@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталигида фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

 2024-10-24 18:06:59   |     Просмотров: 2398

24-октябрь куни Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги доирасида “Эркин фуқаролик жамияти ва нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантириш” мавзусида сессия бўлиб ўтди.

Тадбир давомида фуқаролик ташаббуслари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг замонавий жамиятларда тутган ўрни, уларнинг ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳал этишда қўшган муҳим ҳиссасига оид асосий масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилиш модератори, “Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази” раҳбари Азамат Пардаев ННТлар фуқаролар билан мулоқот ва уларни қарорлар қабул қилиш жараёнига жалб қилишга кўмаклашиб, жамият ва давлат ўртасида “кўприк” бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини таъкидлади.

Иштирокчилар нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик механизмлари, улар фаолиятининг шаффофлиги ва самарадорлигини ошириш йўлларини кўриб чиқдилар. Фуқаролар фаоллигини кучайтириш ва ижтимоий масъулиятни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

– Ўзбекистонда давлат органлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашлари фаолияти тўғрисида Президент қарори қабул қилинди. Бу кенгашларга давлат органини фуқаролар билан боғловчи “кўприк”бўлиш вазифаси юклатилди, деди “Юксалиш” ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов. – Шунингдек, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди, унда жамоатчилик кенгашларининг мониторинг, экспертиза, жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича иш шакллари, давлат органлари ва кенгаш вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилди.

“Минтақавий мулоқот”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Мюша Север эркин фуқаролик жамияти ва нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантириш демократияни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланишни таъминлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. У нодавлат нотижорат ташкилотлари ижтимоий муаммоларни ҳал этиш ва фуқароларнинг ҳаёт сифатини оширишга қаратилган ташаббусларни илгари суришда давлатнинг муҳим ҳамкори эканини алоҳида таъкидлади.

–Мен кўпинча, жаҳон зиддиятлар, экологик инқирозлар ва турли хил кескин вазиятларга тўлиб –тошган бир пайтда, Ўзбекистон ўз раҳбарияти, халқи, қўшни давлатлар билан мулоқот ва бу мураккаб дунёнинг турли қирралари билан ўзаро ҳаракатга тайёрлиги туфайли дунёда ажойиб янгиликдир, деб айтаман,-дейди Мьюша Сервер.  – Турли соҳалардаги беқиёс, улкан аҳамиятли кўп асрлик анъаналари, кўплаб иқтидорли ёшлари, барча ҳамкорлар ва меҳмонларни очиқ юз ва самимийлик билан қабул қиладига тажрибали ва юксак билимли кекса авлод вакилларига эга бўлган Ўзбекистон ҳозирги вақтда оғир даврни бошдан кечираётган бошқа жамиятлар учун ҳали кўп ишлар қилишга қодирдир. Ва бу, менинг англашимча, Президентингиз ва бошқа буюк ҳамюртларингиз Янги Ўзбекистон, дея атаётган юртга содиқликнинг яна бир намунасидир. 

Тадбирда эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш мамлакатимиз барқарор ривожланишига, демократик жараёнларни мустаҳкамлашга, фуқароларнинг давлат бошқарувида янада фаол иштирок этиши учун шароит яратишга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Қозоғистон Фуқаролик Альянси президенти Бану Нургазиева эркин фуқаролик жамияти ижтимоий адолатга эришиш ва ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг муҳим воситаси эканлигини таъкидлади.

– Қозоғистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам давлат институтларини ривожлантириш учун ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилмоқда, – дейди Бану Нургазиева. – Нафақат қонунчиликни такомиллаштириш, балки нодавлат секторни институционал ривожлантиришга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ва ногиронлиги бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш масаласи давлат томонидан алоҳида назоратга олинган. Амалга оширилаётган ушбу ва бошқа чора-тадбирлар мамлакатимизда демократик жараёнларни чуқурлаштириш, Ўзбекистонда янада кучли ва самарали фуқаролик жамиятини шакллантиришга хизмат қилади. 

Маълумот: Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги 17-26 октябрь кунлари давом этади. Тадбирда Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлардан 300 га яқин экспертлар иштирок этмоқда.