@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Болалар ва ёшлар учун дўстона маҳаллий бошқарув” ташаббусига Термиз шаҳрида старт берилди

 2022-09-10 22:43:10   |     Просмотров: 1169

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ЮНИСЕФ Болалар жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда  “Болалар ва ёшлар учун дўстона маҳаллий бошқарув” ташаббусини амалга оширади.

Ушбу Ташаббус маҳаллий бошқарув тизимида болаларнинг ҳуқуқлари, фикри ва эҳтиёжлари давлат сиёсати, дастурларнинг ажралмас қисми бўлган шаҳарларни яратишга ёрдам беради. Маҳаллий ҳокимликларнинг ўз фаолиятини болалар ва ёшларга мос тарзда режалаштиришини, ресурсларни тақсимлашини, назорат қилишини қўллаб-қувватлайди.

Бугунги кунга қадар Ташаббусни амалга ошириш учун Ўзбекистоннинг 6 та вилоятидаги 6 та шаҳар танлаб олинди. Булар: Андижон вилоятининг Асака шаҳри, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳри, Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри, Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳри, Хоразм вилоятининг Янгибозор шаҳри ва Қорақалпоғистон Республиканинг Бўстон шаҳри.

Жорий йилнинг 8 сентябридан 29 сентябрига қадар барча танланган шаҳарларда вазиятни ўрганиш ва илк баҳолаш ишлари режалаштирилган.

Дастлабки манзил Термиз шаҳри бўлиб, 8—10 сентябрь кунлари давомида ҳокимлик ва ишчи гуруҳ Ҳаракат дастурини ишлаб чиқиб, муҳокама қилди. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Сурхондарё вилояти бўлинмаси раҳбари, вилояти ҳокими маслаҳатчиси Гулмира Амирова, Термиз шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Камол Ашуров, ЮНИСЕФ экспертлари Лола Маҳмутхонова ва Ҳаётулло Исмоиловлар сўзга чиқиб, ушбу Ташаббуснинг аҳамиятига тўхталиб ўтишди.

Ташаббусни амалга ошириш учун Термиз шаҳрида зарур шарт-шароитлар мавжудлигини ўрганиш мақсадида шаҳар ҳокимлиги, 12-17 ҳамда 18-24 ёшдагилар ўртасида сўровлар ўтказилди.

Ташаббус иштирок этаётган шаҳарларга нима беради?

  • Маҳаллий ҳокимлик органларига техник ва услубий ёрдам кўрсатиш;
  • Маҳаллий ёшлар фаоллиги, ташаббускорлиги ва малакасини ошириш;
  • Маҳаллий ёш авлоднинг ҳокимлик органларига ишончи ва ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;
  • Шаҳар имиджини ошириш ва дўстона шаҳар сифатида тан олиш.

Ташаббус якунида лойиқ деб топилган 3 та иштирокчи шаҳар “Болалар ва ёшлар учун дўстона шаҳар” мақомига эга бўлади. Шаҳарларнинг маҳаллий бюджетига ёшлар билан ишлаши учун қўшимча маблағ ўтказиб берилади.

Ташаббус муддати: 2022 йил январь ойидан 2023 йил декабрь ойига қадар

Қайд этиш керак, республикамиз аҳолисининг 55 фоизини ёшлар ташкил этади ва улар юртимиз келажаги ва салоҳиятидир. 20 йилдан сўнг бугунги болалар ва ёшлар Ўзбекистон тарихидаги энг катта ишчи кучига айланади. Бугун ёш авлоднинг салоҳиятини оширишга (таълим, малака, соғлиқни сақлаш) киритилаётган инвестиция эртага мева бера бошлайди, яъни айнан шу болалар ва ёшлар Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини янги босқичга олиб чиқиши мумкин. Ҳукуматимиз томонидан ёшларни қўллаб-қувватлашга, ёшлар билан ишлаш сиёсатини такомиллаштиришга давлатнинг устувор йўналиши сифатида энг юқори даражада эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ёшлар уй-жойга эга бўлишига, таълим олишига, бандлигига, ижтимоий ҳимояланишига катта маблағлар ажратилмоқда. Давлат раҳбари ёшлар билан мунтазам мулоқотда бўлиш зарурлигини таъкидлайди. Бу борада “Ҳоким ва ёшлар” учрашувлари, Ёшлар парламентлари мулоқот учун майдонга айланиб улгурди. Вазирлар, Ёшлар ишлари агентлиги ва Президентнинг ўзи ёшлар билан тез-тез учрашмоқда. 

Ташаббус мазкур ишларнинг мантиқий давоми бўлиб, у ёшлар билан ишлашда тизимли ёндашувларни таклиф этади.

Маълумот учун: “Болалар ва ёшлар учун дўстона шаҳар” глобал ташаббуси ЮНИСЕФ томонидан 1996 йилда илгари сурилган. Ўзбекистон 2021 йил июль ойида ушбу глобал Ташаббусга расман қўшилди.

Бугунги кунда ушбу Ташаббус дунё бўйлаб 3 000 та шаҳар, 30 миллион нафар болалар ва ёшларни қамраб олган.

 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати