Ҳуқуқий акция: 30 та локацияда 2 мингга яқин фуқарога маслаҳатлар берилди
Жорий йилнинг 27—28 март кунлари “Юксалиш” ҳаракати, Ўзбекистон Нотариал палатаси ва “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида “Нотариуслардан бепул ҳуқуқий билимлар” шиори остида навбатдаги акция ўтказилди.
Мақсад – фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, аҳоли билан мулоқот механизмини яратиш, ҳуқуқни қўллаш соҳасида муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилган фикр-мулоҳазаларни тайёрлаш. Шунингдек, фуқароларга турли ҳуқуқий муаммоли масалаларда амалий ёрдам кўрсатиш.
Бу галги акцияда республикамизнинг 30 та локациясида 137 нафар нотариус ва юрист ходимлари томонидан 1 660 дан зиёд фуқарога якка тартибда бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Бундан ташқари, аҳоли билан 30 дан зиёд давра суҳбарлари ва учрашувлар ўтказилди.
Акция давомида фуқаролардан ижтимоий-ҳуқуқий масалалари бўйича – 906 та, автотранспорт олди-сотдиси – 360 та, меҳнат ва оилавий муносабатлар – 270 та, кўчмас мулк олди-сотдиси – 220 та, васиятнома ва мерос – 170 та, ҳужжат таржимасини тасдиқлаш ва миграция масалалари – 74 та мурожаат келиб тушди ва уларга тушунтиришлар берилди. 500 дан зиёд гуқарога турли масалаларда ариза ёзишда ёрдам берилди.

Ҳуқуқий акцияда энг кўп фуқаро Қашқадарё вилоятида иштирок этди – 249 нафар.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг Нотариал палатага бағишланган бобида аҳолининг ҳуқуқий билимларини ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга ошириш белгилаб қўйилган.
“Юксалиш” ҳаракати ва Нотариал палата ўртасидаги ҳамкорлик 2020-йил сентябрь ойида икки ташкилот ўртасида имзоланган Меморандум доирасида йўлга қўйилган. Шу вақтгача фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, нотариат соҳасини ислоҳ қилиш жараёнига фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, эксперт ва олимларни фаол жалб этиш, шу жумладан, хайрия тадбирлари ва жойларда тарғибот ишларини ўтказиш билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.
“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати