Давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассасаларини ташкил этишда коррупция хавфи омилларини баҳолаш бўйича тадқиқот натижалари эълон қилинди
“Ўзбекистонда биринчи антикоррупция лабораторияларини яратиш” лойиҳаси доирасида 2022 йил давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида мактабгача таълим муассасалари ташкил этилиши ва уларнинг фаолиятида ноҳалоллик хавфи омиллари баҳоланди.
Маълумот учун: “Ўзбекистонда биринчи антикоррупция лабораторияларини яратиш” лойиҳаси “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати қошида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти кўмагида 2020 йилдан буён амалга оширилмоқда. Лойиҳа статистик маълумотлар, ОАВдаги мавзуга оид материаллар, илмий мақолалар, қонунчилик, республика бўйлаб мақсадли гуруҳлар ўртасида ўтказилган сўровлар ва халқаро тажрибани таҳлил қилишнинг турли усулларидан фойдаланган ҳолда коррупция хавфи омилларини ўрганиш имконини берувчи экспертлик платформасидир.
Биринчи, экспериментал босқич болаларни бошланғич синфга қабул қилишда коррупция хавфи омилларини ўрганишни ўз ичига олди,Иккинчи лабораторияда мактабгача таълимда давлат хусусий шерикликнинг хавф-хатарларини ўрганиш чоғида
Тадқиқот жараёнида Ўзбекистоннинг 7 ҳудудида – Тошкент шаҳри, Тошкент, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида интервьюлар, фокус-гуруҳлар, ижтимоий сўровлар ўтказилди. Сўровлар 413 нафар турли гуруҳ респондентлар: туман мактабгача таълим бўлимлари, ҳокимликлар, банклар вакиллари, ДХШ асосидаги мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари, тарбияланувчиларнинг ота-оналарини қамраб олди. Тадқиқотда, шунингдек, ДХШ лойиҳаларини тайёрлаш жараёнлари, лойиҳаларни танлаш, шартномалар имзолаш ва танланган лойиҳаларни амалга ошириш тизимлари кўриб чиқилди.

Институционал-ҳуқуқий таҳлил ва ижтимоий сўровларнинг дастлабки натижалари айрим давлат-хусусий шериклик жараёнлари ва тартибларининг самарасизлигини, коррупция хавфи омиллари борлигини кўрсатди. Хусусан, ариза топшириш ва расмийлаштириш, лойиҳаларни танлаш, ҳисобот топшириш механизми, ҳужжат алмашиши тизими, МТМлар фаолиятини мониторинг қилиш фаолиятининг ношаффофлиги коррупция ва ноҳалоллик хавфи пайдо бўлишига замин яратмоқда. Лойиҳаларни танлашнинг аниқ мезонлари, таълим хизматлари сифати кўрсаткичлари, коррупцияга қарши механизмлар ва ДХШ жараёнининг барча иштирокчилари учун ҳалоллик кафолатларининг йўқлиги ҳам ушбу хавфларни келтириб чиқармоқда.

Сўровда иштирок этган тадбиркорларнинг ярмидан кўпи (53 фоизи) танлов жараёни очиқ ва холис эмас, деб жавоб берган. Ҳар учдан бир қисми баъзи тендерлар белгиланган мақсадларга эришиш учун эмас, балки фақат бюджет маблағларини ўзлаштириш учун ўтказилади, деб ҳисоблайди.
Шу билан бирга, туман ҳокимликлари ва мактабгача таълим бўлимлари мутахассисларидан иборат респондентларнинг деярли ҳар бешинчиси тадбиркорлар комиссия аъзоларига шахсий хизмат кўрсатиш, нуфузли шахсларни жалб қилиш ёки пул мукофотлари бериш орқали танлов натижаларига таъсир кўрсатади, деб ҳисоблайди. Саралашда иштирок этган тадбиркорлар 22 фоизининг ҳам танлов комиссияси қарорига таъсир қилиш механизмлари мавжудлигига ишончи комил.

Туман мактабгача таълим бўлимлари вакилларининг 68 фоизи тадбиркор билан ўзаро муносабатларда ҳалоллик қоидаларини бузган давлат ҳамкорига нисбатан қандай жазо чоралари қўлланилиши ҳақида билмайди. 73 фоизи тадбиркорлар учун бу каби санкциялар мавжудлигидан бехабар.
Туман мактабгача таълим бўлимлари вакилларининг ҳар тўртдан бири тадбиркор томонидан қўшимча субсидиялар олиш мақсадида МТМлардаги болаларнинг ҳақиқий сонини ошириб кўрсатиш ҳолатлари ҳақида маълум қилган.
Туман ҳокимликлари вакилларининг учдан бир қисми хусусий тадбиркор томонидан МТМлар фаолиятини ДХШ асосида ташкил этишда ҳисобот бериш талаблари бузилаётганини таъкидлаган. Ҳокимлик мутахассисларининг 27 фоизи, банклар вакилларининг 58 фоизи тадбиркорларда молиявий қонунбузарликлар бор, деб ҳисоблайди.
Туман мактабгача таълим бўлимлари вакилларининг 47 фоизи тадбиркорлар педагогика, 42 фоизи молиявий фаолиятни ташкил этиш, 36 фоизи кадрлар сиёсатида малакали эмас, деб ҳисоблайди. Вакилларнинг учдан бир қисми тадбиркорлар ахлоқ нормаларини бузаётганига, ҳар бешинчиси тадбиркорларнинг зарур бошқарув малакасига эга эмаслигига ишончи комил.
Тадқиқот натижалари бўйича экспертлар томонидан коррупция хавфини камайтиришга доир тавсиялар ишлаб чиқилди:
- ДХШ асосида МТМлар фаолиятини ташкил этишда лойиҳа ҳужжатларини тайёрлашдан бошлаб ҳисобот беришгача максимал очиқликни таъминлаш механизмини ишлаб чиқиш ва жорий этиш. Ушбу вазифаларни шахсий маълумотларнинг ишончли ҳимоясини таъминлайдиган электрон ДХШ лойиҳаларини бошқариш платформасида бирлаштириш таклиф этилади.
- Баҳолашнинг аниқ мезонларини (кўрсаткичларини) белгилаган ҳолда ташқи мустақил аудитни, масалан, маҳаллани таъминлаш мақсадида МТМлар фаолиятини ДХШ асосида ташкил этиш бўйича барча фаолиятнинг жамоатчилик мониторинги механизмини жорий этиш.
- Жамоатчилик назорати механизмларини жорий этиш, ҳисоботларнинг барча турларини унификациялаш ва стандартлаштириш, коррупция хавфининг олдини олиш учун очиқ маълумотлар форматида ҳисоботларни нашр этилишини таъминлаш механизмларини жорий этган ҳолда ДХШ асосида МТМлар фаолиятини мониторинг қилиш тизимини қайта кўриб чиқиш.
- Хусусий тадбиркорлар, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг тегишли бўлинмалари, ҳокимликлар, ҳамкор банклар, ДХШ асосида МТМлар фаолиятини лицензияловчи ва назорат қилувчи органларнинг ҳуқуқ, бурч ва мажбуриятларини қонун ҳужжатларида аниқ белгилаб олиш.
- Ахлоқий меъёрлар ва ҳалоллик қоидаларини тасдиқлаш. Самарадорлик учун қўшимча имтиёзлар белгилаш ёки аниқланган қоидабузарликлар учун тақиқ механизмларини жорий этиш.
- ДХШ асосида МТМлар учун минимал таълим хизматлари ҳажмини аниқлаш ва таълим жараёни мезонларини баҳолаш кўрсаткичларини жорий этиш.
- Менежмент, молиялаштириш, ҳуқуқий, педагогик саводхонлик бўйича малака ошириш курсларини ташкил этиш, жараённинг барча иштирокчилари учун самарали шахслараро муносабатларни ўрнатиш.
Якуний натижалар ҳисоботда тақдим этилади. Юклаб олиш
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати