@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Антикоррупция лабораторияси — Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишнинг янги йўналиши

 2022-09-14 16:26:15   |     Просмотров: 2675

АҚШ Давлат департаментининг Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти бюроси (INL) вакили Лиза А.Жонсон хонимнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Словениянинг “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда коррупция хавфи ва ноҳалолликни баҳолаш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. 

Тадбирда Коррупцияга қарши курашиш лабораторияси лойиҳаси тақдимот қилинди.

Таъкидлангандек, 2020 йилдан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти (Словения) билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда биринчи антикоррупция лабораторияларини яратиш” лойиҳасини амалга ошириб келмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш лабораторияси Ўзбекистон учун коррупцияга қарши курашнинг янги йўналишига айланди. Ушбу экспертлик платформаси статистик маълумотлар, медиа-контент, илмий материаллар, қонунчилик, мамлакат бўйлаб мақсадли гуруҳлар ўртасида ўтказилган сўровлар ва халқаро тажрибани таҳлил қилишнинг турли усулларидан фойдаланган ҳолда коррупция хавфи омилларини ўрганиш имконини беради. 

Илк, экспериментал босқич болаларни бошланғич мактабга қабул қилишда коррупция хавфини ўрганишни ўз ичига олган. Савол-жавоб ва суҳбатлар республиканинг барча ҳудудларини қамраб олди. Тадқиқот аввалдан ишлаб чиқилган методология бўйича халқаро стандартларга мувофиқ ҳамда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро экспертлар ва тадқиқотчилар кўмагида олиб борилди.

Тадқиқотга 14 та вилоятдаги 114 та мактабдан жами 4 920 нафар респондент, шу жумладан, 114 нафар мактаб директори, 1 563 нафар бошланғич синф ўқитувчиси, 3 243 нафар ота-она қамраб олинди. Натижалар бўйича бир-бирига узвий боғлиқ бўлган 5 та асосий коррупциявий хатарларнинг омиллари аниқланди.

Коррупцияга қарши курашиш лабораторияси ишининг иккинчи босқичи доирасида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш ва фаолиятида ноҳалолликнинг хавф омилларини баҳолаш кўзда тутилган. Тадқиқот еттита тажриба “пилот” ҳудудни ва ДХШ жараёнига жалб қилинган бешта мақсадли аудиторияни – 370 га яқин респондентни қамраб олиш режалаштирилган.

Шунингдек, тадбир давомида коррупция хавфини баҳолаш ва метотологияси тақдимоти ўтказилди. Таъкидлангандек, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан уларнинг ҳудудий бўлинмалари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларнинг фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни мажбурий баҳолаш тартиби белгиланди.

Баҳолаш жараёнлари "E-Anticor.uz" электрон платформасида амалга оширилиши ва натижалари кенг жамоатчилик учун очиқ эълон қилиб борилиши қайд этилди.

Давлат ташкилотлари фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш жараёнлари бўйича ягона амалиётни шакллантириш мақсадида жорий ийлнинг 31 август куни Коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиёти тасдиқланди. Унга кўра, давлат ташкилоти томонидан коррупциявий хавф-хатарлар ҳар йили 1 мартгача баҳоланади. Коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш махсус бўлинма ёки ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади.

Давлат ташкилоти фаолиятидаги (вазифа ва функциялардаги) коррупциявий хавф-хатарлар ички ва ташқи ахборот манбалари асосида аниқланади. Коррупциявий хавф-хатарларнинг даражаси паст, ўрта, юқори ўлчовларда баҳоланади.

Коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш натижалари асосида давлат ташкилотининг умумлаштирилган коррупциявий хавф-хатарлар харитаси ишлаб чиқилади ва “E-anticor.uz” электрон платформасига ҳар йили 1 февралга қадар киритилади.

Платформада жойлаштирилган давлат ташкилотларининг коррупциявий хавф-хатарлар харита лойиҳалари асосида автоматик равишда коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри шакллантирилади.

Давлат ташкилоти раҳбари ҳар йили 1 мартгача коррупциявий хавф-хатарлар харитаси ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича дастурини “E-anticor.uz” электрон платформаси орқали тасдиқлайди. 

Давра суҳбати иштирокчилари фуқаролик жамиятини жалб қилган ҳолда коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилишди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати