@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Фуқаролик жамияти ҳафталиги” бошланди

 2023-11-14 15:31:54   |     Просмотров: 2763

5 кун, 13 та ҳудуд, 2 мингдан зиёд иштирокчи, 22 та мавзуда форумлар, очиқ муҳокамалар, давра суҳбатлари, тақдимот ва тақдирлашлар

Бугун, 14 ноябрь куни Ўзбекистон бўйлаб ўтказиладиган “Фуқаролик жамияти ҳафталиги”га старт берилди. Ҳафталик тўрт кун мобайнида икки мингдан зиёд иштирокчилар — вазирлик ва идоралар, маҳаллий бошқарув органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, экспертлар, фаол фуқаролар ва оммавий ахборот воситалари вакилларини битта “мулоқот майдони”га жамлайди.

Мақсад — Ўзбекистонда эркин ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни миллий ва халқаро ҳамжамиятга етказиш. Фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, тавсия ва таклифлар ишлаб чиқиш.

Очилиш маросимида таъкидланганидек, бугун Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтлари қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштиришда, давлат дастурларини ҳаётга тадбиқ қилишда, ислоҳотлар самарадорлигини оширишда фаол иштирок этмоқда. Фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки кенгаймоқда. “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” тамойили асосида барча масалалар бўйича халқимиз билан бамаслаҳат иш тутилмоқда. 

Давлат фуқаролик жамияти институтлари ва уларнинг ташаббусларини нима учун қўллаб-қувватлайди? Жавоби оддий –уларнинг давлат ва жамиятни демократлаштиришдаги ўрни ва аҳамияти, фикрлар хилма-хиллиги, турли нуқтаи назарларни инобатга олиш муҳимлиги тараққиётнинг омили сифатида англанмоқда.

Мустақилликнинг илк йилларида нодавлат нотижорат ташкилотлари сони атиги 100 та бўлган бўлса, ҳозирги кунга келиб улар 9 мингтадан ошади. Сўнгги 6 йилда адлия органлари томонидан рўйхатга олинган янги нодавлат нотижорат ташкилотлари сони 3 188 тани ташкил этади.

Жамоат ташкилотлари ташаббусларини молиялаштиришда  жадал ўсиш кузатилмоқда. Хусусан, 2022 йилда фуқаролик жамияти институтларининг дастур ва лойиҳаларига 97 млрд 755 млн сўм миқдорида давлат грантлари, ижтимоий буюртмалар ва субсидиялари ажратилган.

Кейинги йилларда фуқаролик жамияти институтларини рағбатлантириш механизмлари ҳам мақсадли такомиллаштирилиб, кафолатлар мустаҳкамланмоқда. Жумладан:

  • 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди
  • ННТларни давлат рўйхатидан ўтказишда давлат божи 5 бараварга
  • уларнинг рамзларини рўйхатдан ўтказиш божи 2,5 бараварга
  • ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, хотин-қизлар ва болалар ННТларини рўйхатга олиш божи эса 50 фоизгача камайтирилди
  • ННТларни давлат рўйхатга олиш бўйича аризаларни кўриб чиқиш муддати 2 ойдан 1 ойга қисқартирилди
  • ННТлар барча солиқ ва мажбурий тўловлардан озод этилди

Ҳозирда ННТлар фаолияти билан боғлиқ барча хизматлар e-ngo.uz ягона портали орқали электрон тарзда кўрсатилмоқда. Ҳар бир вилоят марказида фуқаролик жамияти институтлари бепул жойлаштириладиган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари” фаолият кўрсатмоқда.

2021 йилда Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Концепцияда 5 йилга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар белгилаб қўйилди.

Жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам

  • Ўзбекистонни фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича хабга айлантириш
  • Ижтимоий шерикликда амалга ошириладиган лойиҳалар сонини камида 3 бараварга кўпайтириш
  • Давлат дастурларида иштирок этаётган нодавлат нотижорат-ташкилотлари сонини камида 80 тага етказиш мақсадлари белгиланди.

Бугун фаол фуқаролар, нодавлат ташкилотлари муҳим масалаларни жамият кун тартибига олиб чиқмоқда. “Жамоатчилик эшитуви”, “жамоатчилик муҳокамаси”, “жамоатчилик мониторинги” каби таъсирчан замонавий назорат шаклларини амалда қўлламоқда. Мамлакатимизда жорий йилда ўтказилган Конституция бўйича референдум, президентлик сайловларида ҳам фуқаролик жамияти институтлари сиёсий фаоллик кўрсатди. Буларнинг бари эркин ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги дадил қадамлардир.

Ҳафталик доирасида республикамизнинг 13 та ҳудудида фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалаларига оид 22 та мавзуда форумлар, давра суҳбатлари, жамоатчилик муҳокамалари, TED Talks форматидаги тадбирлар бўлиб ўтади. Жумладан, “Ичимлик суви таъминоти ва ундан оқилона фойдаланишнинг долзарб масалалари” форуми, “Ўзбекистонда ижтимоий масъулиятли бизнес. У қандай бўлиши керак?” бизнес форуми, “Ўзбекистоннинг ҳуқуқий тизимини ногиронлик масалаларини ҳисобга олган ҳолда гендер тенглигини таъминлаш”, “Давлатнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ижтимоий ҳамкорлигини такомиллаштириш” мавзуларида давра суҳбатлари, шунингдек, “Ўзбекистонда самарали маъмурий ислоҳотлар жараёнида идоралараро мулоқот ва ҳамкорлик” каби экспертлик муҳокамалари режалаштирилган.

Анъанага кўра, Ҳафталик “Орамиздаги қаҳрамонлар” лойиҳасида эътироф этилган ҳамюртларимизни ҳамда энг фаол нодавлат нотижорат ташкилотларини тақдирлаш маросими билан якунланади.

17 ноябрга қадар давом этадиган Ҳафталик нотижорат ташкилотлари, давлат идоралари ва бизнес ҳамжамияти вакиллари иштирокида фуқаролик жамиятининг келажаги ва уларнинг ривожланиш истиқболларини муҳокама қилиш, тажриба ва инновацион ғоялар билан алмашиш, янги ҳамкорлар орттириш учун “мулоқот майдони” бўлиб хизмат қилади.

Ҳафталик “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Олий Мажлис Сенати, Адлия вазирлиги, Халқаро пресс-клуб ва қатор халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилмоқда.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати