@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Factchecking ва информацион хавфсизлик

 2024-04-02 15:13:21   |     Просмотров: 1662

“Биз информацион асрда яшаяпмиз” деган ибора ҳаммага таниш ва оддий гапга айланди. Бироқ бу ибора жуда мураккаб ва кенг қамровли бўлиб, унинг информацион сиёсатида намоён бўлиши шу соҳада иш юритаётган одамлардан тегишли тайёргарликни тақозо этади. Бу соҳада ўзига яраша бир қатор тушунча ва атамалар мавжуд, масалан, информацион макон, информацион таъминот, информацион бозор, информацион истеъмол, информацион сиёсат, информацион хавфсизлик ва бошқалар.

Информацион жараёнларда адашиб қолиш осон. Биз ахборотнинг истеъмолчиси сифатида қуйидаги уч тоифа маълумотларни доим қабул қиламиз, яъни: маълумот тўла ва тўғри; тўғри, лекин, чекланган (тўла эмас), бутунлай ёлғон ва нотўғри. Улардан қайси бирини қабул қилганимизни дарров айтолмаймиз.

Иқтисодиётда “таъминот занжирлари” деган тушунча бор, уни информацион соҳага қўллаб “маълумот занжирлари” деб унда айнан маълумотнинг манбадан тортиб истеъмолчигача етиб келиш жараёни назарда тутилади. Ва бу маконда маълумот оқими тоза ёки булғанган бўлиши мумкин. Шундай экан, юқорида айтилган уч тоифа маълумотларни ҳар бир конкрет вазиятда бир- биридан қандай ажратиш мумкин?

Factchecking (фактчекинг) деган услуб мавжуд, бу – маълумотни текшириш дегани. Унинг мақсади маълумотга масъулиятли ёндашган ҳолда истеъмолчига ҳаққоний маълумотни етказиш ва ёлғон маълумотдан холи таъминот занжирларини яратишдир. Буни айтиш осон, аммо бунга эришиш жуда қийин.

Ҳаммага маълум, информацион макон бугунги кунда миш-мишлар, уйдирмалар, бўҳтонлар, манипуляциялар, фейклар ва шуларга ўхшаш зарарли жараёнларга тўлиб кетмоқда. Шунинг учун, албатта, маълумот келиши билан дарров унга ишониш нотўғри бўлади, демак, маълум даражада маълумотга шубҳа билан қараш зарур бўлади. Фактчекингнинг асосий талабларидан бири – бу маълумотнинг бирламчи манбасини топиш ва муайян маълумотни бир неча манбалар орқали текшириб кўриш.

Шуни унутмаслик керакки, ҳаммамиз ахборот ташувчимиз ва ахборотни тарқатишда ҳамда қабул қилишда объектив талқинлар билан бир қаторда субъектив талқинлар ҳам кўп бўлади. Бир вақтлар машҳур сиёсатшунос олим Ганс Моргентау: "Биз ўз таҳлилимизда сиёсатчининг шахсий мотивларини миллий манфаатлардан ажрата билишимиз зарур", деб огоҳлантирган эди. Дарҳақиқат, муайян маълумот ёки хабар кимнинг манфаатига кўпроқ жавоб беради, деган саволни ўрганиш муҳимдир.

Фактчекингда маълумотни тасдиқловчи манбалардан ташқари, уларга муқобил бўлган томонларни ҳам талқинларини тушунишга ҳаракат қилиш керак. Ёлғон маълумот нафақат мақсадли, яъни ёвуз мақсадда тарқатилиши мумкин, балки маълум бир техникавий хато, касбий масъулиятсизлик, эътиборсизлик ва ҳатто ҳазил натижасида юзага келиши мумкин. Айниқса, ижтимоий тармоқларда айланаётган маълумотларга эҳтиёт кўзи билан қараш муҳимдир.

Келинг, ҳаётий вазиятлардан айрим мисолларни кўриб чиқамиз. 

1-мисол. Ижтимоий фикрни шакллантириш. Авторитар мамлакатларда кўп учрайдиган ҳолат: ҳокимият ўзига маъқул бўлган ижтимоий фикрни яратиш мақсадида турли пропаганда ва манипулятив маълумотлардан фойдаланади ва ижтимоий сўровлар натижаларини баъзан сохталаштириш орқали ўз фойдасига кўрсатишга ҳаракат қилади. Натижада ҳокимият ўзини ҳам, жамиятни ҳам алдайди. Демак, ҳақиқий воқеликни тўғри тасаввур қилиш учун мустақил социологик тадқиқотлар олиб борадиган марказлар бўлиши шарт. Ўшанда ижтимоий фикрнинг асл ҳолатини билишимиз мумкин.

2-мисол. Ғайриилмий, сунъий ва асоссиз маълумотлар орқали жамиятни соҳта ғояларга ишонтириш ва муайян сиёсий қарорга эришиш. Масалан, меҳнат муҳожирлар (мигрантлар) масаласини рўкач қилган ҳолда айрим экспертлар Ўзбекистон Евроосиё Иқтисодий Иттифоқ деган ташкилотга кириши кераклигини асослаб беришга ҳаракат қилмоқда. Ваҳоланки, бундай сиёсий қарорни қабул қилишни асословчи барча далиллар бу борада соҳта бўлиб чиқди. Демак, илмий фактчекинг қилсак, мигрантларнинг масаласини ЕОИИга аъзо бўлиш-бўлмаслик масаласи билан аралаштирмаслик керак.

3-мисол. Ёлғон стереотиплар. Масалан, кўплаб одамлар мафкуравий оғишга чалиниб, аксил-ғарбона тасаввурларга эга бўлиб, доим АҚШни, Европани қоралаб юради ва шу орқали Ғарбни бизнинг мамлакатимиздан ўзлари билган-билмаган ҳолда бегоналаштиради. Мисол учун, Россияни Украинада олиб бораётган урушни оқлаш мақсадида одамлар умуман текширилмаган (яъни фактчекинг қилинмаган) маълумотга таяниб, масалани яхши ўрганмасдан туриб, Украинада Россия неонацизмга қарши курашяпти, деб таъкидлашади.

4-мисол. Буюртма. Шуни ҳам инобатга олиш керакки, оммавий ахборот воситаларининг "эгалари" бўлади ва улар, керак бўлса, ўз томонидан буюртма бериб маълумотни нохолисона талқин қилишга ҳисса қўшиши мумкин. Бир томондан, давлат ОАВда маълумот тарқалишини назорат қилиши мумкин; иккинчи томондан, хусусий ОАВларнинг эгалари ёки йирик ҳомийлар маълумотни муайан шаклда ва мазмунда тарқатишга таъсир қила олади. Шулар қаторига телевидениедаги пропаганда каналлари ва интернет сайтлари ҳам киради. Дарвоқе, пропаганда каналларининг зарарли таъсирига барҳам бериш мақсадида айрим давлатларда уларни тўхтатиш ва блоклаш чораси ҳам кўриляпти.

5-мисол. “Троллар фабрикаси”. Бугун у кенг тарқалиб кетди. Мисол учун, ижтимоий тармоқларда ёки Youtube каналларида олим, экспертларнинг интервью ва суҳбатлари остига ёзиладиган изоҳларнинг кўплари номсиз тролларники бўлиб, улар шу олимлар ва экспертларни қоралаш, уларнинг шаънига доғ тушириш мақсадида тамғалар осиш, бўҳтонлар тарқатиш билан овора бўляпти. Бу “фаолият” эса кўпинча мақсадли бўлиб, инсон тўғрисида ёлғон тасаввур уйғотишга олиб келади. Демак, бу масалада фактчекинг изоҳлар орасида шахсиятга доғ туширувчи, ҳақоратли, тамғалар осувчи гапларни ажратиш орқали амалга оширилади.

Хулоса ўрнида... Информацион маконда оддий инсонларнинг тирикчилигидан тортиб то миллий хавфсизликка оид маълумот занжирлари давлат ва жамият ҳаётига турлича таъсир қилиб келмоқда. Айниқса, миллий хавфсизлик, тўғрироғи, ахборот хавфсизлиги соҳаси бугунги кунда давлатнинг ички ва ташқи сиёсатида проактив ёндашувни тақозо этмоқда. Боз устига, энди ҳаётимизга шартли равишда “анъанавий” маълумот юришидан ташқари сунъий интеллект кириб келмоқда. Сунъий интеллектни фактчекинг қилиш у ёқда турсин, унинг ўзи инсонларни чекинг қилиш хавфи тўғрисида бугун бутун дунё бонг урмоқда. Мана шу воқеликка тезкор равишда тайёрланиб боришимиз даркор.

Фарҳод Толипов, сиёсатшунос (PhD)