@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Хоразмда давлат ва ҳудудий дастурлар ижроси қандай?

 2022-09-17 11:23:00   |     Просмотров: 1153

Жорий йилнинг 16 cентябрь куни Урганч шаҳрида 2022 йилги Давлат дастури ва Ҳудудий дастурларнинг 1 сентябрга қадар Хоразм вилоятидаги ижроси юзасидан Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш бўйича вилоят жамоатчилик гуруҳи аъзолари ва жамоат ташкилотлари иштирокида ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати  Б.Бекмуродов, Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари М.Умурзақов, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят бўлими раҳбари С.Абдикаримова, Тараққиёт  стратегиясини қўллаб-қувватлаш бўйича вилоят жамоатчилик гуруҳи аъзолари, экспертлар, давлат ва жамоат ташкилотлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Хабар берилганидек, йил бошида Хоразм вилоятидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, экспертлар ва маҳалла фаолларидан иборат 21 нафар таркибда Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш жамоатчилик гуруҳи ташкил этилган эди.

Бугунги кунгача Тараққиёт стратегиясини қўллаб-қувватлаш бўйича вилоят жамоатчилик гуруҳи аъзолари иштирокида Урганч шаҳри ва Урганч туманида Давлат дастурининг 6, 71, 162, 165, 168, 193, 211, 227, 253, 310-бандлари ижроси юзасидан ўнга яқин жамоатчилик мониторинглари, жамоатчилик эшитувлари  ўтказилди. Ўтказилган мониторинглар, эшитувлар натижасида аниқланган масалалар Халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман Кенгашларида муҳокама қилинди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “2022—2026 йилларда Хоразм вилояти ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғриси”ги қарорининг 71-бандига асосан умумтаълим мактабларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга оид вазифалар ижроси ўрганилди. Шунингдек, тажриба-синов тариқасида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш масалалари ҳам ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича вилоят ҳокимлигига таклиф-тавсиялар киритилди.

Таъкидланганидек, Давлат дастурининг вилоятда ижросини таъминлаш бўйича 5 бўлим 55 банддан иборат комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.  1 сентябрь ҳолатига 30 та банднинг  ижроси таъминланди. 25 та бандда “йил давомида” амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, уларнинг ижросини таъминлаш давом этмоқда.

Келаси беш йилда Хоразм вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид Ҳудудий дастурнинг 16 та банди бажарилиб, шундан 3 та банд муддатидан олдин бажарилган. 6 та банд белгиланган муддатларида бажарилмаган. Хусусан, 36-бандда (бажарилиш муддати апрель-августь) 2022 йилда 60 гектар майдонда замонавий иссиқхоналарни қуриш белгиланган. Бугунга қадар 29,5 гектар майдонда 10 та иссиқхона тўлиқ ишга туширилиб, қолган майдонларда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. 30,5 гектар майдонга иссиқхоналар ҳали қуриб-битказилмаган.

56-бандда (бажарилиш муддати май-июль) Европа тикланиш ва таққиёт банки иштирокида “Хоразм вилояти канализация тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш” лойиҳаси бўйича қурилиш ишларини бошлаш белгиланган эди. Бугунги кунда Урганч, Хива, Питнак шаҳарлари ва Гурлан шаҳарчаси канализация тизимини реконструкция қилиш ҳамда қуриш бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан Россия ва Англия компаниялари томонидан лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

58-бандда (бажарилиш муддати май-август) “Шовот-Қораўзак” темир йўл линиясида қуриладиган “Гурлан” темир йўл вокзали атрофига хизмат кўрсатиш шаҳобчаларини жойлаштириш белгиланган. Ҳозирги кунда “Гурлан” темир йўл вокзалини қуриш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда, аммо ишлар ҳали якунига етмаганлиги сабабли банд ўз муддатларида бажарилиш жараёни кечикмоқда.

74-бандда (бажарилиш муддати май) Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиали негизида мустақил олийгоҳ ташкил қилиш белгиланган. Бугунги кунда Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалини институт мақомидаги мустақил олийгоҳга айлантириш таклифи бўйича ишлаб чиқилган қарор лойиҳаси кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирилигига тақдим қилинган.

84-бандда (бажарилиш муддати май-июль) IT соҳасини янги босқичга олиб чиқиш учун, ҳорижий ҳамкорлар билан биргаликда IT кластер фаолиятини йўлга қўйиш, ушбу кластер лойиҳаси доирасида Халқаро Университет, Муҳаммад ал-Хоразмий рақамли технологиялар форуми ташкил этиш, IT-кластерини ташкил қилиш юзасидан тақдимот материалларини тайёрлаш, Халқаро ҳамкорларни аниқлаш ҳамда ҳамкорлик йўналишларини белгилаш ва ҳамкорлик келишуви (меморандуми)ни имзолаш, Вазирлар Маҳкамасига лойиҳани амалга ошириш юзасидан таклиф киритиш ҳамда лойиҳани амалга ошириш чора-тадбирлари ва механизмлари белгиланган. Аммо тақдим этилган маълумотларда фақат Урганч шаҳрида “Ал-Хоразмий” мажмуасини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида Президент қарори лойиҳаси тайёрланганлиги, “Ал-Хоразмий” мажмуаси ҳудудида IT кластер фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилганлиги кўрсатилган.

Йиғилиш якунида таҳлилларга мувофиқ, келгусида Ҳудудий дастурнинг ўз муддатларида бажарилиши кечикаётган ҳамда тўлиқ бажарилмаётган бандларнинг ҳолатини жамоатчилик гуруҳи аъзолари иштирокида жойларга чиқиб ўрганиш таклифи билдирилди.

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати Хоразм вилояти ҳудудий бўлинмаси