@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

“Ёшлар—U-Report—ҳоким” мулоқоти: Бухоро ёшлари учун хорижий тилларни ўрганиш имкониятлари кенгаяди

 2022-05-23 11:22:39   |     Просмотров: 1856

Жорий йилда Ўзбекистон бўйлаб ўтказилаётган “Ёшлар—U-Report—ҳоким” ҳудудий мулоқотининг учинчи нуқтаси – Бухоро вилояти бўлди. Тадбир “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда ва вилоят ҳокимлиги кўмагида ташкил этилди.

Мулоқотда U-Report лойиҳасининг глобал координатори Каролайн Мухвези (Нью Йорк) ҳамда маҳаллий бошқарув органлари, жамоат ташкилотлари, журналист ва блогерлар қатнашди. Унда U-Report платформаси орқали 2021 йилда ўтказилган "Чет тилларини ўрганишда қандай муаммолар бор?" ҳудудий сўрови натижалари муҳокама қилинди. Бухоролик ёшларнинг чет тилларини ўрганишда дуч келаётган тўсиқ ва муаммоларини ўзларидан эшитиш ва ўрганишга урғу берилди.

Ўтган йилнинг октябрь ойида ўтказилган ушбу сўровнома Бухоро вилоятининг барча туман ва шаҳарларидан 4 400 нафардан ортиқ ёшларни қамраб олди.

Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг катта қисми (60%и) чет тилларини қўл остидаги мавжуд ресурслар орқали ўрганади: уларнинг 34 %и давлат таълим муассасаларида, яна 26 %и уйда мустақил равишда. Фақат 22 %и тил ўрганиш учун пуллик хизматлардан фойдаланади.

Респондентлар, шунингдек, Бухоро вилояти ҳокимлигидан қандай ёрдам кутишлари ҳақида ҳам айтишди: 28%ига ўқув курсларида чегирмалар, 13%ига Интернет билан таъминланишда, 11%ига маҳаллаларда ўқув курсларини ташкил этишда ёрдам керак, яна 12%и дарс сифати оширилишини истайди.

Ҳоким, "Юксалиш" ҳаракати ва ЮНИСЕФнинг масъуллари қатнашган мулоқотда сўровномада билдирилган ёшларнинг мурожаатлари инобатга олиниб, ёшларнинг чет тилларини ўрганишини қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Жумладан, вилоят ҳокими ўринбосари Мирали Ҳамроев таълим муассасаларини ўқув материаллари билан таъминлаш давом этаётгани, бугунги кунда умумтаълим мактабларининг 2 791 нафар чет тиллари ўқитувчиларига инглиз, немис ва француз тилларидаги зарур адабиётлар, дарсликлар хариди учун 1 млн сўмдан пул маблағи ажратилганини маълум қилди. 2021/2022 ўқув йилидан “Чет тилларини ўқитадиган энг яхши мактаб” танлови ўтказилаётганини, бунда ўқитувчиларнинг чет тилини ўқитиш сифатини ошириш, педагогларни рағбатлантириш мақсад қилинганини қўшимча қилди. Ғолиблар шаҳарлар ва туманлар кесимида 100 млн сўмдан, вилоятлар даражасида 250 млн сўмдан пул олишган. Ушбу маблағлар таълим сифатини оширишга йўналтирилган.

Бундан ташқари, Бухоро вилоятининг чет тилларини ўқитишга ихтисослашган 14 та мактабга лингвистика синф хоналарини жиҳозлаш учун 1,8 млрд сўм маблағ берилган. Бундай мактабларда ўғил қизларнинг тил ўрганиш салоҳиятларини ривожлантириш мақсадида ҳар бир шаҳар ва туманда "LLL Language Learning Lab” (“Эркин мулоқот майдонлари”) яратилди.

Бу йўналишдаги ишлар давом эттирилмоқда. Раҳбарият ҳудуд ёшларининг тил ўрганиш салоҳиятини оширишни, уларнинг ташаббус ва бошлаган ишларини қўллаб-қувватлашдан манфаатдор.

Мулоқот давомида ёшлар, хусусан, талабалар, волонтёрлар томонидан хорижий тилларни ўрганиш истаги бор-у, лекин, молиявий имконияти бўлмаганларга волонтёрлик асосида тил ўргатиш хизматларини кенгайтириш таклифлари билдирилди. Имконияти чекланган (кўзи ожиз) ёшлар учун махсус адабиётлар зарурлиги, шунингдек, ёшларнинг малакасини ошириш учун хориждан мутахассисларни таклиф этиш зарурлиги таъкидланди.

Вилоят ҳокимлиги U-Report волонтёрларининг ёш волонтёр-ўқитувчиларни чекка ҳудудларда траснпорт ва бино билан таъминлаш ташаббусига ҳайрихоҳлик билдирди. Волонтёр-ўқитувчилар илк дарсларини Қоровулбозор туманидан бошлашлари кутилмоқда, чунки U-Report сўровида қатнашган респондентларнинг аксарияти ушбу туманда ўқитувчилар етишмаслигини қайд этган.

Мулоқот якунида барча таклифларни амалга оширишнинг аниқ муддатлари кўрсатилган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, уларнинг ижроси устидан мунтазам жамоатчилик мониторингини олиб боришга қарор қилинди.

U-Report глобал координатори Каролайн Мухвези маҳаллий даражада қарорлар қабул қилинишида ёшлар иштироки қандай таъминланаётгани билан таништирилди. Муҳими, 250 нафардан зиёд ёшлар ўз фикр ва таклифларини очиқ айта олди ва уларни вилоят раҳбарлари эшитди.

Эслатиб ўтамиз, “Ёшлар—U-Report—ҳоким” ҳудудий мулоқотлари шу пайтга қадар Навоий ва Андижонда ўтказилди. Навбатдагилари Жиззах ва Наманганда ташкил этилиши режалаштирилган.

 

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати