“Инновациялар учун ҳамкорлик” дастурининг дастлабки ғолиблари аниқланди
Ўзбекистонда маҳаллий ННТлар ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу жумладан уларга кичик грантлар тақдим этиш, услубий ва амалий кўникмалар бериш, тренинг ва ўқув курсларини ташкил этиш мақсадида жорий йил апрель ойида “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастурига старт берилди.
Дастур “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси (Қозоғистон) томонидан АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) молиявий кўмагида амалга оширилмоқда. Унинг доирасида 10 та мустақил ННТлар ва давлат органлари ҳузуридаги 5 та Жамоатчилик кенгашлари учун пилот тарзда ташкилий ва институционал салоҳиятларини оширишда методик ва амалий ёрдам бериш режалаштирилган эди.
Танловда иштирок этиш учун жорий йилнинг апрель-июнь ойлари давомида республиканинг барча ҳудудларидан аризалар қабул қилиниб, халқаро ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ҳайъат аъзолари томонидан ўрганилди ва баҳоланди. Натижада, қуйидаги 10 та мустақил ННТлар ғолиб деб топилди:
1. “Ниҳол” (Тошкент ш.)
2. “Special Olympics” (Тошкент ш.)
3. “Downside sport” (Тошкент ш.)
4. “Юксак салоҳият” (Тошкент ш.)
5. “Замонавий журналистикани ривожлантириш” маркази (Тошкент ш.)
6. “Тараққиёт” (Фарғона вилояти)
7. “Прометей” (Фарғона вилояти)
8. “Аёл ва шодлик” (Сурхондарё вилояти)
9. “Ҳамдард” (Хоразм вилояти)
10. “Меҳр” (Сирдарё вилояти )
Шунингдек, ҳайъат аъзолари томонидан қуйидаги давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳам ғолиб деб топилди:
1. Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши
2. Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши
3. Бухоро вилояти ҳокимияти ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши
4. Қўқон шаҳри ҳокимияти ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши
5. Наманган вилояти адлия бўлинмаси ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши
Эндиликда, мазкур ННТлар ва жамоатчилик кенгашлари “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури доирасида қўллаб-қувватланади. Жумладан, жорий йилнинг июль—август ойлари давомида ғолиб ташкилотлар фаолияти ўрганилади ва таҳлил қилинади. Шунингдек, тажрибали мутахассислар томонидан ривожланиш стратегиялари ва тавсиялар ишлаб чиқилади. Учрашувлар давомида бошқарув ва стратегик менежмент, молиявий барқарорлик, инсон ва моддий ресурслар, бухгалтерия ҳисоби, грантлар ва молиявий бошқарув ва бошқа шу каби йўналишларда методик ва амалий ёрдам берилади.
Бундан ташқари, дастур иштирокчилари шаҳар кенгашлари фаолиятини ўрганиш ҳамда мазкур йўналишда халқаро тажриба билан танишиш мақсадида АҚШга ташриф буюрадилар. Шунингдек, Ўзбекистонда турли ҳудудий ўқув курслари ва бошқа тадбирлар режалаштирилган. Жумладан, АҚШнинг Жон Хопкинс университетининг Фуқаролик жамиятини ўрганиш маркази билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ва вилоятларда тренинглар ўтказилади.