@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Инвестициялар, экспорт, "тўсиқсиз туризм" инфратузилмаси масалалари бўйича жамоатчиликка ахборот берилди

 2022-01-31 19:05:00   |     Просмотров: 1788

Жорий йилнинг 31 январь куни 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини ташкил этиш, шунингдек, кўзда тутилган мақсадли кўрсаткичларга эришиш юзасидан жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди. Жамоатчилик муҳокамаси “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирда Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг масъул раҳбарлари Давлат дастурида белгиланган вазифалар доирасида амалга ошириладиган ишлар ва бу борадаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари юзасидан кенг жамоатчиликка ахборот тақдим этди.

Жумладан, Давлат дастурининг 103-бандга мувофиқ инвестициялардан самарали фойдаланиш ҳамда экспорт ҳажмларини ошириш бўйича, “пастдан-юқорига” тамойили асосида, янги тизимни йўлга қўйиш;

120-бандга кўра ташқи бозор ва халқаро талабларга жавоб берадиган стандартларни жорий этиш ва машҳур брендларни жалб қилиш;

175-бандга мувофиқ тўсиқсиз туризм инфратузилмасини мамлакатнинг асосий туризм шаҳарларида кенг жорий қилиш;

359-бандга мувофиқ Ўзбекистоннинг Европа мамлакатлари ва Европа Иттифоқи (ЕИ) институтлари билан савдо-иқтисодий, сув, энергетика, транспорт  ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларини ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик шаклларини қўллаб қувватлаш ва бошқа шу каби вазифаларнинг моҳияти юзасидан масъулларнинг фикрлари тингланди.

Муҳокама давомида ташқи қарз ҳисобидан ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларда амалга оширилаётган лойиҳаларни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш, инвестициялардан самарали фойдаланиш ҳамда экспорт ҳажмларин ошириш бўйича бажариладиган ишлар, қайси ҳудудларда, халқаро талабларга жавоб берадиган стандартларни ишлаб чиқишда қандай тамойилларга эътибор қаратилиши, қайси жаҳон брендларини жалб қилиш режалаштирилгани, “тўсиқсиз туризм” инфратузилмасини яратиш зарурияти  каби масалаларда батафсил ахборот берилди.

Тадбирда ҳудудларда тараққиёт стратегияси ва давлат дастури билан белгиланган вазифалар тегишли вазирлик ва идорлар, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, маҳаллий ҳокимликлар томонидан тўлиқ бажарилиши ва мазкур топшириқлар бажарилиши юзасидан жамоатчилик эшитувлари ва мониторинг тадбирларини мунтазам равишда танқидий ёндашган ҳолда доимий равишда ўтказиб бориш жамоатчилик назоратида бўлиши зарурлиги таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси 7 йўналиш 100 та мақсаддан, “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастури жами 398 банддан иборат бўлиб, бу борада батафсил маълумот “Jamoatchilik.uz” платформасига жойлаштирилган. Платформада Тараққиёт стратегияси ҳамда Дастур ижроси юзасидан фикр-мулоҳазалар қолдириш имконияти яратилган.

 “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати