Ахборот асрида ҳақиқат учун кураш
2 апрель – дунё бўйлаб халқаро фактларни текшириш куни (International Fact-Checking Day) сифатида нишонланади.
Бу кун оммавий ахборот воситалари, журналистлар, тадқиқотчилар ва фуқаролик жамияти вакиллари учун ҳақиқатни ҳимоя қилиш, ёлғон ахборотга қарши курашиш ва жамоатчиликни манипуляциядан ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда ёлғон хабарлар, манипуляция ва пропаганданинг жамиятга етказадиган зарари янада сезиларли бўлиб бормоқда. Шунинг учун фактларни текшириш – демократик жамиятнинг ажралмас қисмига айланмоқда.
Бу борада сўз кетганда жорий йилнинг 26-27 февраль кунлари Тошкентда Фактчекинг, танқидий тафаккур ва медиа саводхонлик бўйича ўтказилган янги медиамактаб ҳақида айтиб ўтиш албатта муҳимдир.
Ушбу лойиҳа “Юксалиш” ҳаракати ва Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида ОАВ вакиллари ва блогерлар учун ташкил этилди. Тренинг ахборот маконидаги асосий муаммолар – ёлғон хабарлар, манипуляция ва дезинформацияга қарши курашиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилди. Медиамактаб иштирокчиларга фактчекинг воситалари, танқидий тафаккур ва медиа саводхонликнинг аҳамияти ҳақида муҳим билимлар берди. Бугунги ахборот шароитида ҳақиқатни англаш, ишончли манбаларни ажратиш ва сохта ахборотга қарши иммунитет ҳосил қилиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб. Ўйлайманки, бундай ташаббуслар журналистлар, блогерлар ва кенг жамоатчилик орасида сифатли ва холис ахборот тарқалишига хизмат қилади.
Энди эса асосий мавзуга қайтсак.
Фактларни текшириш нима ва нега муҳим?
Фактларни текшириш (fact-checking) – бу ахборотнинг ҳақиқийлигини текшириш жараёни бўлиб, у журналистлар ва тадқиқотчилар томонидан ёлғон маълумотни фош этиш ва ҳақиқатни оммага етказиш мақсадида амалга оширилади. Бу жараёнда турли методлардан, жум ладан, ишончли манбаларга мурожаат қилиш, визуал далиллардан фойдаланиш ва экспертлар фикрини ўрганиш усулларидан фойдаланилади.
Замонавий ахборот маконида фактларни текширишнинг аҳамияти қуйидаги сабабларга кўра ортиб бормоқда:
– Ёлғон ахборот тарқалиши: Ижтимоий тармоқлар ва интернет платформалари орқали ёлғон хабарлар жуда тез тарқалади. Бу жамиятда нотўғри тасаввурларни шакллантириб, катта ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий оқибатларга олиб келиши мумкин.
– Манипуляция ва пропаганда: Айрим кучлар ёлғон маълумотлар орқали жамоатчилик фикрини ўз манфаатлари учун бошқаришга ҳаракат қилишади. Бундай ҳолларда ҳақиқатни аниқлаш муҳим аҳамият касб этади.
– Журналистиканинг ишончлилигини сақлаш: Оммавий ахборот воситалари ва журналистика жамоатчилик ишончини сақлаб қолиш учун фактларни текширишга жиддий эътибор қаратиши керак.
Фактларни текшириш жараёни
Фактларни текшириш маълум бир алгоритм асосида амалга оширилади:
– Мақсадли хабар ёки маълумотни аниқлаш: Таҳлил қилинувчи маълумот ёки баёнот танлаб олинади.
– Ишончли манбаларни текшириш: Хабар ҳақиқий манбалар орқали текширилади. Бунда расмий ҳужжатлар, мустақил ташкилотлар ва эксперт фикрлари асос қилинади.
– Далилларни таққослаш: Ҳар хил манбалардан олинган маълумотлар ўзаро солиштирилади ва аниқлик киритилади.
– Қарор чиқариш ва маълумотни ошкор қилиш: Факт текширув натижалари оммага тақдим этилади ва ёлғон маълумот фош қилинади.
Дунёда ва Ўзбекистонда фактларни текшириш ҳаракатлари
Дунё бўйича бир қанча фактларни текширувчи мустақил ташкилотлар фаолият юритади. Масалан, FactCheck.org, Snopes, PolitiFact, Reuters Fact Check, BBC Reality Check каби платформалар турли маълумотларни текшириб, жамоатчиликка ҳақиқий ахборот етказишга ёрдам беради.
Ўзбекистонда ҳам охирги йилларда фактларни текширишга бўлган эътибор ошмоқда. Ҳозирги кунда бир неча маҳаллий интернет сайтлари ва мустақил журналистлар ёлғон хабарларга қарши фаол кураш олиб бормоқда. Жумладан, Factchecknet.uz платформаси мамлакатимиздаги энг машҳур факт текшириш ресурсларидан бири ҳисобланади.
Фактларни текширишда фуқароларнинг ўрни
Ҳар бир киши ўзини ёлғон ахборотдан ҳимоя қилиш учун қуйидаги қоидаларга амал қилиши мумкин:
– Манбаларни текшириш: Хабар ёки маълумот қаердан келганини ва унинг ишончли манбага таяниб берилганини текшириш керак.
– Қўшимча манбалардан фойдаланиш: Бир хил маълумотни бир нечта мустақил манбалардан солиштириб кўриш тавсия этилади.
– Ҳиссиётга берилмаслик: Ёлғон маълумотлар кўпинча одамларнинг ҳиссиётларига таъсир қилиш орқали тарқалади. Шунинг учун ҳар қандай шов-шувли хабарга шубҳа билан ёндашиш лозим.
– Факт текширувчи сайтлардан фойдаланиш: Халқаро ва маҳаллий факт текширувчи платформаларга мурожаат қилиш орқали маълумотнинг ҳақиқийлигини аниқлаш мумкин.
Хулоса қиладиган бўлсак, 2 апрель халқаро фактларни текшириш куни дунё миқёсида ёлғон ахборотга қарши курашиш ва жамоатчиликни ҳақиқат билан таъминлаш йўлидаги муҳим ташаббуслардан биридир. Бугунги кунда ҳар бир киши ахборотни танқидий таҳлил қилиш, ёлғон маълумотларга қарши тура олиш ва факт текширув воситаларидан фойдаланиш орқали ҳақиқатни ҳимоя қилишга ҳисса қўшиши мумкин. Журналистлар ва оммавий ахборот воситалари эса ўз навбатида профессионаллик ва холисликни таъминлаб, фактларни текширишга алоҳида эътибор қаратиши зарур. Фақат шу йўл орқали биз ахборот асрида ҳақиқатни сақлаб қолишимиз мумкин.
Ислом Асилбеков,
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети магистранти