@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Яна 20 нафар нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари “ННТлар мактаби”ни тамомлади

 2021-11-26 17:32:21   |     Просмотров: 2173

23—26 ноябрь кунлари Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан 20 нафар нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) вакиллари навбатдаги “ННТлар мактаби” доирасида ташкилий ривожланиш йўналишлари бўйича ўз билим ва кўникмаларини оширишга муваффақ бўлди. Ўқув машғулотлари “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Конрад Аденауэр фондининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси молиявий кўмагида ташкил этилди.

Мақсад — ташкилий ривожланиш, илғор тажрибалар билан алмашиниш учун майдон яратиш ва бу асосида ННТ вакилларининг лойиҳалар ёзиш ва уларни бошқариш, фандрайзинг ва краудфандинг соҳаларидаги салоҳияти ва малакасини ошириш.

Жумладан, ўқув машғулотларидан бири Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш соҳасидаги қонунчиликдаги янгиликлар, жойларда ижтимоий аҳамиятга эга муаммоларни ҳал қилишда ННТларнинг лойиҳалари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга бағишланди. Адлия вазирлиги мутахассислари ННТлар фаолиятининг ҳуқуқий жиҳатлари, ҳисобот бериш тартиби, режалаштирилган, шу жумладан хорижий донорлар ва ҳамкорлар иштирокидаги тадбирлар ва лойиҳалардан хабардор қилиш тартиби ҳақидаги саволларга батафсил жавоб берди. 

Иштирокчилар малакали тренерларнинг маъруза шаклидаги мини-сессиялари, амалий машғулотлари ва маҳорат дарслари давомида стратегик бошқарув ва лойиҳалар ёзиш бўйича янги билимларни ўзлаштирди, зарурий ҳужжатлар, қоидалар ва амалиёт учун тайёр қўлланмага (инструмент) эга бўлди.

Бундай шаклдаги ўқув машғулотлари фуқаролик жамияти фаолларига сифатли таълим олиш, яқиндан танишиш, ўзаро билим ва тажриба алмашиш, ННТлар учун долзарб бўлган муаммоларни муҳокама қилиш ва биргаликда ечим излаш имкониятини ҳам беради.

Эслатиб ўтамиз, “ННТлар мактаби” лойиҳаси 2020 йилда йўлга қўйилди. Ўтган йилнинг 15—19 декабрь кунлари Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан 15 нафар, жорий йилнинг 22—26 февраль кунлари Хоразм ва Навоий вилоятидан ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан 20 нафарга яқин ННТ ходимлари ушбу мактабни тамомлади. 7—10 сентябрь кунлари Жиззах вилоятида ўтказилган тўрт кунлик интенсив машғулотларда мамлакатимизнинг турли вилоятларидан келган яна 20 нафар ННТ вакиллари иштирок этиб, сертификатларга эга бўлди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати