Сўровнома: Ёзги таътил вақтида ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилиши ҳолатлари ўрганилди
Бугунги кунда Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам бериш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаларини нафақат аҳоли, балки бутун жаҳон эътироф этмоқда. Пахта етиштириш ва ҳосилни йиғиштириш учун барча турдаги уқув юртларининг ўқувчи, талаба ва муаллимларини ўқув йилининг бошланишини билан дала майдонларига “ҳайдаш” амалиётига барҳам берилди.
Сўнгги йилларда педагог ҳодимлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва уларнинг меҳнатига муносиб шароитлар яратиб бериш мақсадида бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди ва ўзгартиришлар киритилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида белгилаб қўйилди. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилишни ўз зиммасига олди. Бироқ ижтимоий тармоқларда ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилишига оид хабарлар ҳам йўқ эмаслигига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги ва айнан соҳа эгаларининг кундалик ҳаётида қанчалик акс этаётганини ўрганиш мақсадида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан мактабларда янги ўқув йили бошланишидан олдин ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилиниши ва улар томонидан мактаб таъмири ва бошқа харажатларни ўз ҳисобидан амалга оширишига тўғри келганлиги ҳолатлари аноним сўров асосида ўрганилди.
Сўровномада бутун республика бўйлаб жами 5 745 нафар мактаб ўқитувчи ва мураббийлари иштирок этди. Респондентларнинг 1 878 нафари эркак (32,7%) ва 3 867 нафари аёл (67,3%) педагогларни ташкил этди.
Сўровномада ёзги таътил даврида мажбурий меҳнатга жалб қилинганлиги тўғрисидаги саволга иштирокчиларнинг аксарияти
(92,3%) таътил давомида мактаб раҳбарияти томонидан ишга чақирилмаганлигини таъкидлаганлиги бу йўналишда амалга оширилган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганлигини кўрсатади. Бироқ респондентлар орасида таътил давомида мажбурий меҳнатга жалб қилинганлари ҳам борлиги (7,7%) бу йўналишда назоратни кучайтириш лозимлигидан далолат бермоқда.
Янги ўқув йилига тайёргарлик кўришда ўқитувчи ўз ёнидан харажат қилдими?
Шунингдек, сўровноманинг яна бир асосий масалаларидан бири “Янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнида ўз шахсий маблағлари ҳисобидан харажат қилишига тўғри келдими?” деган савол бўлди. Ушбу саволга респондентларнинг 4 987 нафари (86,8%) қўшимча харажат қилишга тўғри келмаганлигини билдирган бўлса, 10,1 фоизи ўз ҳисобидан 500 минг сўмга яқин, 3 фоиздан ортиғи 1 млн сўмдан кўп маблағлар ишлатишига тўғри келганлигини билдирди.
Айниқса, бу кўрсаткичлар Тошкент вилояти (48%) ва Тошкент шаҳрида (45%) юқори даражада эканлиги алоҳида эътиборга лойиқ. Бу борада алоҳида суҳбатларда маълум қилинишича, бу каби харажатларни қоплаш учун ўқитувчиларга синф хоналарини ўз ҳисобидан жиҳозлаш ва безатиш, биринчи синфларда ўйинчоқ ўйнаш учун бурчаклар ташкил этиш, синф хонасининг пол қисмидаги линолеумларни алмаштириш учун ўз ҳисобидан 3 млн сўмдан ортиқ маблағ ишлатишга тўғри келган.
Дарс соатлари адолатли тақсимланганми?
Шу билан биргаликда, аноним сўровномада ўқитувчилар ўртасида дарс соатлари қанчалик адолатли тақсимланиши масаласи ҳам ўрганилди.
Натижаларга кўра, респондентларнинг 84,4 фоизи уларга мактаб маъмурияти томонидан дарслар адолатли тақсимланишини билдирган. Бироқ 15,6 фоиз респондентлар дарс соатлари тақсимоти адолатли бўлмаслигини билдирган. Бу бўйича эътироз, айниқса, Тошкент (42%), Навоий (33%), Жиззах (22%), Самарқанд (19%) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (31%) юқори даражада эканлиги маълум бўлди.
Ўқитувчилар дарсдан ташқари ишларга жалб этилганми?
Ўқув йили бошланиши билан педагог ходимлар ўзларининг муқаддас бурчларини бажаришга киришади. Ўқитувчиларнинг дарсларни ўз вақтида бекаму-кўст ўтишлари болаларнинг дарсларни ўзлаштириши ва билимларга эга бўлишида муҳим омил ҳисобланади. Дарсдан ташқари вақтларда ўқитувчилар ўз устида ишлаши ва дарсларга қизиқарли материаллар билан тайёргарлик кўришлари талаб этилади. Бироқ баъзи ҳолларда ижтимоий тармоқларда ўқитувчилар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўзларига алоқадор бўлмаган йиғилишлари ҳамда тадбирларига жалб этилиши каби ҳолатларга гувоҳ бўламиз. Бундан ташқари, бугунги кунда мамлакатимизда янги амалиёт бўлган “Ташаббусли бюджет” доирасида мактабларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш ва уларда реконструкция ишларини амалга ошириш лойиҳаларига овоз тўплашга мажбур бўлмоқда.
Мазкур масалаларда ҳам сўровнома қатнашчилари фикри ўрганилди. Унга кўра, респондентларнинг 78 фоизи фаолиятида ўзларига юклатилган расмий мажбуриятидан ташқари вазифалар юклатилмаслигини билдирган. Лекин иштирокчиларнинг 15 фоизи “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларига овоз йиғиш вазифаси раҳбарият томонидан юклатилишини, 7 фоизга яқини маҳаллий ҳокимиятлар томонидан ташкил этиладиган турли тадбирларга жалб қилинишини малум қилган.
Умуман олганда, мамлакатимизда мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўриниши тақиқланган бўлиб, нафақат педагоглар, балки исталган касб эгаларининг мажбурий меҳнатига йўл қўйилганлиги учун қонунчиликда жавобгарлик белгиланган.
Ўтказилган жамоатчилик мониторинги ва сўровнома натижаларидан хулоса қилиш мумкинки, мактабларда ўқитувчиларнинг ҳурматини жойига қўйиш, уларнинг мажбуриятига кирмайдиган ортиқча вазифаларга жалб этишга барҳам бериш, ўқувчиларга сифатли таълим олиш учун муносиб шароит яратиш учун тизимли ислоҳотларни давом эттириш зарур. Энг муҳими, мазкур жараёнларда жамоатчилик назоратини тизимли равишда олиб бориш долзарб аҳамиятга эга.

Ўтказилган ўрганишлар якунлари бўйича қуйидаги таклиф ва тавсиялар билдирилади:
– ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этилишини олдини олиш мақсадида Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги, жамоат ташкилотлари ва меҳнат инспекциялари билан ҳамкорликда мониторинг тизимини йўлга қўйиш;
– мактабларда дарслар тақсимоти адолатли бўлиши мақсадида махсус электрон дастур ишлаб чиқиш. Бу орқали дарслар тақсимотида инсон омилини камайтириш;
– kundalik.com платформаси орқали ўқитувчилар ва ота-оналар орасида мунтазам равишда мактабларда қўшимча пул йиғишларга оид аноним сўровномалар ўтказиб бориш.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати