@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“ННТлар мактаби”нинг навбатдаги битирувчилари Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни мониторинг қилиш методологиясини ўрганди

 2024-06-29 19:09:01   |     Просмотров: 2041

Жорий йилнинг 25—28 июнь кунлари Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан 28 нафар нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари навбатдаги “ННТлар мактаби” доирасида билим ва кўникмаларини оширди. Бу галги мактаб мавзуси “Барқарор ривожланиш мақсадлари ва уларга эришишни мониторинг қилиш методологияси” бўлди.

Тренинглар “Юксалиш” ҳаракати томонидан Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) молиявий кўмагида ташкил этилди.

Маълумот учун: 2022 йилда “Юксалиш” ҳаракати ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланган. Меморандум доирасида икки мамлакатнинг фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик ўрнатиш кўзда тутилган бўлиб, маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари салоҳиятини ошириш мақсадида “Корея-Ўзбекистон ННТлар мактаби” таълим дастури ишга туширилган.

2023 йилда Кореянинг “Global Civic Sharing” нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда “Барқарор ривожланиш мақсадлари соҳасида сиёсий салоҳиятни ва Марказий Осиёда фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш” лойиҳаси йўлга қўйилди. KOICA томонидан қўллаб-қувватланган мазкур уч йиллик лойиҳа доирасида “ННТлар мактаби” ташкил этилди.

Бу йил еттинчи марта ўтказилаётган “ННТлар мактаби” шу вақтга қадар 120 нафар фуқаролик жамияти вакилларининг лойиҳа ёзиш ва уларни бошқариш бўйича салоҳиятини ошириш, ташкилий ривожланиш, илғор тажрибалар билан алмашиниш учун самарали платформа бўлиб хизмат қилмоқда.

Навбатдаги мактаб иштирокчилари барқарор ривожлаш мақсадларининг аҳамияти ва уларга эришиш кўрсаткичлари, мустақил миллий шарҳ ва муқобил ҳисоботни тайёрлаш методлари, фуқаролик жамияти ташкилотлари томонидан ўтказиладиган мониторинг усуллари, баҳолаш воситаларини ўрганди. Бундан ташқари, кореялик мутахассислар Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишдаги халқаро тажрибани баҳам кўришди.

“Яқинда Корея президентининг Ўзбекистонга ташрифи икки халқ муносабатларини янги босқичга кўтарганига гувоҳ бўлдик. Асосий мақсадимиз – Кореядаги нодавлат ташкилотларини Ўзбекистонга жалб қилиш, экспертлик кўмаги, турли инновацион ғояларни олиб киришга ёрдам бериш. Ҳамкорлик доирасидаги тўрт кунлик интенсив тренингларга кореялик экспертларни жалб этдик. Келгусида Ўзбекистондаги ННТлар вакилларига Кореяда малака ошириш имконини бериш ҳам кўзда тутилган”, - деди KOICA’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Со Ван Су.

“Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва глобал стратегик режалаштириш бўйича эксперт сифатида мен турли мамлакатлардаги ривожланиш тараққиёти ва БРМни амалга оширилишини яқиндан кузатиб келмоқдаман. Тарих ва маданиятга бой давлат бўлган Ўзбекистон 2015 йилда қабул қилинган БРМга эришиш йўлида илғорлик кўрсатиб келмоқда. Мамлакатнинг ресурсларини тўғри сафарбар этиши, институтларни мустаҳкамлаши ва ҳамкорликни ривожлантиришга содиқлиги барқарор ривожланиш учун кучли намуна бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистон бу йўлда давом этар экан, 2030 йилга бориб ўзининг барча фуқаролари учун янада фаровон ва адолатли келажакка ўз ҳиссасини қўшган ҳолда мақсадларга эришиш йўлида муҳим қадамлар қўйишга тайёрлигини кўрдим”, - деди кореялик эксперт Сунг Хо Ли.

“ННТлар мактаби”ни тамомлаган вакиллардан иборат Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни мониторинг қилиш бўйича мутахассислар тармоғини шакллантириш, республика бўйлаб тренер-маслаҳатчилар тайёрлаш, мониторинг ва баҳолаш режаларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Мактаб битирувчиларига сертификатлар топширилди.

 “Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати