@uzbyuksalish

Telegram

@uzbyuksalish

Яна 116 та эҳтиёжманд оила Европа Иттифоқидан моддий ёрдам олди

 2021-10-08 14:28:00   |     Просмотров: 3246

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда “Тараққиёт” аҳоли турмуш тарзини ривожлантириш маркази томонидан Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида “Ўзбекистоннинг чекка қишлоқ ҳудудларида пандемия шароитида қарорлар қабул қилишда аҳолининг эҳтиёжманд қатлами иштирокини ошириш” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Лойиҳанинг асосий мақсади – маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда қишлоқ аҳолисининг эҳтиёжларини баҳолаш ва манзилли ёрдам кўрсатиш, маҳаллий кичик инфратузилмани тиклаш ва яхшилаш бўйича инклюзив ёндашувларни амалга оширишдан иборат.

Лойиҳа давомида Андижон, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларининг олис қишлоқ худудларидаги аҳолига ёрдам кўрсатишга кўмаклашиш кўзда тутилган. Булар:

  • 12 та чекка қишлоқ ҳудудидаги 350 та эҳтиёжманд оилага пул маблағи тарқатиш;
  • Кичик инфратузилма (ички йўллар, кичик кўприклар, электр симлари ва устунлари, трансформатор, сув насослари ва бошқа)ни такомиллаштириш;
  • ОШП ва ҚВПларни COVID-19га қарши махсус тўпламлар билан таъминлаш.

Бугунги кунга келиб, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва “Тараққиёт” аҳоли турмуш тарзини ривожлантириш маркази вакиллари республиканинг учта вилоятидан 6 та туман ва 12 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги эҳтиёжманд оилалар рўйхатини шакллантирди ҳамда инфратузилма муаммоларини аниқлади.

Иккинчи босқич – Самарқандда

Жорий йилнинг 5 октябрь куни Пахтачи туманида ва 6 октябрь куни Қўшработ туманида ташкил этилган тадбирда лойиҳа доирасида қилинган ишлар ҳақида ахборот берилди. Қайд этилганидек, мазкур лойиҳанинг иккинчи босқичи жорий йилнинг июль ойида Самарқанд вилоятида ўтказилди. Лойиҳа мезонларидан келиб чиқиб, қуйидаги маҳаллалар танлаб олинди:

  • Пахтачи туманидан — “Дўнг” ва “Гулобод” МФЙлари;
  • Қўшработ туманидан — “Юқори Жўш” ва “Тоз” МФЙлари.

Ўтган вақт мобайнида ушбу 4 та маҳалла фуқаролар йиғинининг раислари, фаоллари, туман ҳокимликлари ва мутасадди ташкилотлардан тузилган ишчи гуруҳ аъзолари, шунингдек, Қишлоқ оилавий поликлиникалари мудирлари иштирокида маслаҳат учрашувлари бўлиб ўтди. Уларда эҳтиёжманд оилалар ва инфратузилма муаммолари аниқлаб олинди. Аҳоли фикрига кўра, инфратузилма бўйича электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви таъминоти, ички йўлларни ва кўприкларни таъмирлаш, эскирган электр симлари, ёғоч устунларини алмаштириш каби масалалар долзарб бўлиб турибди. Лойиҳа доирасида тумандаги мутасадди идоралар билан биргаликда ҳар икки МФЙдаги ёғоч устунларни темир-бетон устунларига алмаштиришда кўмаклашиш режалаштирилди.

Шунингдек, Пахтачи туман тиббиёт бирлашмасига қарашли "Қурбон Ражабов" ҳамда "Қораминос" оилавий шифокорлик пунктлари шароитлари ўрганилди. Ушбу ОШПларга зарур тиббий воситаларни харид қилиш учун тендер эълон қилинган бўлиб, ҳозирда амалий саъй-ҳаракатлар бошланган.

Тадбирда эҳтиёжманд деб топилган 116 нафар фуқарога моддий ёрдам тариқасида пул маблағлари (пластик картада 3 730 800 сўмдан) ҳамда сертификат топширилди.

Бепул ҳуқуқий маслаҳат

Тадбирда, шунингдек, аҳолининг эҳтиёжманд қатламига биринчи ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ташаббуси, “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда акция ташкил этилди. Унда Пахтачи ва Қўшработ туманларининг ҳуқуқий маслаҳат бюролари мутахассислари томонидан фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Эслатиб ўтамиз, 21-22 сентябрь кунлари Жалақудуқ туманининг "Намуна" ва "Ғалаба" МФЙларида яшовчи 58 та ҳамда Хонобод шаҳрининг "Истиқлол" ва "Навоий" МФЙларида яшовчи 58 та, жами 116 та эҳтиёжманд оила вакилларига 3 млн 779 минг 100 сўмдан пул маблағи пластик карталарда моддий ёрдам тариқасида берилди. 

Маълумот учун: Лойиҳа жараёнлари https://t.me/aholiga_yordam Телеграм-канали орқали ёритиб келинмоқда.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати