@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Пойтахтимизда Ўзбекистон хайрия ҳаракатини ривожлантириш форуми бўлиб ўтди

 2024-12-04 18:04:33   |     Просмотров: 2379

Жорий йилнинг 4 декабрь куни мамлакатимизда Фуқаролик жамияти ҳафталиги доирасида Ўзбекистон хайрия ҳаракатини ривожлантириш форуми  бўлиб ўтди. 

Ўзбекистонда ижтимоий сиёсатга катта эътибор қаратилмоқда. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, таълим ва соғлиқни сақлаш дастурларини амалга ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ташаббуслар фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш ва ижтимоий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган тадбирларнинг бир қисми, холос.

Хайрияни ривожлантиришдаги катта ютуқларга қарамай, бир қатор муаммолар, жумладан, молиявий оқимларнинг шаффофлигини ошириш, хайрия ташкилотлари ўртасидаги мувофиқлаштиришни яхшилаш ва фуқаролар ўртасида ижтимоий масъулият ғоясини оммалаштириш зарурати ҳамон мавжуд.

“Юксалиш” ҳаракати томонидан ташкил этилган форум экспертлар, жамоат бирлашмалари фикр алмашиш майдонига айланди.

“Юксалиш” ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси Бобур Бекмуродов тадбирнинг аҳамиятига тўхталиб, шундай деди:

— Маълумотларга кўра, дунё миқёсида ҳар йили хайрияга 500 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфланади. Бу миқдорнинг катта қисми хусусий шахслар томонидан ажратилади. Бугунги Форум — фақатгина билим ва тажриба алмашиш майдони эмас, балки янги лойиҳалар, ҳамкорлик ва инновацион ғояларни амалга ошириш учун имкониятдир. Мамлакатимизда хайрия қилувчи инсонлар кўп, бироқ улар хайрия керакли манзилга етиб бориши, барча жараёнлар шаффоф ва маълум тартибда амалга ошишига ишонч ҳосил қилишни хоҳлашади. Мана шу ишларини тизимли ҳолда амалга ошириш йўлларини биргаликда муҳокама қиламиз, — деди Бобур Бекмуродов.

Иштирокчилар хайрия ривожининг долзарб масалалари, унинг аҳамияти ва эришилаётган натижаларни муҳокама қилдилар, соҳани янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар. Шу билан бирга, муҳокама мавзулари янги маданий-ижтимоий муҳитни яратиш, шунингдек, Ўзбекистонда хайрия ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш билан боғлиқ асосий вазифаларни қамраб олди. 

“Эзгу амал” фонди раиси Мунира Хожахонова ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларда қўллаб-қувватлаш нақадар муҳим эканини таъкидлади. Оғир, кўпинча даволаб бўлмайдиган касалликлар билан оғриган болаларга паллиатив ёрдам кўрсатадиган “Таскин” болалар хосписи шундай лойиҳалардан бири.

– Хосписни ташкил қилиш ҳақида ижтимоий тармоқ орқали эълон берганимизда бир ой ичида 2 млрд сўм маблағ тўплаганмиз. Хусусий сектор, давлат ва фуқаролик институтлари ҳамкорликда ишласагина, жамиятдаги муаммоларни ҳал қилишга қодир лойиҳаларни амалга ошириш мумкин. Ривожланган давлатларда ўз вақтида аниқланган онкологик касалликка чалинган беморларнинг 80% тузалиб, тўлақонли ҳаётга қайтади. Биз биргаликда ҳаракат қилиб, шундай натижага эришмоқчимиз.

Хайрия нафақат муҳтожларга ёрдам бериш, балки мамлакат келажагига сармоя киритиш, унинг инсон капиталини ривожлантириш ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш йўлида навбатдаги қадамдир.