@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Евроосиё жамғармаси билан ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди

 2024-01-17 19:16:00   |     Просмотров: 1535

2024 йилнинг 16 январь куни “Юксалиш” ҳаракати раиси ўринбосари Асқар Маматхонов Евроосиё жамғармаси (Eurasia Foundation) президенти Лиза Колл (Lisa Coll) хоним билан учрашди.

Учрашувда, шунингдек, Евроосиё жамғармасининг Фуқаролик фаоллиги ва лидерлиги бўлими раҳбари Грач Топалян (Hrach Topalyan), Жамғарманинг Марказий Осиёдаги ижтимоий инновациялар (SICA) дастури мамлакатлар бўйича координатори Фарҳод Отажонов ва бошқалар иштирок этди.  

Дастлаб меҳмонлар “Юксалиш” ҳаракатининг мақсад ва вазифалари, фаолият йўналишлари ҳамда халқаро грантлар доирасидаги лойиҳалари билан таништирилди. Жумладан, бугунда Ҳаракатнинг республика бўйлаб 14 та ҳудудий бўлинмаси фаолият юритаётгани, 50 мингдан зиёд аъзоларига, 200дан ортиқ маҳаллий ва хорижий экспертлар кенгашига эга экани, йил бошидан халқаро ташкилот сифатида рўйхатдан ўтгани таъкидланди. Шунингдек, Ҳаракат қошида Халқаро мунозара клуби, Фуқаролик жамияти форуми ҳамда Мустақил экспертлар альянси фаолияти маҳаллий ва минтақавий миқёсда кенгайиб бораётгани қайд этилди.

“Юксалиш” ҳаракатининг Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Шамшод Юнусов айни пайтда Евроосиё жамғармаси ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги  билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани, хусусан, “Марказий Осиёдаги ижтимоий инновациялар” дастури доирасида турли долзарб мавзуларда туркум жамоатчилик муҳокамалари тадбирлари ўтказиб келинаётгани ҳақида маълумот берди.

Ўз навбатида, Лиза Колл хоним ташкил этилган учрашув учун миннатдорлик билдириб, Жамғарма ҳамкорлик йўналишларини янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини айтди.  

Сўнгра Жамғарма вакиллари Ўзбекистонда “Ижтимоий корхоналар акселератори” (SEAI) лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилаётгани, унинг мақсади – мамлакатда ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай муҳит яратиш, шунингдек, қашшоқлик, тенгсизлик ва иқлим ўзгариши каби долзарб муаммоларга барқарор ечимлар яратишга йўналтирилишини маълум қилди.  

Ҳаракат томонидан ушбу лойиҳани биргаликда амалга оширишда кўмаклашиш имкониятлари кўриб чиқилиши билдирилди.

“Юксалиш” ҳаракати матбуот хизмати