Ўзбекистон ННТ вакиллари Европа маҳаллий демократия ассоциацияси вакиллари билан учрашди
«Юксалиш» ҳаракати вакиллари Европа маҳаллий демократия ассоциацияси (ALDA) ташаббуси билан учрашув ўтказдилар ва бир қатор соҳа бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.
Хорижий меҳмонлар ташрифига кўзланган асосий мақсад – Марказий Осиё минтақасидаги нотижорат ташкилотлари, жумладан, рақамли инновациялар сектори, гендер масалалари, инсон ҳуқуқлари, таълим, экология, иқлим ўзгариши ва бошқа соҳа бўйича ҳамкорлик қилиш имкониятларини ўрганишдан иборат. Ўзбекистонга ташриф олдин хорижий ташкилот мутахассислари Тожикистон ва Қозоғистонда бўлди.
ALDA вакиллари ташаббуси билан пойтахт ва вилоятлардан ННТ– Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази, «НИХОЛ» ташаббусларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш маркази, «Истиклол Авлоди» фаоллари иштирок этди.
Тадбир давомида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни тарғиб қилиш билан боғлиқ бир қанча муҳим масалалар тилга олинди. Мулоқот жараёнида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ёшлар дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ногиронлар ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш, нотижорат ташкилотлари салоҳиятини ошириш масалалари ҳам кўтарилди.
Ушбу учрашув бир қатор муҳим масалалар бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича белгиланган мақсадларга эришиш имкониятларини муҳокама қилиш имконини берди. ALDA вакиллари, шунингдек, ташриф якунлари бўйича Марказий Осиёнинг ҳар бир мамлакати учун молиялаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш режалаштирилаётганини таъкидладилар.
Маълумот учун: ALDA 1999-йилда Европа Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган ва 300 дан ортиқ аъзоларни, шу жумладан 45 дан ортиқ мамлакатларнинг маҳаллий ҳокимият органлари ва фуқаролик жамияти ташкилотларини бирлаштиради. ALDA аъзолик бадаллари, шунингдек Европа комиссияси, Европа Кенгаши ва бошқа давлат ва хусусий донорлар томонидан лойиҳаларни молиялаштириш ҳисобига молиялаштирилади.