@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

"Parabellum" жамоаси баҳс-мунозара турнири финалида ғалаба қозонди

 2022-08-13 15:02:00   |     Просмотров: 1698

10 август куни Фарғона давлат университети қошидаги "Дўстлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик" маркази базасида якуний баҳс-мунозара турнири бўлиб ўтди. Финалда икки жамоа – "Parabellum" ва "Лидерлар" ғолиблик учун кураш олиб боришди.

Эслатиб ўтамиз, олти ой давомида Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган "Марказий Осиёда бағрикенглик ва тинчлик учун трансчегаравий кўп томонлама мулоқот" лойиҳаси доирасида фарғоналик ўрта мактаб ўқувчилари, талабалар ва ташаббускор ёшлар учун мавзули мунозара дастурлари ва 10 та мунозара турнирлари ташкил этилган эди. 

Якуний баҳслар "Саноатнинг ўсиши жамият тузилмасини бузади ва зўравонликни келтириб чиқаради" мавзусида ўтказилди. Иштирокчилар ушбу мавзуни қўллаб-қувватлаш ва рад этиш учун ўз далилларини тайёрлашди. Бир жамоа етакчилари аргументларни, иккинчи жамоа эса қарши далилларни илгари суришди. Баҳслар конструктив руҳда ўтди.

Турнир "Parabellum" жамоасининг ғалабаси билан якунланди. Ушбу ёшлар жамоаси бу каби баҳс-мунозараларда бир неча бор муваффақиятли иштирок этишган, уларнинг танқидий фикрлаш, аргументларни тўғри келтириш маҳорати финал баҳсида тенгдошлари устидан ғалаба қозонишга ёрдам берди.

Ғолиб жамоанинг ҳар бир аъзосига планшет, 2-ўрин соҳибларига "ақлли соат" совға қилинди.

Кейинги босқич - ҳудудий ёшлар форуми бўлиб, унда уч мамлакатнинг энг яхши жамоалари, баҳс-мунозара турнирлари ва дастурларининг фаол иштирокчилари ўзаро баҳслашади.

Эслатиб ўтамиз, лойиҳа К.Аденауэр номидаги жамғарма бошчилигидаги консорциум билан учта мамлакатдаги ҳамкорлари — “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати (Ўзбекистон), “BIOM” экологик ҳаракати (Қирғизистон) ҳамда “Гендер ва тараққиёт” жамоат ташкилоти (Тожикистон) томонидан амалга оширилмоқда.

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати