@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

БРМга эришиш соҳасида ҳамкорлик: “Юксалиш” ҳаракати Ўзбекистон ННТМА ва Барқарор ривожланиш маркази билан меморандум имзолади

 2023-02-23 18:30:00   |     Просмотров: 3212

2023 йилнинг 23 февраль куни Тошкентда “Парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва аҳолининг хабардорлигини оширишдаги ўрни” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис палаталари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тегишли вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

2015 йилнинг сентябрида Ўзбекистон дунёнинг бошқа давлатлари сингари 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибига содиқлигини билдирди ва барқарор, инклюзив, прогрессив иқтисодий ўсишни таъминлаш, ижтимоий инклюзивлик, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга ҳисса қўшиш мажбуриятини олди. Бу борада меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.

Хусусан, ўтган йилнинг февралида Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсад ва вазифаларига эришишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. 2022 йилнинг 29 декабрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенат Кенгашининг мазкур резолюцияни амалга ошириш бўйича Қўшма қарори қабул қилинди. Қўшма қарор билан 13 та йўналиш бўйича 50 дан зиёд аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Тадбирда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов иштирок этиб, маъруза қилди. Маърузада асосий урғу БРМ натижалари мониторинги, Ихтиёрий миллий ҳисоботларни тайёрлашда фуқаролик жамияти институтларининг иштироки масалаларига қаратилди.

Қайд этилишича, Bertelsmann/SDSN томонидан ҳар йили чоп этиладиган 2022 йил учун БРМ индекси ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 77-ўринни эгаллаган (тадқиқотга киритилган 163 мамлакат ичида). Ўзбекистоннинг кўрсаткичи (69,9 балл)дан маълум бўладики, мамлакат 17 та БРМ бўйича энг яхши натижага эришиш йўлининг ўртача ҳисобда 69,9 фоизини босиб ўтди. Бу кўрсаткич бўйича Финляндия (86,2 балл), Дания (85,6), Швеция (85,2) етакчилик қилмоқда. МДҲ давлатлари орасида биринчи ўринни 76 балл билан Беларус Республикаси эгаллаб турибди.

“Юксалиш” ҳаракати раисининг таъкидлашича, БРМга эришишда парламент, жумладан, депутатлик комиссияси иштироки ниҳоятда муҳим. БРМга эришишнинг яна бир муҳим омили – жамоатчилик иштироки ва жамоатчилик назорати. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар жараёнларига жамоатчиликнинг жалб этилаётгани бунинг далилидир. 2022 йилда Ҳаракат томонидан ҳудудларда 149 та жамоатчилик мониторинги ва 57 та жамоатчилик эшитуви тадбирлари ташкил этилди.

Бундан ташқари, 2020 йилда “Юксалиш” ҳаракати Ўзбекистонда БРМга эришиш бўйича биринчи Ихтиёрий миллий ҳисобот лойиҳаси муҳокамасида қатнашди. Ҳисобот муҳокамаларида вазирлик ва идоралар, парламентарий, республиканинг барча ҳудудларидаги ННТ фаоллари, БМТ ва бошқа халқаро тузилмаларнинг 400 дан ортиқ вакиллари иштирок этди. Жорий йилда иккинчи Ихтиёрий миллий ҳисоботнинг мамлакатлар шарҳи муҳокамасини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Давра суҳбати якунида “Юксалиш” ҳаракати, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Барқарор ривожланиш маркази БМТ Бош Ассамблеясининг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисидаги Олий Мажлис ва Сенат палаталари Кенгашлари қарорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича уч томонлама ўзаро ҳамкорлик Меморандумини имзолади.

Халқаро тадбир Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Барқарор ривожланиш маркази, Фридрих Эберт номидаги жамғарма (Германия)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати