@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Рейтинг янгиланди: ТОП-35 бошқарувдаги аёллар

 2025-03-07 12:01:17   |     Просмотров: 3487

“Юксалиш” ҳаракати Ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар институти экспертлари билан ҳамкорликда давлат бошқаруви тизимидаги раҳбар аёллар рейтингини янгилади.

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни қарор топтириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Сайлов кодексида депутатликка номзодларнинг камида 40 фоизи ёки ҳар 5 нафаридан 2 нафари аёл киши бўлиши зарурлиги мустаҳкамлаб қўйилди.

Ҳозирги вақтда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга етди. Ўзбекистонда олимларнинг 48 фоизи аёллар. Тадбиркор хотин-қизлар сони 205 мингдан ошди. 17 нафар аёл “Ўзбекистон Қаҳрамони” деган олий унвонга сазовор бўлган. Жаҳон банкининг эълон қилинган индексида Ўзбекистон гендер тенглик соҳасида дунёдаги энг тез ривожланаётган 5 та мамлакат қаторида қайд этилди.

Шу ислоҳотлар самарасини кўрсатиш мақсадида “Юксалиш” ҳаракати томонидан сиёсий, ижтимоий-иқтисодий тармоқлар ривожига салмоқли ҳисса қўшаётган, соҳаларда муҳим вазифаларни бажариб келаётган раҳбар аёлларнинг йиллик рейтингини тузиш анъанага айланган.

Етакчи аёллар рўйхатини шакллантиришда экспертлар томонидан Республика миқиёсида 300 нафардан ортиқ номзод фаолияти таҳлил қилинди. Рейтинг уларнинг касбий ютуқлари, фаолият юритаётган тармоқларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси, шунингдек номзодларнинг ижтимоий фаоллиги таҳлили асосида тузилди.

Рейтингнинг асосий вазифалари:

— Бошқарув ва стратегик қарорларни қабул қилишда аёлларнинг ролини кўрсатиш;

— Ёш авлодни юқори профессионал натижаларга эришишга илҳомлантириш;

— Касбий муҳитда гендер тенглигини ривожлантиришга кўмаклашиш.

Рейтингга кирган аёллар турли соҳаларда фаолият юритади, жумладан, Президент Aдминистрацияси тизимида – 5 нафар, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида – 3 нафар, Сенатда – 2 нафар, Вазирлар Маҳкамасида – 6 нафар, маҳаллий бошқарув тизимида – 4 нафар, қўмиталар, идоралар ва марказларда – 8 нафар, прокуратура органларида бир нафар, таълим соҳасида – 3 нафар, молия соҳасида – 2 нафар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида – 2 нафар вакил.

Ушбу рейтинг аёлларнинг мамлакат тараққиётига қўшган ҳиссасини таъкидлаш ва янги авлод раҳбарларини илҳомлантириш учун мўлжалланган.

Эслатиб ўтамиз, “Юксалиш” ҳаракати томонидан ҳар йили 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан давлат бошқарувидаги раҳбар аёллар рейтинги эълон қилиб келинади. Aввалги рейтинглар 2020, 2021, 2022, 2023- ва 2024 йилларда тузилган бўлиб, 2023 йилда минтақа экспертлари кўмагида илк бор Марказий Осиёнинг етакчи аёллари рейтинги ҳам шакллантирилган эди.

"Юксалиш" ҳаракати матбуот хизмати