@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Фарғона давлат университетида “Тренд” дебат клуби очилди

 2022-03-31 14:27:00   |     Просмотров: 1758

Бугун, 31 март куни Фарғона давлат университети қошидаги Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик маркази негизида “Тренд” дебат клубининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоятнинг шаҳар ва туман маҳаллаларидаги олий ўқув юртлари талабалари ва ёшлари иштирок этди.

Дебат клуби Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган, Конрад Аденауэр номидаги жамғарма бошчилигидаги консорциум билан учта мамлакатдаги ҳамкорлари — “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати (Ўзбекистон), “BIOM” экологик ҳаракати (Қирғизистон) ҳамда “Гендер ва тараққиёт” жамоат ташкилоти (Тожикистон) томонидан амалга оширилаётган “Марказий Осиёда бағрикенглик ва тинчлик йўлида трансчегаравий ва соҳалараро мулоқот” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси, ушбу дебат клубининг раҳбари Даврон Тешабоев ёшларни лойиҳа ташаббускорлари фаолияти, шунингдек, Клубнинг мақсад ва вазифалари билан яқиндан таништирди. Таъкидланганидек, уч иштирокчи давлатнинг чегарадош ҳудудларида миллатлараро дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик ғояларини илгари суриш мақсадида очиқ мулоқот майдончалари шакллантирилмоқда. Ташкилотчилар Фарғона давлат университети қошидаги Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик маркази фаол, илғор фикрли ёшларни жалб қилувчи масканга айланишидан, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўғил-қизлари ўртасида конструктив мулоқот майдони сифатида хизмат қилишидан умид қилмоқда.  

Дебат клуби модератори С.Тўйчибойзода ва етакчиси Н.Саидова иштирокчилар билан танишув ўйинларини ўтказди, дебат турнирларининг қоидалари ва форматлари билан таништирди. Ёшларга машҳур дебат клублари ва дебатчиларнинг чиқишлари акс этган видеороликлар намойиш этилди.

Иштирокчилар ўзаро дебат баҳсларини ҳам ўтказишди: 2 гуруҳга бўлинган ҳолда “Мамлакатда лотереялар фаолиятини тақиқлаш керакми?” мавзусида фикр билдиришди. Иккала гуруҳ ҳам ўз позицияларини ҳимоя қилиш учун дўстона муҳитни сақлаб қолган ҳолда, қарама-қарши фактларни келтиришди.

Шунингдек, иштирокчилар учун викториналар уюштирилди, ғолибларга совғалар улашилди.  

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати