Ал-Хоразмий майдони реконструкцияси: пудратчи-ташкилотни танлаш бўйича тендер эълон қилинди
Пойтахтнинг Чилонзор туманидаги Ал-Хоразмий майдонини реконструкция қилувчи пудратчи ташкилотни танлаш бўйича тендер эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг июнь ойида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши ва Ўзбекистон экологик қурилиш кенгаши билан ҳамкорликда Чилонзор туманида жойлашган Ал-Хоразмий майдонини қайта тиклаш бўйича ёш архитектор-дизайнерлар учун танлов эълон қилганди. Мақсад — буюк алломанинг бутунжаҳон меросини ҳамда математика фанини оммалаштириш.
Иштирокчилардан “математиклар боғи”нинг ландшафт дизайни концепциясини таклиф этиш сўралганди. Танлов натижаларига кўра, “Insard Architects” архитектура бюроси ғолиб деб топилди. Концепцияда Ал-Хоразмийнинг меросини ва математикани оммалаштиришга, анъаналар билан замонавий тенденциялар ва технологияларнинг уйғунлашувига урғу берилган. Ландшафт дизайнида майдон ҳудудидаги дарахтларни ҳамда ўзига хос хусусиятларини сақлаб қолиш назарда тутилган. Бу ерда спорт ва болалар майдончаларини, амфитеатр ва томошабинлар учун, интерфаол ва маърузалар учун ҳудудларни барпо этиш ҳам режалаштирилган.
Ал-Хоразмий майдонини қайта тиклашнинг дастлабки босқичини амалга ошириш учун маблағларнинг бир қисми (900 млн сўм) концепцияни openbudget.uz ташаббусли бюджетлаштириш платформасига жойлаштириш орқали олинди. Ушбу маблағлар қурилиш ишларининг буюртмачиси сифатида фаолият юритувчи ва барча зарур тартиб-қоидаларни амалга оширувчи Чилонзор тумани ҳокимлигининг ҳисоб рақамига келиб тушди. Лойиҳани, шунингдек, халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг Чилонзор ва Учтепа туманларидан сайланган депутатлари ҳам қўллаб-қувватламоқда.
Жорий йилнинг 9 март куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси раҳбари Дилшод Шоумаров Чилонзор тумани ҳокими Шавкат Мавлонов билан майдоннинг ўзида учрашди. Томонлар маҳаллий аҳолини лойиҳа ҳақида ўз вақтида хабардор қилиш, уни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Ҳаракат қошидаги “Шаҳарсозлик тўлқини” ташаббуси фаоллари пойтахт ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши вакиллари билан биргаликда Ал-Хоразмий майдонини реконструкция қилишнинг барча босқичлари устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати