@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Ўзбекистоннинг 6 та шаҳрида тузилган “Ёш маслаҳатчилар кенгаши” аъзолари учун воркшоп ташкил этилди

 2022-11-22 15:17:59   |     Просмотров: 1005

Аввал хабар қилинганидек, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ЮНИСЕФ Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда ҳамда Швейцария ҳамкорлик агентлигининг молиявий кўмагида "Болалар ва ёшлар учун дўстона маҳаллий бошқарув” ташаббусини амалга оширмоқда. Ташаббус учун Ўзбекистоннинг 6 та вилоятидаги 6 та шаҳар танлаб олинган. Булар: Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳри, Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри, Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳри, Андижон вилоятининг Асака, Хоразм вилоятининг Янгибозор ва Қорақалпоғистон Республиканинг Бўстон шаҳарчалари.

Ташаббус доирасида барча олтита шаҳарда “Ёш маслаҳатчилар кенгаши” тузилди. Кенгаш аъзолигига ҳар бир ҳудуддан 8 нафардан фаол, мақсад сари интилувчан, янги билимларни ўзлаштиришни, тажриба ва малака оширишни истаган 16—24 ёш оралиғидаги ёшлар саралаб олинди. Бу уларга яшаб турган ҳудудидаги болалар ва ёшлар ҳаётини янада яхшилашда, улар ҳаётига оид қарорлар қабул қилинишида бевосита иштирок этишига имконият беради.

18—22 ноябрь кунлари “Ёш маслаҳатчилар кенгаши” аъзолари учун воркшоп (маҳорат дарси, билим ва тажриба алмашинуви) ташкил этилди. Мақсад – Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция (12 ва 13-моддаларига урғу берилган ҳолда) асосида болалар ва ёшларнинг ҳуқуқлари, улар ҳаётига тааллуқли ҳар қандай маслани ҳал этиш чоғида қарашлари ҳисобга олиниши кераклиги борасида хабардорлигини ошириш, маҳаллий ҳокимлик органлари ва Ёш маслаҳатчилар кенгаши ўртасида дастлабки “мулоқот майдони”ни яратиш.

Тадбирда Кенгаш аъзоларига ҳокимликлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан “Болалар ва ёшлар учун 2023 йилга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси” тақдимот қилинди. Ўзаро муҳокамалардан сўнг, ЮНИСЕФ тренерлари кўмагида Ҳаракатлар режаси доирасида жойларда сўровномалар ўтказиш воситалари бўйича маълумот берилди. Иштирокчилар жамоаларга бўлинган ҳолда болалар ва ёшлардан фикрларни тўплаш усулларини ишлаб чиқишди.

Шунингдек, воркшоп иштирокчиларига БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ҳақида интерфаол, савол-жавоб тарзида ахборот тақдим этилди ҳамда тарқатма материллар берилди.

Маълумки, ушбу Конвенция Нью-Йорк шаҳрида 1989 йил 20 ноябрда қабул қилинган ва 1990 йил 2 сентябрь куни кучга кирган. У 54 та моддадан иборат.  Ўзбекистон Республикаси мазкур Конвенцияга 1992 йил 9 декабрда қўшилган ва 1994 йил 29 июлдан кучга кирган.

Куннинг иккинчи ярмида ЮНИСЕФнинг "U-Report" платформаси тақдимот қилинди. Бугунги кунда ушбу платформадан 30 дан ортиқ давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари ёшлар билан мулоқот қилиш учун фойдаланмоқда. Шу кунга қадар 100 дан ортиқ сўровлар ўтказилди ва ёшларнинг фикри 10 дан ортиқ ижобий ўзгаришлар ва қарорлар қабул қилишга ёрдам берди.

Тадбир якунида режалаштирилган ишларни янада самарали ташкил этиш, ёшлар ва маҳаллий ҳокимлик билан алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида шу йилнинг декабрь ойида “Ҳоким ва ёшлар” учрашувларини ўтказишга келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, Ташаббус якунида лойиқ деб топилган 3 та иштирокчи шаҳар “Болалар ва ёшлар учун дўстона шаҳар” мақомига эга бўлади. Шаҳарларнинг маҳаллий бюджетига ёшлар билан ишлаши учун қўшимча маблағ ўтказиб берилади. Ташаббус 2023 йил декабрга қадар давом этади.

Маълумот учун: “Болалар ва ёшлар учун дўстона шаҳар” глобал ташаббуси ЮНИСЕФ томонидан 1996 йилда илгари сурилган. Ўзбекистон 2021 йил июль ойида ушбу глобал Ташаббусга расман қўшилди.

Бугунги кунда ушбу Ташаббус дунё бўйлаб 3 000 та шаҳар, 30 миллион нафар болалар ва ёшларни қамраб олган.

 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати