@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Давлат-хусусий шериклик асосида болалар боғчаларини ташкил қилиш: сўралган тадбиркорларнинг кўпи танлов жараёни шаффоф ва холис эмас, деб ҳисоблайди

 2022-11-30 18:16:47   |     Просмотров: 2775

30 ноябрь куни Тошкент шаҳрида “Давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассасаларини ташкил этишда ва уларнинг фаолиятида ноҳалоллик хавфи омиллари” мавзуидаги тадқиқот натижаларининг жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди.

Тадқиқот 2020 йилдан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти (Словения) ҳамкорликда амалга ошириб келаётган “Ўзбекистонда биринчи антикоррупция лабораторияларини яратиш” лойиҳаси доирасида ўтказилди.

Бугунга қадар турли гуруҳ респондентлар (413 нафар) ўртасида ижтимоий сўровлар ўтказиш ишлари якунланди. Сўровларга республикамизнинг 7 та ҳудуди — Тошкент, Бухоро, Андижон, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва пойтахтдаги туман мактабгача таълим бўлимлари, ҳокимликлар, банклар вакиллари, давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари, тарбияланувчиларнинг ота-оналари жалб қилинди.

Институционал-ҳуқуқий таҳлил ва ижтимоий сўровларнинг дастлабки натижалари айрим давлат-хусусий шериклик жараёнлари ва тартибларининг самарасизлигини, коррупция хавфи омиллари борлигини кўрсатди.

Бюрократия ва ҳужжатлаштиришнинг мураккаблиги. Респондентлар гуруҳларининг аксарияти давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим муассасалари учун лойиҳа ҳужжатларини тайёрлашни қийин, деб ҳисоблайди. Хусусан, тадбиркорларнинг 25 фоизи ариза бериш тартибини мураккаб, 17 фоизи шаффоф эмас, 10 фоизи ўта бюрократик деб атаган.

Туман ҳокимликлари вакилларининг учдан икки қисми, тадбиркорларнинг ярми ва туман мактабгача таълим бўлимларининг ҳар учинчи мутахассиси давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани тайёрлаш ва расмийлаштириш тартибини соддалаштириш зарурлигини таъкидлаган.

Шаффоф бўлмаган рақобат. Сўровда иштирок этган тадбиркорларнинг ярмидан кўпи (53%) танлов жараёни очиқ ва холис эмас, деб жавоб берган. Ҳар учдан бир қисми баъзи тендерлар белгиланган мақсадларга эришиш учун эмас, балки фақат бюджет маблағларини ўзлаштириш учун ўтказилади, деб ҳисоблайди.

Шу билан бирга, туман ҳокимликлари ва мактабгача таълим бўлимлари мутахассисларидан иборат респондентларнинг деярли ҳар бешинчиси тадбиркорлар комиссия аъзоларига шахсий хизмат кўрсатиш, нуфузли шахсларни жалб қилиш ёки пул мукофотлари бериш орқали танлов натижаларига таъсир кўрсатади, деб ҳисоблайди. Саралашда иштирок этган тадбиркорлар 22 фоизининг ҳам танлов комиссияси қарорига таъсир қилиш механизмлари мавжудлигига ишончи комил.

Туман ҳокимликлари вакилларининг қарийб 36 фоизи саралашда шаффофликни таъминлаш зарурлигини, туман мактабгача таълим бўлимлари мутахассисларининг 74 фоизи очиқ ахборот тизимини жорий этишни таклиф қилмоқда.

Субсидияларни кечиктириш. Туман мактабгача таълим бўлимлари вакилларининг учдан бир қисми имзоланган шартномалар бўйича субсидиялар ўз вақтида тўланмаганини билдирган. Вакилларнинг ҳар тўртдан бири тадбиркор томонидан қўшимча субсидиялар олиш мақсадида мактабгача таълим муассасаларидаги болаларнинг ҳақиқий сонини ошириб кўрсатиш ҳолатлари ҳақида маълум қилган. Шу билан бирга, ҳар иккинчи вакил субсидиялар/кредитлар кечиктирилган/берилмаган тақдирда, хусусий шерик, масалан, компенсация/жарималар шаклида кафолатларга эга эмаслигини таъкидлаган.

Қоидабузиш ва санкциялар. Туман мактабгача таълим бўлимлари вакилларининг 68 фоизи тадбиркор билан ўзаро муносабатларда ҳалоллик қоидаларини бузган давлат ҳамкорига нисбатан қандай жазо чоралари қўлланилиши ҳақида билмайди. 73 фоизи тадбиркорлар учун бу каби санкциялар мавжудлигидан бехабар.

Сўровда қатнашган туман ҳокимликлари вакилларининг учдан бир қисми хусусий тадбиркор томонидан мактабгача таълим муассасалари фаолиятини давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этишда ҳисобот бериш талаблари бузилаётганини таъкидлаган. Ҳокимлик мутахассисларининг 27 фоизи, банклар вакилларининг 58 фоизи тадбиркорларда молиявий қонунбузарликлар бор, деб ҳисоблайди.

Туман мактабгача таълим бўлимлари вакилларининг 47 фоизи тадбиркорлар педагогика, 42 фоизи молиявий фаолиятни ташкил этиш, 36 фоизи кадрлар сиёсатида малакали эмас, деб ҳисоблайди. Вакилларнинг учдан бир қисми тадбиркорлар ахлоқ нормаларини бузаётганига, ҳар бешинчиси тадбиркорларнинг зарур бошқарув малакасига эга эмаслигига ишончи комил.

Шу каби тадқиқот натижалари аниқланган хавф-хатарларни пасайтириш бўйича тавсиялар билан жараённинг асосий иштирокчиларига тақдим этилди. Экспертларнинг коррупцияга қарши курашиш стратегиялари ва коррупция хавфини баҳолаш методологияси бўйича маърузалари тингланди. Коррупция хавфининг аниқланган омилларини камайтириш ва давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳалар самарадорлигини ошириш учун ҳамжиҳатликда иш олиб бориш таклиф этилди.

Муҳокама якунида амалдаги қонунчиликка коррупция хавфини камайтиришга доир ўзгартишлар киритиш бўйича тавсиялар Мактабгача таълим вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашига киритилиши таъкидланди.

Тадбир “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти (Словения) ҳамкорлигида ташкил этилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати