@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Қорақалпоғистонда ННТ вакиллари билан учрашув ўтказилди

 2022-08-20 16:56:00   |     Просмотров: 961

Жорий йилнинг 19 август куни Нукус шаҳрида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов Қорақалпоғистон Республикасида фаолият олиб бораётган фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан маслаҳат учрашуви ўтказди.       

Мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, давлат органлари ва ННТлар ўртасида ижтимоий шериклик муносабатларини ҳамда долзарб масалаларни ҳал этишда ҳамкорлигини кучайтириш, давлат ва жамият бошқарувида, қарорлар қабул қилишда ННТларнинг иштирокини ошириш, бунга зарур шарт-шароитлар яратиш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.

ННТлар манфаатларини ифода этиш, давлат билан улар ўртасида кўприк вазифасини ўташ мақсадида ташкил этилган мазкур учрашувда иштирокчиларнинг ташаббус ва таклифларига, фаолиятида дуч келаётган муаммоларига қулоқ тутилди. Жумладан вазирлик ва идораларнинг ННТлар билан биргаликда ишлашида ҳамон қийинчиликлар бор, ижтимоий буюртма олиш учун кафолат хати олишда муаммолар мавжуд, айрим давлат органлари бу жараёнга ҳатто қизиқмайди. “Ўзбекистон Махсус Олимпиадаси” Республика жамоат бирлашмаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари Гулшат Турсимуратова бир неча марта давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари билан учрашувларда ногиронлиги бўлган шахслар – Бирлашма аъзолари учун спорт комплекси, сузиш ҳавзаси ташкил этиб беришини сўраб келишини, аммо натижа бўлмаётганини  айтди. ННТ вакиллари экология, туризм, ишлаб чиқариш, бандлик масалаларида ҳам дуч келаётган муаммоларига тўхталиб ўтишди. 

Шу билан бирга, ҳудудий ННТлар вакилларининг шахсий ривожланиш, салоҳиятини ошириш борасидаги таклиф ва тавсиялари тингланди. Давлат ташкилотларининг ННТлар билан узвий ишлаш механизмларини яратиш, қорақалпоғистонлик талабаларнинг бизнес форумини ўтказиш, давлат раҳбарининг ННТлар билан учрашувини ташкил этиш шулар жумласидан.

Маслаҳат учрашуви якунида Қорақалпоғистонда  фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларини янада ривожлантириш, вазирлик, ҳокимлик, идоралар билан ННТларнинг ҳамкорлиги учун очиқ майдонларни яратиш, ННТлар фаолияти очиқлигини таъминлаш юзасидан тавсиялар берилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати