“Юксалиш” ҳаракати вакиллари БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси иштирокчи-давлатлари конференциясида қатнашди
“Юксалиш” ҳаракати ходимлари жорий йилнинг 9-15 декабрь кунлари илк бор БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси иштирокчи-давлатларининг Атланта шаҳрида ўтказилган 10-конференциясида иштирок этди.
Маълумот учун: БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси иштирокчи-давлатлари конференцияси – Конвенцияга аъзо давлатлар томонидан халқаро шартноманинг имплементацияси, амалиётчилар ўртасида тажриба ва билимлар алмашиш ҳамда кун тартибидаги муҳим масалаларни муҳокама қилиш учун халқаро майдон ҳисобланади.
БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси томонидан анъанавий ташкил этиладиган ушбу конференция сессияларида “Юксалиш” ҳаракатининг Дастурлар ва ҳамкорлик бўлими бошлиғи Ш.Юнусов, Ҳаракат қошидаги “Аксилкоррупция лабораторияси” лойиҳаси менежери Л.Стайшюнайте, лойиҳа координатори Ш.Ҳаққулов иштирок этди.
Конференция доирасида икки муҳим тадбир: “Ёш инноваторлар форуми” ва “Фуқаролик жамияти форуми” ташкил этилди. Форумларда фуқаролик жамиятининг ёш вакиллари эришган ютуқлари билан ўртоқлашди, инновацион лойиҳалари ҳақида сўзлаб берди. Спортдаги коррупцияга бағишланган театрлаштирилган спектакль намойиш этилди, унда коррупцияга қарши фаол курашишга чақириқлар бор.
Конференциянинг ишчи гуруҳ йиғилишларида экологик жиноятлар ва коррупция мавзуларидаги янгиланган ахборотлар тақдим этилди. Иштирокчилар фуқаролик жамияти томонидан ишлаб чиқилган Атланта декларацияси лойиҳасини кўриб чиқди. Ушбу Декларацияда сиёсий молиялаштириш, профилактика чоралари, экологик жиноятлар ва манфаатдор мулк шаффофлиги масалалари ўрин олган. Коррупция, давлат харидлари, гендер ва коррупцияни баҳолаш бўйича янги маълумотлар киритилган.
Конференциянинг ялпи йиғилишларида, шунингдек, коррупцияга қарши чоралар самарадорлиги, аксилкоррупция бўйича халқаро суд, сиёсий молия ва ёшларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди. “Коррупцияга қарши курашишда фуқаролик маконини ҳимоя қилиш” мавзусидаги сессияда фуқаролик фаоллари ва оммавий ахборот воситаларининг коррупция ҳолатлари ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлган ҳолатларни ёритиш бўйича биргаликдаги ҳаракатлари ҳақида сўз юритилди.
Конференция якунида Фуқаролик жамияти декларацияси қабул қилинди. Ҳамда расмий ёпилиш маросимида БМТнинг Коррупцияга қарши коалициясининг конвенцияси баёноти ўқиб эшиттирилди.
БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси иштирокчи-давлатлари конференциясида бутун дунё нодавлат нотижорат ташкилотларининг 900 га яқин вакиллари иштирок этди. Ўзбекистондан вакил – “Юксалиш” ҳаракати бўлди.
"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати