@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Туркия Республикаси Туризм ва спорт вазири ўринбосари маслаҳатчиси Али Иҳсан Чағлар билан учрашув

 2021-11-23 19:34:00   |     Просмотров: 1202

23 ноябрь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов Туркия Республикаси Туризм ва спорт вазири ўринбосари маслаҳатчиси Али Иҳсан Чағларни қабул қилди.

А.Чағлар 2017—2020 йилларда Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги — ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари лавозимида фаолият олиб борган.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, меҳмон Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги давлатлараро муносабатлар сўнгги йилларда ривожланиб ва мустаҳкамланиб бораётганлигини, айниқса сиёсий, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ҳамкорлик ўз натижаларини бераётганлигини, бу эса тили, дини ва маданияти бир бўлган ҳар икки халқ учун ҳам манфаатли эканлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, у ўзи Ўзбекистонда ишлаган даврида бошланган барча соҳалардаги ислоҳотларни эътироф этиб, мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришларни ижобий баҳолади. Айни пайтда Туризм ва спорт вазирлигидаги фаолияти ва имкониятидан келиб чиқиб, икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларни янада кучайтиришга ҳисса қўшиш нияти борлигини билдирди.

Б.Бекмуродов меҳмонга мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ҳаракатнинг бу борадаги фаолияти тўғрисида сўзлаб берди.

Мулоқот давомида томонлар хорижда ишлаётган ва таълим олаётган ватандошлар билан ҳамкорликни янада кучайтиришга, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан ташкил этилган Тошкент мунозара клуби форумларида иштирок этиш ва Ўзбекистондаги “ақл марказлари” билан ҳамкорлик қилишга келишиб олишди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати