@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Меҳнат қонунчилигидаги ислоҳотлардан хабардорликни оширишга қаратилган туркум маслаҳат учрашувлари бошланди

 2022-12-15 13:14:09   |     Просмотров: 2553

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Франциянинг Техник ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги (ACTED)нинг Ўзбекистондаги филиали билан ҳамкорликда ННТлар, касаба уюшмалари, жамоатчилик вакиллари, фаол фуқаролари иштирокида “Меҳнат қонунчилигидаги ислоҳотлар бўйича хабардорликни ошириш” мавзусида туркум маслаҳат учрашувларини бошлади. 

Тадбирларнинг дастлабкиси жорий йилнинг 13 декабрь куни Қарши шаҳрида ва 15 декабрь куни Бухоро шаҳрида ўтказилди. Мақсад — фуқаролик жамияти вакилларининг янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси бўйича хабардорлигини ошириш. 

Қайд этилишича, Янги Меҳнат кодекси ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларининг мувозанатини таъминлаш ҳамда уларни мувофиқлаштириш асосида якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солади. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини ишлаб чиқишда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар, жумладан Германия, Швеция, Норвегия, Буюк Британия, Латвия, Эстония, Япония, Жанубий Корея ҳамда МДҲ давлатлари тажрибаси чуқур ўрганилган.

Кодекс меҳнат ҳуқуқининг айрим институтларига бағишланган ва бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш каби янги нормаларни ўз ичига олган.

Кодексда ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш чоғидаги кафолатлар белгиланмоқда. Хусусан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш тўғрисидаги қарорларни ушбу кечиктириш келтириб чиқарган йўқотишларни иш берувчига бир вақтнинг ўзида қисман ёки тўлиқ компенсация қилиш орқали олти ой муддатгача тўхтатиб туриши мумкин.

Ўзбекистонда ходимларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларига риоя қилиш ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш масаласи юқори даражада кўриб чиқилмоқда. Нисбатан қисқа вақт ичида туб ўзгаришлар рўй берди, бу эса, шубҳасиз, одамлар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг барча асосий Конвенцияларини ратификация қилган бўлиб, энг сўнггиларидан бири “Бирлашмалар эркинлиги ва бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 87-сонли Конвенциядир. Мамлакатимизда ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда касаба уюшмаларининг роли юқори баҳоланади.

Маслаҳат учрашувлари иштирокчилари экспертлар кўмагида янги таҳрирдаги Кодекс бўйича тўлиқ ахборотга эга бўлишди. Шунингдек, меҳнат қонунчилигидаги янгиликлар билан танишиб, жойларда меҳнат қонунчилигини амалга ошириш ва унга риоя қилинишини қандай тезлаштириш кераклиги бўйича ўз таклифларини беришди.

Навбатдаги маслаҳат учрашувлари 2023 йилнинг январь ойида Фарғона, Сирдарё, Нукус, Тошкент шаҳарларида бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Ушбу маслаҳат учрашувлари Буюк Британия ҳукумати молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Иқтисодий тараққиёт учун самарали бошқарув” (EGED) дастурининг 2-устуни бўлмиш “Шаффоф ва ҳисобдор иқтисодий сиёсат учун фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш” доирасида ташкил этилмоқда.

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати