@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Наманган вилоятида амалга оширилган жамоатчилик мониторинги тўғрисида

 2023-05-22 22:23:03   |     Просмотров: 2233

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва жамоатчилик вакиллари томонидан 2023 йилнинг 17-18 май кунлари Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг 33-мақсадига мувофиқ, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларида белгиланган асосий кўсаткичларга эришилганлик даражаси, жумладан кўп қаватли уйларни қуриш ва фойдаланишга топшириш, ижтимоий муассасаларда амалга оширилган қурилиш ишларининг Наманган вилоятидаги ижроси жамоатчилик мониторинги тартибида ўрганилди.

Маълумот учун: “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 150-бандига мувофиқ, Вазирлар Маҳмамасининг 2022 йил 25 апрелдаги 211-сон қарори билан тасдиқланган Наманган вилояти ҳудудларини 2022—2026 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастургиа асосан вилоят ҳудудида 61 та кўп қаватли уйлар, 7 та мактаблар ва 3 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари қурилиши кўзда тутилган.

Жамоатчилик мониторинги давомида Чуст, Тўрақўрғон туманлари ҳамда Наманган шаҳрида 2022 йилда фойдаланишга топширилган кўп қаватли уйлар ва ижтимоий муассасалар жойига чиққан ҳолда тегишли мутахассислар иштирокида ўрганилди. Ҳудудда барча қурилиш ишлари сифатини назорат қилишда коррупцион ҳолатлар олди олишга хизмат қиладиган “Шаффоф қурилиш” электрон тизими орқали назорат қилиб борилаётганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, қурилиши якунланган кўп қаватли уйлар ва ижтимоий муассасалар барча коммуникация тармоқларига уланган ва бино иншоотларнинг ён атрофлари ободонлаштирилган.

Чустда 5 та кўп қаватли уй, 1 та тиббиёт муассасаси ва 1 та мактаб янгидан қурилган

Мониторинг давомида кўп қаватли уйларни қуриш ва фойдаланишга топширишда бир қатор муаммо ва камчиликлар ҳам мавжудлиги аниқланди.

Асосий муаммолар қаторига 2022 йил учун режада кўрсатилган миқдордаги кўп қаватли уй-жойлар ва бошқа ижтимоий объектларнинг сейсмик мустаҳкамлигини баҳолаш бўйича электрон техник паспортлари мавжуд эмаслиги, ижтимоий муассасалар бино ва иншоотларининг кадастр паспортлари йўқлиги, ижтимоий муассасалар бино ва иншоотларида қурилиш ишларини олиб борган пудратчи ташкилотлар томонидан жиҳозлаш ва монтаж ишлари охирига етказилмаганлиги билан боғлиқ муаммолар киради.

Жумладан Чуст туманида 2022 йилда 5 та 5 қаватли кўп қаватли уй, 1 та тиббиёт муассасаси ва 1 та мактаб янгидан қуриб битказилган.

Туманда кўп қаватли уйлар туманда кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига узоқ йиллик ипотека кредити асосида берилган. Барча коммунал тармоқларга (табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви, канализация) уланган. Бироқ режада белгиланган барча кўп қаватли уйларни фойдаланишга топширишда иссиқлик тармоғига улаш монтаж ишлари пудратчи ташкилотлар томонидан ўз вақтида бажарилмаётганлиги аниқланди.

Шаҳарсозлик нормалари Давлат дастурларида назарда тутилган ижтимоий муассасаларнинг қурилишида фойдаланишга топшириш рухсатномалари фойдаланишга қабул қилиш далолатномаларини расмийлаштириш орқали амалга оширилиши сабаб бўлган. Электрон рухсатномалар шакллантирилмагани, ўз навбатида, ижтимоий объектларнинг электрон сейсмик паспортларини pasportbino.uz платформасига киритилишида муаммолар юзага келишига сабаб бўлаётганлиги маълум бўлди.

Тўрақўрғонда 3 та кўп қаватли уй қурилган, бироқ...

Тўрақўрғон туманида 2022 йилда 2 та кўп қаватли уй қурилиши белгиланган. 2022 йилда 3 та 5 қаватли бир подъездли кўп қаватли уйлар қуриб, фойдаланишга топширилган. Уйлар жамоатчилик мониторинги асосида ўрганилганда, барча қурилиш монтаж ишлари сифатли амалга оширилганлиги аниқланди. Мазкур кўп қаватли уйларни фойдаланишга қабул қилиш рухсатномалари QR-код билан махсус платформа орқали тақдим этилган. Бироқ уйларнинг сейсмик электрон паспортларини pasportbino.uz платформасига киритишда интеграциядаги муаммолар юзага келган.

Наманган шаҳрида 2 та янги мактаб фойдаланишга топширилган

2022 йилда Наманган шаҳрида 34 та кўп қаватли уйлар, 1 та тиббиёт муассасаси, 2 та мактаблар янгидан қуриб фойдаланишга топширилган.

Хусусан, “Элобод” МФЙ ва “Юксалиш” массивида янгидан қуриб аҳолига фойдаланишга топширилган кўп қаватли уйлар сифатли ва белгиланган мудатларда битирилган. Уйларни фойдаланишга қабул қилиш рухсатномалари QR-код билан тасдиқланган электрон шаклда расмийлаштирилган. Бироқ кадастр тизими билан интеграциядаги муаммолар туфайли ва pasportbino.uz платформаси тест режимида ишлаётганлигидан биноларнинг паспортларини платформада шакллантириш имкони бўлмаганлиги аниқланди.

Шу билан бирга, 2022 йилда Наманган шахрида “Келажак тонги” маҳалласида 660 ўринли 93-сонли янги мактаб, Янги Наманган тумани “Истиқбол” МФЙда 94-умумтаълим мактаби янгидан қурилиб фойдаланишга топширилган. Мактабларда бугунги кунда ўқув жараёнлари бўлаётганлиги ва тўлиқ ҳажмларда ишлаётганлиги аниқланди.

Янги мактабнинг янги “ёриқлари”

Бироқ ҳар иккита мактабда бинонинг уланган қисмлари деворларида ёриқлар пайдо бўлган. Мазкур ёриқлар 93-сонли мактаб қурувчи пудратчи ташкилоти томонидан бир неча марта ишлов бериб кетилганига қрамасдан, ёриқлар яна пайдо бўлган.

Мактаб тўлиқ жиҳозланмаган. Физика ва кимё лабаратория хоналари жиҳозлари келтирилганига қарамай, ўқув йили якунига қадар ўрнатиш монтаж ишлари амалга оширилмаган. Ҳар иккита мактабда ҳам компьютер синфларига компьютерлар келтирилмаган.

Мактаблар ўқув йили бошида фойдаланишга топширилганлигига қарамай, ҳозиргача биноларнинг кадастр паспортлари мавжуд эмаслиги аниқланди. Мактабларни фойдаланишга қабул қилиш рухсатномалари далолатнома шаклида қоғоз кўринишида тасдиқланган.

Мониторинг давомида 94-мактаб ҳудуди ёнидан Тошкент–Андижон темир йўли ўтганлиги ва темир йўл ҳеч қандай ҳимоя деворлари билан ўралмаганлиги аниқланди.

Сейсмик фаол ҳудудлардаги 3 963 та бинонинг электрон паспортлари борми?

Шунингдек, мониторинг тадбирлари давомида 2021 йил июль ойидан ҳозирги кунга қадар Наманган вилоятининг сейсмик фаол ҳудудларида жойлашган 3 963 та бино ва иншоотларнинг сейсмик электрон паспортлари pasportbino.uz платформасига киритилганлиги аниқланди. Хусусан, улардан 534 та бино ва иншоотлар Наманган вилояти Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан янги бино ва иншоотлар сифатида сейсмик паспортлари шакллантирилиб онлайн платформага киритилган.

Мониторинг давомида аниқланган ҳолатларни бартараф этиш ва фавқулотда вазиятларда аҳоли ҳаётига хавф солиши мумкин бўлган бино ва иншоотларнинг бирламчи рўйхатини олдиндан аниқлаш мақсадида қуйидаги таклиф ва хулосалар билдирилади:

– “pasportbino.uz” платформасини ҳудудий қурилиш назорат инспекцияларинининг тавсиялари асосида қайтадан кўриб чиқиш ва тўлиқ ишга тушириш;

– кўп қаватли уйлар ва ижтимоий муассасаларни янгидан қуриб фойдаланишга топширилишида фуқаролик жамияти вакиллари, хусусан туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари иштирокини таъминлаш;

– фойдаланишга топширилаётган объектлардаги мавжуд ҳолатларни доимий назорат қилиш, бу борада экспертлар ҳамда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва қурувчи ташкилотларга таъсир ўтказиш чоралари кўриш;

– ҳудудий комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича беш йиллик дастурларда белгиланган асосий параметр кўрсаткичларга эришилганлик даражаси юасидан даврий ҳисоботларни кенг жамоатчиликка эълон қилиб бориш.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати