@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Давлатнинг ННТлар билан ижтимоий ҳамкорлигини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди

 2023-11-16 15:38:00   |     Просмотров: 1592

Давлатнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ижтимоий ҳамкорлигини такомиллаштириш масалалари 16 ноябрь куни Тошкентда Фуқаролик жамияти ҳафталиги доирасида ташкил этилган давра суҳбатида муҳокама қилинди.

Мақсад – фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ижтимоий лойиҳаларини амалга оширишдаги иштирокини кенгайтириш, ижтимоий буюртмаларни тақсимлашнинг соддалаштирилган механизмини яратиш, унинг шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлаш. Шунингдек, “Ижтимоий буюртма тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш.

Тадбирда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди вакиллари иштирок этди.

Сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли ва аҳамиятини, ижтимоий фаоллиги ва фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида 2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Концепциянинг устувор йўналишларидан бири давлат ижтимоий лойиҳаларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини янада кенгайтириш белгиланди.

Маълумки, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватланади.  

Концепциянинг 12-бандида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ягона вертикал тизимини жорий қилиш, бунда, давлат субсидиялари, грантлар ва ижтимоий буюртмалар бериш тартибини соддалаштириш назарда тутилган.

 

Бироқ шу кунга қадар ижтимоий буюртмалар бериш тартиби ўта мураккаб ва бюрократик бўлиб қолмоқда. Давлат органлари ижтимоий буюртмалар ажратишни рағбатлантириш, молиялаштиришнинг аниқ механизми мавжуд эмас.

Тадбирда давлат ва нодавлат ташкилотлари учун ижтимоий шерикликнинг мавжуд имкониятларига, ижтимоий шериклик доирасида давлат, тадбиркорлик ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигига,  энг яхши халқаро тажрибаларга тўхталиб ўтилди.  Бундан ташқари, иштирокчилар томонидан 2014 йилда қабул қилинган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистонда фаолият юритаётган ННТлар, хусусан, “САБР” ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш маркази, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти давлатнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ижтимоий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича эришган натижалари билан ўртоқлашди.

Давра суҳбати “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Олий Мажлис ҳузуридиги жамоат фонди, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси, АҚШ Халқаро тараққиёт агентоиги ҳамда Фридрих Эберт номидаги жамғармaнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати