳисоблагичларининг кўрсаткичи 0 (нол) ҳолатда. Фуқаролар ичимлик суви етказиб берилмаётганидан норозилигини билдирдилар.

Мисол учун, Кўприкбоши кўчасида яшовчи фуқаролар Ш.Н, Ф.Ш, Қ.Н ва К.Шларнинг маълум қилишича, ичимлик сувини етказиб бериш тўғрисида сувтаъминоти корхоналарига бир неча маротаба мурожаат қилинган бўлса-да, ичимлик суви етказиб берилмаган ва сабаблари ҳақида аҳолига тушунтирилмаган.

- Ғузор тумани “Дўстлик” маҳалласида ичимлик сув тизимларини қуриш лойиҳаси 2024 йил апрель-май ойларида якунланган бўлса-да, аҳолига ичимлик суви умуман етказиб берилмаган. Аҳоли хонадонларига ўрнатилган сув ҳисоблагичларининг кўрсаткичи 0 (нол) ҳолатда. Фуқаролар объект фойдаланишга топширилганига 1 йил бўлганлигига қарамасдан ичимлик суви етказиб берилмаётганидан норози.

 

Мисол учун, Дўстлик кўчаси яшовчи фуқаролар Б.М, А.М.ларнинг маълум қилишича, ичимлик сувини етказиб бериш тўғрисида сув таъминоти корхонасига бир неча маротаба мурожаат қилинган бўлса-да, ичимлик суви етказиб берилмаган ва сабаблари ҳақида аҳолига тушунтирилмаган. Шунингдек, фуқаролар ичимлик сувининг бир машинасини
(5 тонна) ўртача 250 минг сўмдан сотиб олиб фойдаланаётганликларини билдиришди.

- Асака тумани “Эргашобод” МФЙда ичимлик суви тизимини қуриш лойиҳаси бўйича тегишли ҳажмдаги сув иншоотлари ўрнатилмаганлиги боис, бугунги кунда аҳолига ҳафтасига атиги 2 кун ичимлик суви етказиб берилмоқда, холос.

 

Қолган объектларнинг бугунги кундаги ҳолати бўйича маълумотлар, фото ва видео материаллар илова қилинмоқда.

Шундай экан, “Юксалиш” ҳаракати “Ўзсувтаъминот” жамиятидан фуқаролик жамияти институтларининг жамоатчилик назорати якунлари бўйича тайёрлаган таклифларини кўриб чиқишда ҳиссиётга берилмасликни сўраб қолади.

Зеро, Жамият репутацияси ахборот маконидаги таъсирчан, аммо ёлғон ахбороти билан жамоатчилик фикрини чалғитишга қаратилган чиқишлари билан эмас, балки рўёбга чиқара олган амалий ишлари билан ҳимоя қилинади.

Бу борадаги баҳони эса, жамоатчиликнинг ўзи холис бера олади.

Мазкур мониторинг натижалари эълон қилингач, бевосита “Юксалиш” ҳаракатига ва ижтимоий тармоқлар орқали жамоатчиликдан “Ўзсувтаъминот” жамияти томонидан амалга оширилган бошқа лойиҳалар бўйича ҳам ўнлаб мурожаатлар келиб тушди (ушбу мурожаатларни “Ўзсувтаъминот” жамиятига ёзма равишда юборилади).

Бундан кўринадики, жамоатчиликда ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ лойиҳалар юзасидан саволлар тўпланиб қолган.

Давлатимиз Раҳбари таъкидлагани каби “Инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини амалда таъминлаш, барча шаҳар ва туманлар, олис ва чекка ҳудудлар аҳолиси учун муносиб шароит яратиб бериш, оддий қилиб айтганда, халқимизни рози қилиш – мана, бизнинг бош мақсадимиз”.

Шундай экан, “Юксалиш” ҳаракати бу борада аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни холис ва тизимли ўрганишда давом этади. Хусусан, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратамиз.

Ҳаракатимиз ҳар қандай ҳамкорликка очиқ ва тайёр эканлигини маълум қиламиз!

“Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан билдирилган расмий муносабатда санаб ўтилган лойиҳалардаги қайта аниқланган ҳолат юзасидан маълумот (юклаб олиш)