@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

40 ёшгача бўлган ТОП-35 та ёш раҳбар

 2025-03-20 15:19:35   |     Просмотров: 5670

“Юксалиш” ҳаракати Ижтимоий ва иқтисодий ташаббуслар институти билан ҳамкорликда 2019 йилдан буён Ўзбекистоннинг 40 ёшгача бўлган ёш раҳбарлари рўйхатини эълон қилиб келмоқда. Ҳар йили эълон қилинган рўйхатда янги раҳбарлар номлари эътироф этилади. Жорий йил ҳам бундан мустасно эмас.

Ўзбекистоннинг кадрлар сиёсати давлат секторига ёш мутахассисларни жалб этишга қаратилган. Бу раҳбарлар ислоҳотларни амалга ошириш ва асосий тармоқларни ривожлантиришда фаол иштирок этмоқдалар. Мамлакатимизда хорижда таълим дастурлари, халқаро форумларда иштирок этиш ва бошқарув кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилувчи лойиҳалар орқали ёшларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани сир эмас. Шунингдек, ёш етакчиларнинг лавозими ошиши учун шароит яратилиб, иқтидорли кадрларни жалб қилиш ва инновацияларни жорий этиш масаласи долзарб аҳамият касб этади.

Ўзбекистонда вазирликлар раҳбарияти янгиланди. Мамлакатда 21 нафар вазирнинг 2 нафари (9%) 40 ёшдан кичик, 6 нафари (29%) 40 ёшдан 45 ёшгача, 5 нафари (24%) 46 ёшдан 50 ёшгача, 3 нафари (14%)  51 ёшдан 55 ёшгача ва яна 5 нафари (24%) 55 ёшдан юқоридир.

Номзодлар рейтинги уларнинг эришган ютуқларини холис баҳолаш асосида шакллантирилди. Мезон сифатида стратегик мақсадларни муваффақиятли амалга ошириш, таълим даражаси (шу жумладан чет элда олинган), касбий тажриба, ҳамкасблар ва жамоатчилик орасида тан олиниш кабилар олинган. Номзодларнинг жамоатчилик кун тартибига таъсири, муҳим ташаббуслардаги иштирокига алоҳида эътибор қаратилди. “Юксалиш” ҳаракатига фаол фуқаролар томонидан топ-35’га киритиш учун номзодларга доир таклифлар ҳам келиб тушмоқда.

Рўйхат икки босқичда шакллантирилди. Биринчи босқичда: давлат бошқаруви, иқтисодиёт, ижтимоий сиёсат, рақамли технологиялар ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган 100 дан ортиқ номзоддан иборат узун рўйхат шакллантирилди. Иккинчи босқичда фуқаролик жамияти экспертлари, таҳлилий марказлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари номзодлар учун овоз бериб, қисқа рўйхатни аниқладилар.

Номзодларнинг аксарияти хорижда таҳсил олган бўлиб, бу бошқарувга замонавий технологиялар ва амалиётларни олиб кириш имконини беради. Масалан, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Aкрамжон Фозилов Вена ва Гент университетларида таҳсил олган.

Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги директорининг ўринбосари Aбдуллажон Отабоев Япониянинг Ёкоҳама давлат университетида магистрлик даражасини олган.

Баъзи номзодлар бир соҳада раҳбарлик лавозимларига кўтарилган. Масалан, Шухрат Худайкулов 2006 йилда “Ўзбекистон ҳаво йўллари”да иш бошлади ва 2023 йилда Uzbekistan Airways бошқаруви раиси даражасигача кўтарилди.

Ёш раҳбарлар Ўзбекистон тараққиётига катта ҳисса қўшмоқдалар. Уларнинг саъй-ҳаракати билан ислоҳотлар жадаллашиб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг шаффофлиги оширилмоқда, янги технологиялар жорий этилмоқда, жаҳон ҳамжамиятига интеграция мустаҳкамланмоқда.

Ёш раҳбарларнинг ёши турлича. Ҳилола Умарова 34 ёшида мактабгача ва мактаб таълими вазири бўлди. Топ-35’нинг энг ёш вакили бу Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг ўринбосари Искандар Қутбиддинов – 29 ёшда.

У билан бирга бу йил биринчи марта топ-35’га бир нечта янги номзодлар кирди, жумладан:

• Aбдулазиз Абдурахманов, My Freighter/Centrum Air авиакомпанияси бош директори;

• Aбдуллажон Отабоев, Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги директори ўринбосари;

• Aкбар Курбанов, “Ўзкимёсаноат” AЖ бошқаруви раисининг ўринбосари;

• Aкрамжон Фозилов, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси;

• Aлишер Aбдусаломов, Ўзбекистоннинг Кореядаги элчиси;

• Баҳодиржон Раҳмонов, “Ўзавтосаноат” бошқарув раиси биринчи ўринбосари;

• Баҳодир Раҳматов, Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори;

• Диёр Имомхўжаев, Профессионал футбол лигаси бош директори; 

• Искандар Қутбиддинов, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг ўринбосари;

• Одил Aҳмедов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти;

• Отабек Махкамов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари;

• Сардор Раджабов, мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари;

• Тимур Бутунбаев, сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари;

•Улуғбек Юсупов, “Ўзархив” агентлиги директори;

• Зоҳиджон Зияев, Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги директори ўринбосари.

Бу йилги топ-35’да янги номзодлар сони рекорд даражададир. Уларнинг аксарияти рақамлаштириш ва инновациялар соҳасида муваффақиятга эришди.

Масалан, электрон ҳукумат каби давлат хизматларини оптималлаштириш учун IT-ечимларни ишлаб чиқишди. Иқтисодиёт соҳаси раҳбарлари инвестицияларни жалб этиш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратаётган бўлса, ижтимоий соҳада эса таълим ва соғлиқни сақлаш йўналишида янги стандартлар жорий этилмоқда.

Топ-35 Ўзбекистоннинг кадрлар сиёсатидаги муваффақиятларини акс эттиради. Бу эса давлатимиз ислоҳотларининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган ёшларга эътибор қаратилаётганидан далолат беради.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати