"Yuksalish Talks": Бошқарувда аёллар
Жорий йилнинг 17 ноябрь куни Фуқаролик жамияти ҳафталиги доирасида TED Talks форматидаги конференция бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар ўзларининг "Муваффақият тарихи" – ижтимоий ва сиёсий майдонда иштирок этиш тажрибаси, шунингдек, аёлларнинг қарор қабул қилиш жараёнларига таъсири, ташкилотларни бошқаришда аёлларнинг роли, ютуқлар ва тўсиқлар билан ўртоқлашди.
Тадбир мақсади: Хотин-қизларнинг сиёсат ва жамият ҳаётидаги ўрни, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига таъсирини муҳокама қилиш, мамлакат ҳаётида янада фаол иштирок этишга чақириш. Ёш қизларга мотивация бериш.
Аҳамияти: Адолатли ва тенг ҳуқуқли жамият яратиш учун бошқарувда гендер тенглиги муҳим аҳамиятга эга. Аёллар бошқарувга ўзига хос ва анъанавий ёндашувлардан фарқ қиладиган янги ғоялар, билим ва тажрибаларни, хилма-хиллик ва инклюзивликни олиб келиши мумкин. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, юқори лавозимларда аёллар ишлайдиган компания ва ташкилотлар кўпинча самаралироқ ва даромадлироқдир. Бунинг сабаби аёлларнинг ижтимоий масъулиятни кўпроқ ҳис қилиши билан боғланади. Шунга қарамай, аёллар ҳали ҳам бутун дунё бўйлаб бошқарувда озчилик бўлиб қолмоқда. Аёлларнинг юқори лавозимларни эгаллашига тўсқинлик қилиши мумкин бўлган қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, иш жойидаги камситишларни бартараф этиш зарурати туғилмоқда. Жамият аёлларнинг бошқарувда юқори лавозимларни эгаллашини, уларнинг малакаси ва етакчилик фазилатларини тан олиб, қўллаб-қувватлаши керак.
Маълумот учун: Сўнгги йилларда Ўзбекистонда қарорлар қабул қилиш жараёнида хотин-қизларнинг иштироки сезиларли даражада ортиб, тадбиркорлик соҳасида 37 фоизга, сиёсий партияларда 46 фоизга, олий таълимда 48 фоизга етди. 2022-йилда Ўзбекистонда бошқарув ходимлари таркибидаги аёллар улуши 28,2 фоизни ташкил этди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 33 фоизи, Сенат аъзоларининг 24 фоизи, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатларининг 25 фоизи аёллардир. Мамлакатимизда барча давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг камида 1 нафар ўринбосарини хотин-қизлар орасидан тайинлаш тизими жорий этилди. Бугунга аёллар 2 мингга яқин давлат ва жамоат ташкилотларига раҳбарлик қилмоқда.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳар йили давлат тузилмалари ва ташкилотларидаги раҳбар аёллар рейтингини эълон қилади. Жорий йилги рейтингдан нодавлат тузилмалари вакилалари ҳам ўрин олди. Чунки бугунда давлат сиёсатини шакллантиришда ва қарорлар қабул қилишда улар ҳам фаол иштирок этмоқда.
Конференцияда аёлларнинг бошқарувда иштирок этиши ва муваффақиятларга эришиши учун шарт-шароит яратиш, давлат ва жамият ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий масалаларни ҳал қилишда, долзарб аҳамиятга эга бўлган қарорларни қабул қилишда уларнинг иштирокини янада кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати