@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди

 2025-05-14 14:08:48   |     Просмотров: 2296

Жорий йилнинг 13 май куни Тошкентда “Юксалиш” ҳаракати ва “Умидворлик” маркази томонидан Германиянинг Solidaritätsdienst International e.V. (SODI) ноҳукумат ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ижтимоий ҳимояга муҳтож, қийин вазиятда қолган ва ногиронлиги бўлган ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий инклюзияси” лойиҳаси доирасида навбатдаги давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда, ижтимоий заиф гуруҳларнинг ахборот технологияларидан фойдаланиш имкониятлари, қулайликлар ва тўсиқлар, бу гуруҳларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олиши ва касбий истиқболларини яхшилашда ўқув марказлари ва хусусий таълим муассасаларининг роли таҳлил қилинди.

Жумладан, “Бизнес фабрика” тадбиркорлик маркази раҳбари Aзиз Вафоев онлайн маркетплейслар, хусусан, “Uzum market”да савдо қилиш бўйича ёшларга билим берилаётгани ва ҳозиргача эришилган ютуқлар ҳақида маълумот берди. Ушбу марказ билан Ёшлар ижтимоий маркази ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиб, бепул ўқув курсларини ташкил этиб келмоқда.

Шунингдек, Ёшлар ижтимоий марказида веб-дастурлаш, сунъий интеллект, видеомонтаж бўйича ҳам бепул дарслар олиб борилаётгани алоҳида таъкидланди.

Тадбирда иштирок этган IT-Academy лойиҳаси менежери Динара Жамолиддинова эшитишда нуқсони бўлган шахсларни Интернетдаги ижтимоий тармоқларда ишлаш кўникмаларини ошириш борасида қилинган ишларга тўхталиб ўтди. Лойиҳа доирасида IT-таълимига қаратилган IT4Everyone лойиҳаси йўлга қўйилган бўлиб, унда нафақат Ўзбекистон, балки Қирғизистон ва Қозоғистон фуқаролари ҳам қамраб олинган.

"Tiflo-Media" аудиожурнали ташкилотчиси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, Озод Қурбонов кўриш бўйича ногиронлиги бор шахсларнинг Интернет воситаларидан фойдаланиш имкониятлари ҳақида сўз юритди.

"Бугун кўзи ожиз шахслар янгиликлардан бохабар бўлиш, ўзига керакли маълумотни олиш имкониятига эга. Бунинг учун махсус дастурлар, мобил иловалар ишлаб чиқилган. Бугун кўзи ожизлар нафақат электрон китобларни, балки қоғоз китобларни ҳам махсус дастурлар орқали "ўқий олади". Бунинг учун Брайл алифбоси ҳам шарт эмас", - деди у.

Давра суҳбати доирасида ютуқлар билан бир қаторда, ҳал қилиш керак бўлган муаммоларга эътибор қаратилди. Кўриш бўйича ногиронлиги бор шахсларнинг давлат хизматларини олиш, банкоматлардан пул ечиш жараёнларидада баъзи муаммоларга учраётгани қайд этилди. Ечим сифатида банкоматларни овозли қилиш таклифи берилди.

Маълумот учун: “Ижтимоий ҳимояга муҳтож, қийин вазиятда қолган ва ногиронлиги бўлган ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий инклюзияси” лойиҳасининг мақсади – 18-35 ёшдаги ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга инновацион хизматлар кўрсатиш, уларга ўз ҳуқуқларини, шахсий ва касбий салоҳиятини рўёбга чиқаришда имкониятларни кенгайтириш орқали турмуш сифатини яхшилаш. Лойиҳа доирасида Тошкент шаҳрида Ёшлар учун Ижтимоий марказ очилган.

Марказ “Ишонч телефони”: +998 95 196 97 97