@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Юксалиш” ҳаракати БМТнинг Ўзбекистондаги тузилмалари билан ҳамкорликни ривожлантиради

 2022-05-23 18:01:00   |     Просмотров: 2658

Жорий йилнинг 23 май куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Роли Астхана билан учрашди. Томонлар келгуси ҳамкорликни ривожлантириш жиҳатларини муҳокама қилди.

Роли Астхана фикрига кўра, “Юксалиш” УМҲнинг ислоҳотларга “пастдан юқорига” тамойили асосида кўмаклашиш фаолияти Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га мос келади. Бу борада ташкилотнинг жамоатчилик овозини давлат органларига етказишдаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади ва ҳамкорлик қилишнинг бешта йўналишини таклиф этди:

  • ҳудудлардаги фуқаролик жамияти институтлари вакиллари фаолияти билан танишув, уларнинг эҳтиёжларини яхшироқ тушуниш ва янги ташкил этилаётган БМТнинг кўпшериклик мақсадли жамғармаси маблағларидан самарали фойдаланиш;
  • БРМни ҳудудларда локаллаштириш ва маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорлик қилиш;
  • жойларда ўтказиладиган жамоатчилик эшитувларида, шу жумладан ҳудудларда Барқарор ривожланишнинг миллий мақсад ва вазифаларини амалга ошириш бўйича эшитувларда иштирок этиш;
  • БМТ Бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммаднинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида (9 июнь) фуқаролик жамияти вакиллари, хусусан, фаол аёллар билан Тошкентда учрашувини ташкил этишга кўмаклашиш;
  •  Жорий йилнинг 24 октябрида БМТ кунини биргаликда нишонлаш.

Ўз навбатида, Б.Бекмуродов “Юксалиш” УМҲ лойиҳаларини қўллаб-қувватлаётгани учун БМТ оиласига миннатдорлик билдирди ҳамда Ҳаракатнинг мақсад ва вазифалари билан таништирди. Фуқаролик жамиятини ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган 27 та БМТ Конвенциялари ижроси мониторинг қилиш борасидаги фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, Барқарор ривожланиш мақсадлари Ўзбекистон ҳудудларига ҳали тўлақонли етиб бормаганини, бунинг учун аниқ режа, ушбу режа ижросини назорат қилиш механизми кераклигини, жойларда жамоатчилик эшитувларини ўтказишга кўмаклашиш зарурлигини қайд этди.

Шу йилнинг октябрь ойида “Юксалиш” ҳаракати томонидан Марказий Осиё фаол фуқаролари форумини ўтказиш режалаштирилган. Форум доирасида БМТ куни муносабати билан Фуқаролар ташаббуслари кунини ташкил этиш таклифи билдирилди. Бундан ташқари, Марказий Осиё медиаклубини ташкил қилиш, минтақа ОАВларини умумий таҳдидлардан хабардорлигини ва имкониятларини ошириш, Марказий Осиёнинг кучли экспертларини бирлаштирадиган, уларга минтақавий ва глобал муаммоларни муҳокама қилиш учун майдон бўладиган Мустақил экспертлар альянсини яратиш каби ғояларни қўллаб-қувватлашда кўмак сўралди.

Учрашувда томонлар айтилган ташаббусларни ҳамкорликда амалга ошириш ва иш режасини ишлаб чиқишга келишиб олди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати